ОДДИЙ ВА КАМТАРИН ИЖОДКОРНИНГ ЗИЁБАХШ ҚАЛБИ
Ҳаётда шундай инсонлар бўлади: билимдон, ҳатто олим, ўз касбининг устаси лекин ана шу илми, олимлик мақоми, катта тажрибасини амалда намоён этишга келганда суст. Бу тоифа инсоннинг олимлиги-ю илми, касбий тажрибаси ҳам ўз қобиғидан чиқиб, эл-юртга манфаат келтириши амримаҳол. Шу боис, улар ҳаётга фаол аралашиш, имкониятларини амалиёт билан қўшиб олиб бориш хислати йўқлигидан одамлар назаридан четда қолишади. Яна бир тоифа инсонлар борки, заррагина учқундан аланга ҳосил қилишга қодир, қалблари оддийгина ҳаёт гўзалликларидан ҳам яшнаб, мангу уйғоқ, чашма каби қайнаб туради.
Агар таъбир жоиз бўлса, менинг бугунги қаҳрамоним айнан ана шундай фазилатлар соҳибаси, ижодкор, оддий қишлоқ аёли. Мен уни илк марта 2003 йилда “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририятига: “шеърларимни кўриб беринг, агар маъқул бўлса...”, дея ийманибгина кириб келганида кўрганман. Ўша пайтда 55-сонли умумтаълим мактабида кутубхоначи бўлиб ишлайдиган Зуҳра Аҳмедова ўзининг оқкўнгил ва самимийлиги билан, қолаверса, ўзига хос ижод услубига эгалиги билан аввал таҳририят жамоасига, кейинчалик вақт ўтиши билан “Тараққиёт кўзгуси” ва “Менинг оилам” газеталари обуначиларига, мазкур газеталар орқали Аму элига танилди.
Зуҳра Аҳмедова табиатан синчков, кузатувчан ижодкор. Назаримда у қаерда бўлишидан қатъий назар, инсон кўнгли, инсоннинг ўзига хос манзараларини теран нигоҳ, чуқур фикрат билан кузатиб, ўрганади. Ана шу кузатишлари, ўрганишлари ўлароқ дунёга келган “Турмуш чорраҳаларида” туркумидаги ҳаётий ҳикоялари ёритилган газеталарни обуначилар қизиқиш, ҳатто ҳайрат билан ўқишади. Ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа бунга яққол мисол. Зуҳра Аҳмедова қаламига мансуб “Ношукр” ҳаётий воқеа газетада ёритилган кунлар эди. Амир Темур номли овулга Амударё телевидениесининг грант-лойиҳаси доирасидаги режавий тадбирни ўтказиш учун бордик. Тадбирда иштирок этаётган онахонлардан бири:
– Зуҳра Аҳмедова ҳақиқатни ёзибди, ўша воқеа бизнинг қишлоқда бўлган, мен унинг ҳамма ёзганларини ўқиб, воқеаларни аниқ билиб тураман, илоҳим, умри узоқ бўлсин. Шундай воқеаларни халққа рўй-рост айтиб турилса, бундай ношукр бандалар камаярди, – дедилар таассуротлари ҳақида сўз юритиб.
З.Аҳмедова ҳеч қачон ёзганларини баъзи қаламкашларга ўхшаб “тўқиб” ташламайди. “Турмуш чорраҳаларида” туркумидаги ҳаётий ҳикояларининг қаҳрамонлари орамиздаги одамлар, ўқиган кишига барчаси таниш туюлаверади. Бу ҳикоялар ўзининг маънавий-ахлоқий ва тарбиявий хусусияти билан ўқувчида ижобий таассурот уйғотади. Унинг “Подачи”, “Калиш ёки фидойилик”, “Хиёнат”, “Бемор”, “Кучукча” каби ҳаётий ҳикояларида яхшилик, тўғрилик, ҳалоллик каби инсоний фазилатлар улуғланиб, жамиятга ёт иллатлар, айниқса, ношукрлик, фирибгарлик, хиёнат, баднафслик каби салбий одатлар кескин қораланади.
Зуҳранинг шеърияти ҳам ўзига хос. Ўзига хослиги шундаки, у кўнглининг нозик кечинмаларини баландпарвоз иборалар орқали эмас, халқона, тўғрироғи, бахшиёна тарзда ифодалайди. Шеърларида ҳам ёмонлик, ёвузлик устидан эзгуликнинг ғалабасини тасвирлаш истаги кучли. Ватанни мадҳ этиш, яхшиликни, инсонийликни, халқпарварликни улуғлаш Зуҳранинг эзгу аъмоли.
У шеърият давраларига бутун ву-жуди шеърга айланиб кириб келади ва жўшиб, ҳамма нарсани унутиб, шеър ўқийди. Шунданми, Зуҳрани устоз журналист, шоир отахонимиз Саъдулла ака Хўжаниёзов: “Маяковский” деб атайдилар. Зуҳра ҳақиқатан ҳам буюк рус шоири Маяковский услубида шеър ўқиса, шеърият давраларининг энг зўр олқишлари ҳам уники бўлади.
Тиниб-тинчимас З.Аҳмедова ҳар гал пахта йиғим-терими мавсумида пахтакорларга ёрдам сифатида ташкил этиладиган халқ ҳашарининг ташаббускори ва энг пешқадами. У ҳар йилги пахта йиғим-терими мавсумида 3-3,5, баъзан 4 тоннагача пахта териб, фермерлар, туман раҳбариятининг эътиборини қозонган, қатор фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар соҳибаси ҳам .
Оилада эса қурувчиуста Саъдулланинг севимли умр йўлдоши, меҳрибон она, бағрикенг қайнона ва бувижон. Бир ўғил ва уч қизни эл-юртга муносиб фарзандлар қилиб тарбиялаган Зуҳра ўзи истиқомат қиладиган Ойбек номли маҳаллада ибратли оила соҳибаси сифатида эътибор топган.
– Яқинда уйимизга келин келди, – дейди қувонч билан Зуҳрахон елиб-югуриб хизмат қилаётган келинига меҳр билан боқиб. – Қизларим учта эди, тўртта бўлди!
Зуҳрахоннинг қизлари ҳам бири-биридан одобли, маънавиятли, билимдон. Катта қизи Зумрадхон ҳамшира, икки ширин фарзанднинг онаси, оилапарвар келин. Нафосатхон Ўзбекистон Миллий Университетида, Адолатхон эса Қорақалпоқ Давлат Университетида таҳсил олишмоқда.
Ўғли Қудратжон ҳам қўли гул қурувчи-уста, ҳар бир ишда ота-онасига кўмакдош.
Айни пайтда З.Аҳмедова ўз ижод маҳсулларини китоб ҳолида чоп эттириш ва мухлисларига ҳадя этиш орзусида. Унинг шеърияти алоҳида, ҳаётий ҳикоялари алоҳида китоб бўлгулик. Сермаҳсул ижодкор З.Аҳмедовага:
– Асло ижод қилишдан тўхтаманг, эл-юртга манзур, маънавий-ахлоқий тарбия воситаси бўлган ҳикояларингизни, жўшқин шеърларингизни кутиб қоламиз, оддий ва камтарин ҳаётингиз ва ижодингиз халқимиз қалбига зиё бахш этсин, – деймиз.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶