Кунлардан бир кун... маҳаллада
Тарбия
(Бўлган воқеа)
Қиз бола бири-бирига бегона инсонларнинг ўртасида қон-қариндошлик ришталари орқали ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини уйғотгани учун уни қадимдан момоларимиз: “ўзга боғда униб-ўсиб, ота маконга ифор бахш этган гулим”, дея меҳр кўшкида ардоқлашган.
Холидахоннинг Самарқанддай донғи оламни тутган гўзал шаҳардан Амударё деган, бепоён Қизилқумнинг бир четидаги ярим дашт, ярми чаман юртга келин бўламан, деган ўй-хаёл етти ухлаб тушига ҳам кирмаган. Тақдир экан-да, Нурбекжон билан юлдузи-юлдузига тўғри келдими, кўнгил майлига қулоқ тутган икки ёш институтни тугатибоқ турмуш қуришди. Ҳаётидан нолийдиган жойи йўқ, бир аёл ҳаётда эришиши мумкин бўлган орзуларига эришди. Уч қиз, бир ўғилни тарбиялаб, вояга етказишди. Қизларининг учаласи ҳам ота-онасининг касбини танлаб, ўқитувчи бўлдилар. Ўғли – олийгоҳ талабаси.
Ўтган ҳафтада Холиданинг учинчи қизи Асалга совчи келди. Қаердан денг. Жиззахнинг Зомин туманидан! Жиззахдан Нурбек билан Холидахоннинг уйини сўроқлаб совчилар келишса, ҳаммадан кўп хафа бўлган Холида бўлди.
– Шундан-шунга узатаманми қизимни? – ҳеч қабул қилаолмади у.
– Ўзинг-чи, ўзинг ҳам битта Нурбекни деб, ҳаммамизни ташлаб, Амударёни ватан қилмадингми? – Уни узиб-узиб олди опаси Хосият ая. – Норози бўлма, қиз бола отилган тош, тушган жойида гуллайди, қизингнинг кўнгли ўша томонда, зоминлик болада! Яхши одамлар экан, ҳаммалари ўқимишли, зиёли.
Тўй тадориги бошланиб кетди. Ҳамма нарса бадастр бўлиб, тўйга бир ҳафта қолганида Асал ўзини ғалати тута бошлади. Гоҳ ҳовлининг бир четида хаёлга чўмиб ўтириб қолса, гоҳ хонасига кириб, ғужанак бўлиб ётиб олади. Буни ота уйдан кетар палласидаги қиз боланинг ғамгинлигига йўйган Холида барибир кўнгли хижил бўлиб:
– Адолат, – деди катта қизига, – синглинг билан бир гаплашиб кўр, нимадандир хафага ўхшайди.
Адолат Асал билан узоқ суҳбатлашди ва онасига унинг бел соҳасида санчиқ борлиги, санчиқ пайдо бўлганида қийналаётганини, ўзини иссиқ тутса, бир-икки кунда ўтиб кетишини айтиб:
– Шамоллаган бўлса керак, қайғурманг, – деди-ю уйига жўнаб қолди.
Қайғурмай бўларканми, эрта-индин келин бўладиган қиз, тағин салкам 1000 чақирим олис юртга, бегоналар орасига-я! Холида қўярда-қўймай Асални шифокорга олиб борди.
– Гинекологга кўрсатинг, – деди уларни қабул қилган уролог-шифокор. – Буйраклари топ-тоза, муаммо йўқ.
– Гинеколог қабулига ёзилишди. Энди навбати етай деганида қўшни келин Меҳрибон келиб қолди. Шўх-шаддот, олди-ортига қарамай, баъзан қўпол ҳазиллар қилиб, кимларнидир ранжитиб қўядиган, ортидан ғийбат қилиб, ўзи тўқиган ғийбатлари чангалидан чиқаолмай, кўпинча уялиб қоладиган Меҳрибон Холидахонга дабдурустдан:
– Ҳа, Холида чеча, ёшликнинг сўнги, қариликнинг боши, деб ёшлардан қолишмай, дебсиз-да, неча ойлик бўлди? – деди хо-холаб куларкан.
Унинг бу гапидан бир дам ўзини йўқотиб қўйган Холидахон:
– Ҳай, Меҳрибон синглим-а, ҳазилинг ҳам бор бўлсин, невараларим бўйимга тенглашганда-я, қўй-а, энди бола туғиш ҳам, тарбиялаш ҳам сизларга, – деди атрофидаги ёш келинларга қараб, “тўғрими” дегандай.
Шу пайт уларнинг навбати етиб, шифокор қабулига кириб кетишди. Асални обдон текширувдан ўтказган гинеколог-шифокор:
– Ҳеч хавотир олманг опа, – деди Холидахоннинг қўлига бир парча қоғоз тутқазаркан. – Ҳаммаси жойида, қизингиз жиндай шамоллабдилар, мана бу дорини уч маҳал ичиб юрса, уч кунда ўтиб кетади.
– Турмушга бераётгандик, – яширмади Холидахон, – бир ҳафтадан сўнг тўй.
– Ҳа, шундайми, унгача дорини ичиб юрса, ўтиб кетади, бахтли бўлишсин, – табриклади шифокор.
Ҳақиқатдан ҳам икки-уч кундаёқ Асал ҳеч нарса кўрмагандай, яна қувноқ, хотиржам бўлиб қолди. Аммо...
Тўйдан бир кун аввал дугоналари билан шаҳарга кетган Асал кўзлари қизарган, хуноб бўлиб қайтди. Эмишки, Асал ҳомиладормиш, айбини яшириш учун узоқ юртдан куёв топганмиш, яна нима денг, куёвга иккинчи хотин бўлармиш!
Ё алҳазар! Бу гапга Холида қандай чидасин энди? Бирдан гинеколог-шифокорнинг қабулида учратгани, қўшни келин Меҳрибонни эслади. Шахд билан уйдан отилиб чиққан Холида дарвоза олдида маҳалланинг отинойиси, кўча бошчи Бибижон энага тўқнаш келди. Салом-аликни ҳам унутиб, онахоннинг қўлидан маҳкам тутиб олди:
– Вақтида келдингиз, энажон, юринг, Меҳрибонни бир кўриб келамиз.
Холидахоннинг овозидаги ғазаб аломатини сезган Бибижон эна остонада таққа тўхтади:
– Аввал айт, не можаро?
– Асал қизим ҳомиладор эмиш, энажон, – овози қалтиради Холиданинг.
– Бўлмаган гапни гапирма, Асалойни ҳаммамиз биламиз-ку!
– Юринг, Меҳрибон ҳаммадан яхши биларкан.
Бибижон эна қандайдир ғийбатнинг ҳидини сезиб, Холидага эргашди.
Меҳрибон келин ҳеч нарса бўлмагандай хо-холаганча уларни қарши оларкан, гужум тагидаги сўрида ўтирган қайнонасининг олдига бошлади. Ҳол-аҳвол сўрашгач, “нима гап, яна қандай ғийбатга аралашдинг?” дегандай қайнонаси Меҳрибонга тикилиб қаради. Меҳрибон негадир талмовсираб қолди ва:
– Мен чой..., – деганча ошхонага йўналди.
– Тўхта! – Кескин буюрди Бибижон эна. – Қани айт, Асалойга нима бўлибди?
Дабдурустдан берилган бу сўроқ Меҳрибонни тоғдай босди гўё.
– Нега индамайсан, бутун маҳаллага чиқиб гапирганда тилинг бурро эди, юзма-юз келганда соқов бўлиб қолдингми? – Холидахон азбаройи жаҳли чиққанидан терлаб кетди.
– Мен... мен... гинекологнинг олдига киришганларига...
– Гинекологнинг олдига ҳаммаям боради, шифокорга кўринганнинг барчаси ҳомиладор экан-да, сенингча. Уялмадингми, ён қўшнинг, ўз синглингдай бокира қизнинг устидан мағзава тўккани Худодан қўрқмадингми? Бу гаплар эртага қудаларнинг қулоғига етса, оқибати нима бўлади, шуни ўйламадингми?
Бибижон энанинг бу гапларидан қаттиқ изза бўлган Меҳрибон ғўлдираб қолди.
– Ҳазиллашмоқчи, ҳ-ҳазил...
– Нима?! – баланд овозда бақириб юборди қайнонаси ва хонтахтани муштлаб-муштлаб келинига қаттиқ танбеҳ берди. – Сенинг шу суяксиз тилинг бошингга етади, қилиқларинг, калтафаҳмлигингдан ер билан яксон бўлдим ҳозир. Кўч-кўронингни йиғиштир-да, кет! Ота-онангга бориб айт, мен бир бокира қизнинг бошидан мағзава тўкдим, қайнонам ҳайдаб юборди, де!
Маҳалланинг уч онахони олдида бошини эгиб қолган Меҳрибон базўр тилга кирди.
– Мени кечиринглар...
У бошқа гапира олмади, оғир қадамлар билан йиғлаганча уйига кириб кетди.
Асалнинг тўйи жуда чиройли ўтди. Холидахоннинг таъбирича: “тушган жойида тошдай қотди”, ҳар гал тўлиб-тошиб Манғитга келганида ота уйига ўзга эл – Зоминнинг хуш ҳаволарини олиб киргандай бўлади.
Меҳрибон эса... Шу воқеадан сўнг, камгап, камсуқум бўлиб қолди. Уни ўша куниёқ Бибижон эна билан қайнонаси яхшилаб “тарбиялаб” қўйган эди.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶