РАҲМАТ ВА МАҒФИРАТ ОЙИ
Аллоҳ таоло Рамазони шариф ойида кишиларни ҳидоят сари бошловчи, инсониятга бахт-саодат йўлларини кўрсатувчи Қуръони каримни нозил қилган. Шунинг учун бу кунларни кечалари тоат-ибодатда қоим, кундузлари рўзадор бўлиш билан ўтказамиз.
Рамазон рўзаси Қуръон ва ҳадис орқали мусулмонларга фарз бўлган амаллардандир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Эй имон келтирганлар!Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара, 183-оят), - дея бандаларни кўнгил софлигига чақиради.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: "Кимки Рамазон ойида рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳ таолонинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” - дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига мулоқот бўлганда рўзаси ила хурсанд бўлгай”, - дедилар”.
Рўзанинг мукаммал бўлиши учун рўзадор ёлғон сўзлаш, иғво ва бўҳтон қилиш, нолойиқ сўзлар билан ўзгалар дилини оғритиш каби иллатлардан ўзини сақлаши лозим. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг муборак ҳадисларида: "Қайси бир рўзадор ёлғон гапириш ва унга амал қилиш каби гуноҳларини тарк этмаса, ундай кишининг фақат еб-ичишини тарк этиб юришига Аллоҳ муҳтож эмас”, - деб марҳамат қилдилар.
Рамазони шариф тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойидир. Шунинг билан бирга, бу ойда гуноҳлар мағфират этилиб, тавба-тазарруълар,чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топади, қилинган хайрли ишлар савоби бир неча бор зиёда қи-линган ҳолда қабул қилинади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳадисларида дейди: "Агар умматларим рамазондаги фазилатларни билганларида эди, йилнинг ҳаммаси рамазон бўлишини орзу қилардилар”. Яна бир ҳадисда айтадиларки: "Рамазон ойининг биринчи ўн кунлиги Раҳмат, иккинчи ўн кунлиги мағфират ва учинчи ўн кунлиги дўзахдан халос бўлиш кунларидир”.
Раҳмат нафақат Аллоҳ таолонинг бандаларга раҳмати, балки бандаларнинг бир-бирларига раҳмли-шафқатли бўлишини ҳам ўз ичига олади. Ўз ихтиёри билан оч қолган, ташна бўлган одамда ўз-ўзидан раҳм-шафқат ҳислари уйғонади. Ўзгаларга яхшилик қилиш туйғулари кучаяди. Буни рўза тутган ҳар бир одам дарҳол мулоҳаза қилади. Айниқса очлик ва ташналикни ўз танасида синаб кўрган шахс, турли сабабларга кўра доимо оч қолганларга раҳм-шафқат қилиш лозимлигини тўла тушуниб етади. Шунинг учун ҳам, рўзадорлардан камбағал-мискинлар фойдасига хайр-садақа қилиш кўпаяди.
Рўза туфайли мусулмонлар ичида ўзаро тенглик, биродарлик, меҳрибонлик алоқалари яна ҳам ортади. Бой-бадавлат кишилар, подшоҳ ва ҳокимларнинг саройлари-ю қасрларида ҳам, камбағал, бева бечораларнинг кулбаларида ҳам бир хил ҳолат, бир хил руҳоният ҳукм суради. Балки, сарой ва қасрларнинг эшиклари очилиб, камбағаллар ичкарига таклиф этилиб, азиз ва мўътабар меҳмонларга айланадилар. Ёки аксинча, бойлар, амирлар, ҳокимлар бошларини эгиб, камбағал, бева-бечораларнинг кулбаларига ифторлик, хайр-садақа, закотларини кўтариб бориб, Аллоҳ учун қабул қилишларини сўрайдилар.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Аббос ро-зияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам энг сахий одам эдилар. У кишининг энг сахий бўлишлари Рамазонда бўлар эди”, дейилган. Демак, Рамазони шариф ойининг савоблари фақат рўзадор бўлишдагина эмас, балки атрофимиздаги ғариб-у мискин, кам таъминланган кишиларга кўрсатадиган меҳр-мурувват ҳамда хайр-эҳсонларимизда ҳам намоён бўлади.
Юсуф эшон бобо” жомеъ масжиди имом-хатиби.
(Фото - http://www.uz24.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶