МАНГУ ОЛОВ ЁНАР ЛОВУЛЛАБ...
Тарихнинг залворли саҳфаларида,
Қаддин тутиб турар маҳзун хотира.
Эрк, деган алпларнинг бўксаларида,
Муз қотган хотира, эзгин хотира...
Қатағон заҳридан тутдай тўкилиб,
Номаълум маконда отилди Ўзбек.
Айрилиқ, ҳижрондан қадди букилиб,
Умрлар ётибди сарғайиб куздек.
Шарқдан Олмон қадар йўллар – йўл эмас,
Бедарак йўқолган жангчилар қабри.
Анов жазираган чўллар – чўл эмас,
Оталар армони, оналар сабри.
Дарбадар кезинар бунда хотира,
Номсиз қабрларнинг пойига чўкиб.
Умидлар ранги ҳам заъфарон, хира,
Бунда кузак юрар хазонлар тўкиб.
Ахир ўтиб кетди оналар бўзлаб,
Хотира кўшкида армонлар қалаш.
Юрак сирларини тунларга сўзлаб,
Навжувонлар ўтди ҳижронга талаш.
Юрагим зардобга кетади тўлиб,
Эсласам Ўзбекнинг болаларини.
Ғарб-у Афғонларда хазондай сўлиб,
Хазондай тўкилган лолаларини.
Уларнинг изида армонли дунё,
Армонли кўнгиллар бўзлаб турибди.
Тош одам – ҳайкаллар пойида гўё,
Миллатлар боласин излаб юрибди.
Миллатлар... Неча алп, арслонларини –
Закий ўғлонларин берган урушга.
Асрашиб озодлик қўрғонларини,
Матонат пойига чўккан фаришта...
О маним фариштам! Ватан фидоси –
Мардларни улғайтган жафокаш онам.
Кутиш онларининг топмай адосин,
Айрилиқ домига бош қўйган санам!
Бугун Ватан озод! Мунаввар осмон,
Миллатлар эҳтиром тожини кийган.
Азиз фарзандларин ҳар шаҳр-у ёвон,
Ўчмас хотиралар кўшкига қўйган.
Мангу олов ёнар. Ёнар ловуллаб,
Тинчлик деганларнинг оташ юраги!
Олов... Олов эмас, мангу ловуллаб,
Болаларин кутган Ватан юраги!
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶