Аёлга эҳтиром
(Азиз ва муҳтарама опа-сингилларимга бағишлайман)
Қувончнинг ранги бор, мен уни кўрдим:
Етти иқлим аро бўлгудай чирой.
Унинг оғушида бахтни симирдим,
Унинг қаршисида ғариб қолди ой.
Шу латиф рангларга қоришиб кетган,
Файзиёб онларнинг гаштини сурдим.
Аёлнинг қўлида тебраниб турган,
Дунё бешикларин шу рангда кўрдим.
Шунчалар буюкми, қувонч шеваси –
Дунёни бағрига босгудай Аёл!
Қаранг-а! Юзида бахтнинг жилваси,
Кўзларида эса жаннатий хаёл!
"Инга”лаб улғаяр қўлида дунё,
Аёл қувончининг чегараси йўқ.
"Болам!” – деб эмраниб келганда гўё,
Дунё болаларин бегонаси йўқ.
Ана, кўрдингизми, туришларини,
Муҳаббати улуғ, меҳрда тенгсиз.
Ойдан-да сулувроқ кулишларини,
Боласига бериб ўтгувчи Денгиз!
Мен ҳам бола бўлдим азиз Онамга,
Ҳаётдай ифорли бағрига сингдим.
"Жоним”, - деб жондайин азиз боламга,
Талпиниб турмоқни ундан ўргандим.
"Болам!” – деб талпинсам кўнгилим аро,
Қувончлар рангида тўкилар ғазал.
Чўлпоннинг тилида аҳли шуаро,
Байт ўқир: "Ойдан-да, кундан-да гўзал!”.
Биламан, мўъжиза – Яратганга хос,
Яшамоқ – биз учун оддий қоида.
Худойимнинг ўзи қўйдими ихлос,
Жаннат рангин тўкмиш Аёл пойига!
Робия.
(Фото - http://uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶