Мардлик туғин тутган асл фарзандлар (Париж олимпиадаси совриндорларига)
“Эй , улуғ Турон, арслонлар ўлкаси” (Абдурауф Фитрат).
“Оламни маҳлиё айлаган диёр”,
Ўзбекистон учун ҳаваслар бисёр.
Орият юксалган оний лаҳзалар,
Юракларни қучди шаън-у ифтихор:
– Ватанга қайтди, – деб, – яна Тўмарис!
Нурли қалам билан ёзилди тарих,
Ҳайрат оғушида ҳатто муаррих.
Балки Яратгандан мўъжиза! Аниқ,
Қирилиб кетмаган. Афсона – тирик –
Уйғонди Туронда турон йўлбарс!
Майдонни титратган паҳлавон қизлар,
Улуғ аждодлардан табаррук излар.
Курашларда асло чўкмаган тизлар –
Дунёга йўл очган уммон, денгизлар –
Бугун ориятдан бераётир дарс!
Кўрдингизми, дунё қалқиб кетганин,
Парижда ноҳақлик ҳаддан ўтганин.
Вужудига жойлаб тенгсиз журъатин,
Мардлик туғин тутган ўзбек қизларин.
Ёқлаб жаранг сочди адолатли баҳс!
Ўзбекка қадрдон дўст, оғайнилар,
Қозоқ, қирғиз, туркман оға-инилар.
Тожикнинг лафзида тенгсиз маънилар,
Ҳатто аҳли дунё ҳайратландилар –
Бешта қўл бирлашиб, чиққанида “қарс!”
Барчаси бир бўлди – бир ягона ХАЛҚ,
Қалблар бирлашганда қолмади ҳеч фарқ.
Марказий Осиё – энг муҳташам Арк
Ёғдусидан лол-у ҳайрон Ғарб-у Шарқ,
Дил тўла ҳайратлар, дил тўла ҳавас!
Ана, октагонда, рингда ўзбеклар,
Шараф тожин кийган ғолиб ўзбеклар.
Ҳатто қардошларин қўллаб ўзбеклар,
Она Турон бўлиб ёнди ўзбеклар,
Қутлагали келди халқ гурас-гурас!
Кўринг, ҳавас қилинг, ўзбек шунқорин –
Янги Ўзбекистон шаън, ифтихорин.
Бошига кўтариб тинчлик шиорин,
Дунёга танитди она диёрин!
Кўнгиллар бирлашди Ватанга пайваст!
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶