“Мартабанг улуғ бўлсин, она тилим” мавзусида байрам тадбири бўлиб ўтди
Тил − миллатнинг бебаҳо бойлиги, беназир қадрияти ва тенгсиз мулки ҳисобланади. Тилда ана шу тилнинг ижодкори бўлган халқ, элатнинг тарихи ва маданияти акс этади.
1989 йил 1 декабрь — Қорақалпоғистон тарихидаги муҳим саналардан бири сифатида тарихга муҳрланган. Мазкур санада Қорақалпоқ халқининг азалий орзуси рўёбга чиқди ва қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилди. Ушбу кун ҳар йили Қорақалпоғистон Республикасининг барча ҳудудларида кенг тарзда нишонланиб келинади. Шу жумладан Амударё туманида ҳам сана муносабати билан қатор тадбирлар ташкил этилди.
1 декабрь куни Президент таълим муассасалари Агентлиги тизимидаги Амударё тумани ихтисослаштирилган мактаби жамоаси ҳамда туман Маданият бўлими ҳамкорлигида “Мартабанг улуғ бўлсин, она тилим” мавзусидаги тадбир ўтказилди.
Тадбир аввалида ихтисослаштирилган мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Равшан Холмурадов қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганининг 33 йиллиги билан барча ўқувчиларни ва ўқитувчиларни табриклади. Шу билан бирга қорақалпоқ халқининг миллий урф-одатлари, анъаналари, қадриятлари ҳақида гапириб, Ибрайим Юсуповнинг гўзал шеърларидан намуналар ўқиди.
Шунингдек, у ўз сўзида сўнгги йилларда ўзбек ва қорақалпоқ тилларини янада ривожлантириш, бойитишга алоҳида эътибор берилаётганлигини, бу борада Амударё туманида ҳам барча шароитлар яратилиб, таълим муассасалари ўзбек ва қорақалпоқ тилларидаги дарсликлар билан етарли даражада таъминланганлигини айтиб ўтди.
Тадбир давомида туманимизнинг таниқли санъаткорлари, туман Маданият бўлими ходимлари, ҳаваскорлик жамоалари ҳамда мактаб ўқувчилари иштирокидаги катта концерт дастури намойиш қилинди.
Ранг-баранг бадиий чиқишлар, дилрабо куй-қўшиқлар, мафтункор рақслар томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Она тили, Ватан, дўстлик ҳамда инсоний фазилатларни улуғловчи гўзал шеърлар ўқувчилар қалбида ватанпарварлик туйғуларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилди.
Концерт дастури давомида тадбир меҳмони бўлган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси туман Кенгаши ижрочи котиби Ширин Янгибаева барчани байрам билан самимий табриклади.
Ўқувчиларга қорақалпоқ тилининг жамиятдаги ўрни, уни янада ривожлантириш, бойитиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, ўқувчиларга тилмизнинг софлигини сақлаш зарурлиги, уни янада бойитиш учун ҳар бир шахс ҳисса қўшиши лозимлигини айтиб ўтди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда қорақалпоқ тилининг ўрни ва обрўсини орттириш бўйича кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Жумладан, “Қорақалпоқ тилининг рақамлаштирилган технологияси” номидаги илмий-амалий лойиҳа амалга оширилмоқда. Шу билан бирга қорақалпоқ тилидаги аудио-китоблар платформасини яратиш устида иш олиб борилмоқда.
Қолаверса, атамаларнинг қорақалпоқ тилидаги таржималари Атамалар комиссияси томонидан ишлаб чиқилиб, 5 томлик “Қарақалпақ тилиниң түсиндирме сөзлиги” китоби нашрга тайёрланмоқда.
Айтиш керакки, амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар қорақалпоқ тилига бўлган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶