ИҚЛИМ ЎЗГАРИБ, ТАБИИЙ ОФАТЛАР КЎПАЙМОҚДА: САБАБИ ВА ЕЧИМИ
XXI асрга келиб, бутун дунёда табиий офатлар сони сезиларли даражада ортди. Ҳаво ҳарорати ҳаддан ташқари исиб кетиши натижасида ўрмон ёнғинлари, сел-сув тошқинлари кўпайди. Кўп мамлакатларда қурғоқчилик туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш муаммога айланди. Бу муаммолар ҳар қандай инсон
каби мени ҳам қаттиқ ташвишлантиради.
Нима учун айни илм-фан, техника ривожланаётган XXI асрда табиий офатлар кўпаймоқда? Сабабини ва ечимини топгандекман. Иқлим ўзгариши сабаб табиий офатларнинг олдини олиш мумкин, келгуси авлодга ҳеч бўлмаса сайёрамизни ҳозирги ҳолатда қолдириш учун бутун дунё аҳолиси, раҳбарлардан тортиб, оддий фуқароларгача биргаликда ҳаракат қилсак, албатта, бунга эришамиз.
Маълумки, бутун дунёда XX асрнинг 2-ярмидан кейин илм-фан, техника ривожлана бошлади. От, ҳўкизлар ўрнига ҳар хил тракторлар ишлаб чиқарилиб, ерларни ҳайдаш, қатор ораларига ишлов бериш, ўриш, ҳайдаш, ташиш, ариқларни қазиш, юклаш воситалари, самолёт, поезд, енгил машиналар ишлаб чиқарилиб, одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қила бошлади. Бундай техникалардан бутун дунё аҳолиси мамнун.
Менинг ёшим 65да, мен қатори ёки биздан катталар яхши билишади, қишда 40 даража совуқ 3 ойгача ерда қор, ёзда эса 40 даража иссиқ бўларди. Ўша пайтларда табиий офатлар кам бўларди. 80 ёшигача яшаган онам ҳам, эсимни таниганимдан бери қишда қаҳратон совуқ, ёзда иссиқ бўларди, дердилар.
Менимча, бундай иқлим ўзгаришларининг, табиий офатларнинг олдини олиш учун бутун дунё аҳолиси электромобилларга ўтиб бўлгунча, тежамкор – 100 км.га 3-4 литр ёнилғи сарфловчи автомобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш керак. Майли, уларнинг қуввати ва тезлиги камроқ бўлса, автоҳалокатлар ҳам камроқ бўларди.
2020 йил 16 мартдан “Covid-19” сабаб карантин бўлди. Май ойидан ҳаво шундай тоза ва мусаффо бўлдики, уни барчамиз ҳис қилдик. Биз ўзимизнинг, фарзандларимизнинг, невараларимизнинг келажагини ўйлайдиган бўлсак, дунёдаги барча автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниялар имкон қадар кам ёнилғи сарфловчи техникалар ишлаб чиқаришлари зарур. Табиий ресурсларимизнинг эса борини тежаб ишлатишимиз керак.
Кейинги йилларда филлар, бўрилар одамларга ҳужум қилишмоқда. Тажовузкор ва ҳужумкор арилар пайдо бўлишмоқда. Балки табиатдаги ўзгаришларга дунёдаги барча жонзотларнинг ақллисимиз, деб иш тутаётган биз одамлар сабабчилигини сезишаётгандир. Уларнинг ҳам фикрлаш қобилияти бордир, худди Чингиз Айтматовнинг “Қиёмат” асаридаги бўри “Акбара” сингари...
Тўрабой КАРИМОВ, Қипчоқ овули.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶