СЎЗ ЭРКИНЛИГИ ВА МАСЪУЛИЯТ
Бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик жамият барпо этиш жараёнида сўз ва фикрлаш эркинлиги таъминланаётгани жуда муҳимдир. Бу – фикрлар ва қарашлар хилма-хиллигига, фуқароларнинг демократик жараёнларда тўлақонли иштирок этишига замин яратади.
Бизнинг юртимизда жамиятни ҳаракатга келтирувчи куч ҳисобланмиш фуқароларнинг ўз фикр мулоҳазаларини, қарашларини амалда ошкора билдира олиши учун қонуний асослар мавжуд. Хусусан Бош қомусимиз ҳисобланмиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида "Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.
Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин”, дейилган.
Фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда уни ифодалаш фуқароларнинг эркин яшаш, турли хизматлардан фойдаланиш, дам олиш, зарурат туғилганда тиббий хизматдан фойдаланиш, илмий изланиш каби дахлсиз ҳуқуқларидан биридир.
Мамлакатимизда бу борада қонуний асосда эркин фаолият юритаётган мустақил оммавий ахборот воситалари фуқаролар онг-тафаккурини юксалтиришга хизмат қилаётгани жуда аҳамиятлидир.
Хусусан туманимиздаги "Амударё телеканали”, amunews.uz веб-сайти, "Тараққиёт кўзгуси” газетасининг иловаси бўлмиш "Менинг оилам” газетаси каби мустақил оммавий ахборот воситалари туманимиз аҳлининг фикрлари ва қарашларининг муҳим жиҳатларини ўзида мужассам этган бўлиб, ҳар бирида мамлакатимизда ва шу жумладан, туманимизда кечаётган жараёнларга ўз муносабати ва нуқтаи назари акс этмоқда.
Конституциямизнинг 4-моддасида "Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”, дейилган.
Халқимизнинг бағрикенглиги ва дўст-биродарлиги Асосий Қонунимизда ана шундай акс этган.
Юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, турли миллат вакилларининг аҳил-иноқ яшаётганини, ҳар бири ўз урф-одатлари, анъаналарини сақлаб, амал қилиб келаётганини кузатишингиз мумкин. Оилада янги гўдак дунёга келиши, унга исм қўйиш ёки йигитларни ҳарбий хизматга жўнатиш, мучал ёшини нишонлашдаги урф-одатлар турлича. Аммо бир-бири билан дўст, биродар, қўшничилик қилиб яшаётган турли миллат вакиллари ҳам бу маросимларда иштирок этаверадилар, бири-бирининг қувончига шерик бўладилар, қайғули кунларида елкадош бўладилар. Улар қайси миллат вакили бўлса-да, ўз тилида ёки ўзбек тилида муомала қилиши эркиндир. Ўзбекистонда истиқомат қилувчи халқларнинг миллати, тили турлича бўлса-да, мақсади ягона: она юртининг гуллаб-яшнашига хизмат қилиш.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶