ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН ДИЁРИДАГИ МАШҲУР МУЗЕЙ
Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти Нукус шаҳрида фаолият кўрсатаётган И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи ҳозирги кунда экспонатларининг кўплиги ҳамда ранг-баранглиги жиҳатидан бутун жаҳонга машҳур бўлган музейларнинг бириси ҳисобланади.
И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи 1966 йилда ташкил топган, 1984 йилдан эса И.В.Савицкий номи билан аталади.
Энди ушбу музейнинг ташкил топиши ҳақида икки оғиз сўз:
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Москвадаги Суриков номидаги рассомчилик институтида тахсил олаётган киевлик Игорь Витальевич Савицкий ўша институт билан биргаликда Самарқандга кўчирилган. У талабалик давридаёқ Ўзбекистонга, унинг бой тарихига қизиқиб қолади. У урушдан кейин ўз юртига қайтиб кетган бўлса ҳам уни бу қизиқиш яна Ўзбекистонга етаклайди. У аввал Хоразм археологик-этнографик экспедициясида, кейинчалик Ўзбекистон фанлар академиясининг Қорақалпоғистондаги филиалида ишлай бошлайди.
Қорақалпоқларнинг йўқолиб кетиш арафасида турган халқ амалий санъатига қизиқиб қолган Игорь Савицкий уни ўрганишга, сақлаб қолишга киришади. Овул ва элатларда юриб, жуда кўп тарихий аҳамиятга эга бўлган заргарлик, уй-рўзғор буюмлари, миллий либосларни тўплайди.
У шу давр ичида тасвирий санъат асарларини ҳам кўплаб йиғишга эришади. Қорақалпоқ элининг тарихий обидалари, табиат манзаралари, халқнинг турмуш тарзини ранг тасвир асарларида муҳрлашга ҳаракат қилади.
1966 йилга келиб у ўзи тўплаган нарсалари асосида алоҳида музей ташкил қилишга эришди. Кейинчалик у бутун диққат-эътиборини ушбу музейни ривожлантиришга қаратди.
Собиқ тузум даврида адабиёт ва санъат асосан социалистик реализм йўналишида ривожланган. Бошқа йўналишлар қаттиқ таъқиб остига олинган. Тасвирий санъатдаги авангард йўналиши ҳам шўро мафкурачиларининг таъқибига учраган эди.
Савицкий бутун иттифоқ бўйлаб қилган сафарлари чоғида "Халқ душмани” деган ёмон отлиқ бўлишдан ҳам қўрқмай, йўқолиб кетиш арафасида турган шундай йўналишдаги асарларни кўплаб тўплашга эришди. У тўплаган барча асарларни ўз музейига жамлади.
И.Савицкий 1984 йилда ўлимидан сал олдинроқ икки вагон ана шундай санъат асарларини Нукусга, ўз музейига жўнатади. Ҳозирги кунда рус авангард рассомлари асарлари сони бўйича Савицкий музейи машҳур Санкт-Петербург музейидан кейин иккинчи ўринда туради.
И.Савицкий вафотидан кейин, 1984 йилда бу музейга унинг номи берилади.
Жаҳонга машҳур бўлган мутахассислар ва йирик оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, мазкур музей Марказий Осиё минтақасидаги энг нодир санъат асарларини ўзида жамланган энг машҳур музейлардан бири ҳисобланади. Буюк Британиянинг "Гардиан” деб номланган машҳур газетаси бу музейга "Жаҳоннинг энг ажойиб музейларидан бири” деб таъриф берган бўлса, Альберт Гор ва Жак Ширак бу музейга "жаҳоннинг энг яхши музейларидан бири” дея баҳо беришган.
Айни кунда бу музейда 6 та бўлим – тасвирий санъат бўлими, Археология бўлими, Оммавий-маърифий бўлим, Халқ амалий санъати бўлими, Қайта тиклаш бўлими, Ҳисобга олиш ва сақлаш бўлимлари фаолият кўрсатмоқда.
Музейнинг тасвирий санъат бўлими энг йирик бадиий кашфиётлар мужассам бўлган жой ҳисобланади. Унда Қорақалпоғистоннинг миллий бадиий мактаби фаолият кўрсатаяпти, десак муболаға бўлмайди.
Музей фондида 1920-30 йилларда авангард рассомлар яратган асарлар тўпланган. Қорақалпоқ халқ усталари томонидан яратилган заргарлик, ёғоч ўймакорлиги, каштадўзлик, тўқимачилик (айниқса, ўтов жиҳозлари) ва бошқа асарлар амалий санъат бўлимида жамланган.
Қадимий Хоразм санъати бўлими музейнинг археологик гуруҳлари томонидан қўлга киритилган топилмалар ҳисобига янада бойимоқда. Тасвирий санъат бўлими тўплами, айниқса, серқирра: тўпламни қорақалпоқ рассомлари (И.Савицкий, К.Соипов, Ж. Қуттимуродов, Д.Тўраниёзов ва б.), Ўрта Осиё рассомлигининг кекса авлоди А.Волков, М.Қурзин, А.Николаев (Усто Мўмин), Н.Карахан, Ў.Тансиқбоев ва бошқаларнинг катта аҳамиятга эга бўлган асарлари ташкил этади. Шунингдек, 1920—30-йилларда фаол ижод этган рус рассомлари А.Шевченко, Р.Фальк, В.Мухина, И.Грабарь асарлари билан бир қаторда ижоди деярли ўрганилмаган.Р.Мазель, К.Редько, А.Сафронов ва бошқанинг асарлари ҳам қўйилган.
Музей экспонатлари монография (этюд, чизгидан тортиб то етук асарлар) тартибида тўплангани билан ҳам қимматлидир. Яна музейнинг ўзига хослиги экспонатларнинг зич жойланиши, экспозицияларда тўпламнинг тўлақонли намойиш этилишига эришилганидадир. Музейда санъат асарларини тўплаш, тарғиб этиш, каталоглар чоп этиш, кўргазмалар ташкил қилиш каби ишлар амалга оширилади. Музей қошида гиламчилик устахонаси ишлаб турибди; «Нукус музейининг дўстлари» клуби фаолият олиб боради, кўргазмалар уюштиради. Музей Халқаро музейлар қўмитаси (ИКОМ) аъзоси.
Музей 1968-69 йилларда Москвадаги Шарқ музейида Қорақалпоқ тўпламини илк бор намойиш этди. 1970 йилдан республика ва хорижий мамлакатлар (АҚШ, Франция, Германия, Италия, Япония, Россия ва б.)даги кўргазмаларда иштирок этади.
Ҳозирги пайтда И.В.Савицкий номидаги қорақалпоқ Давлат санъат музейи хазинаси 85 мингдан зиёд нодир эканпонатларни ўз ичига олади. Бу ерда эрамиздан аввалги учинчи асрдан то ҳозирги вақтгача бўлган давр ичида яратилган асарларни учратиш мумкин.
Бу музейга москвалик рассом И.Савицкийнинг саъй-ҳаракати ва у тўплаган қорақалпоқ Халқ амалий санъати асарлари негизида асос солинган. Бугун рус авангард рассомлари асарлари сони бўйича Савицкий музейи машҳур Санкт-Петербург музейидан кейинги иккинчи ўринда туради.
Музей экспонатлари асосан Қадимги Хоразм даври, моддий ва маданий ўзига хос тарихи, урф-одатлари ва қадриятларига эга бўлган қорақалпоқларнинг халқ амалий санъати намуналари, шунингдек, ўзбек, рус, қорақалпоқ рассомларининг сара тасвирий санъат асарларини ўз ичига олади.
Бугунги кунда кишиларнинг музей тўпламларига экспонатларига бўлган қизиқишлари тобора ортиб бормоқда. Шу сабабдан ҳам бу музейга ҳар йили 70 мингдан зиёд киши ташриф буюради. Шундан 3000 нафари фақат музейни томоша қилишга келган чет эллик саёҳатчилар ҳисобланишади. Ушбу музей орқали ўлкада туризмни янада ривожлантириш мақсадида кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Музей ходимлари томонидан Қорақалпоғистоннинг тарихий ёдгорликлари мавжуд бўлган жойларига кўплаб саёҳатлар уюштирилмоқда.
И.В.Савицкий номидаги Қоралпоғистон Давлат санъат музейи мамлакатимиз мустақиллиги даврида янада ривожланиб, унда намойиш этилаётган экспонатлар сони кўпайтирилди. Айни кунда бу музейга хорижий давлатлардан келаётган сайёҳлар сони тобора кўпайиб, уларнинг Қорақалпоқ ва ўзбек халқларининг тарихий аҳамиятга эга бўлган заргарлик, уй-рўзғор буюмлари, миллий либослари ва археологик топилмалар кўргазмаларига бўлган қизиқишлари тобора ошиб бормоқда.
Биз бутун жаҳон халқларининг диққат-эътиборини ўзига тортаётган бу музейимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ,
www.amunews.uz мухбири.
(Фото - sovminrk.gov.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶