ГУЛЛАМОҚ ФАСЛИ
Гул атрин таратди яна чаманлар,
Турналар рақси бор сайри самода.
Тоғларнинг бағрида ажиб жаранглар,
Кўнгиллар сийрати куйда, навода.
Боғлар оғушида саболар базми.
Абри баҳор қучган замин кўксини.
Шох-у бутоқларда гулламоқ азми,
Далалар ичгандай қуёш аксини.
Яшариб кетгандай момолар гўё,
Қайроқни "шақ-шақ”лаб чалишин қаранг.
Боболар юзидан ёғилиб зиё,
"Лазги”дан бўлсин!” деб туришин қаранг.
Сумалак ҳидидан тўлғонди ҳар дил,
Яшил майсаларни кўзларга суриб.
Ўрикзор боғларда маржонланди гул,
Турналар куй битди самодан туриб.
Уя ғамин чеккан қушлар жон ҳалак,
Ўзлари пеш урар, ўзлари меъмор.
Она замин узра ёйганча палак,
Ишчан маликага айланди Баҳор!
Дарё тўлқинларин урди қирғоққа,
Мусофир хаёллар ювилиб кетди.
Изғирин юлқилаб турган фироққа,
Умид гулларининг ифори етди.
Қувончлар рангида уйғонди Ватан,
Варраклар тўшида ҳурлик хатлари.
Болажон элимда қулф урган чаман –
Буюк келажакнинг адл қадлари.
"Наврўзга!” – алёрлар янгради тонгда,
Сумалак тортилди дастурхонларга.
"Кел, ҳо кел!” садоси сирли оҳангда,
Етиб борди қаранг, ҳар бир маконга!
Кўрдингизми, юртда тотувлик ҳоким,
Мангу қадриятлар баридан улуғ.
Барча миллат аҳил яшаркан токим,
Ҳар кун Наврўз ила эл ризқи тўлуғ.
Қалдирғоч ин қурди! Қандай ажойиб!
Айвонлар шифтида жаннатий макон.
Наврўз кезаётир қулочин ёйиб,
Гулламоқ фаслида она Туркистон!
Робия ЙЎЛДОШЕВА.
(Фото - http://www.uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶