НУКУС ШАҲРИДА ДОНОРЛАР КУНИГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Халқаро Ассамблеясида 2005 йилнинг май ойида дунё давлатлари соғлиқни сақлаш вазирлари якдиллик билан беғараз қон донорлигини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди. Шундан буён ҳар йили 14 июнь — Бутунжаҳон донорлар куни сифатида кенг нишонланади. Юртимизда ҳам ушбу санага бағишланган турли тадбирлар, хайрия акциялари ўтказиш эзгу анъанага айланган.
Шу муносабат билан 14 июнь куни Республика Қон қуйиш марказида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан “Қон топшир – ҳаёт инъом эт!” хайрия акцияси ўтказилди. Акция доирасида дастлаб ташриф буюрган меҳмонларга мусиқий дастур намойиш этилди. Дастур давомида таниқли санъаткорлар ижро этган куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият, кўтаринкилик бағишлади.
Шундан сўнг, Республиканинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган тиббиёт ходимлари ва кўнгилли донорлар қон топширдилар.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар, инсоннинг ҳаётини асраб қолиш кўпинча қон қуйиш жараёни билан боғлиқлигини, қон эса кимё лабораторияларида ишлаб чиқилмаслиги, у инсон организмидаги бебаҳо неъмат эканлигини эътироф этишди. Фақат яхши инсонларнинг ёрдами билангина оғир аҳволдаги беморларни ҳаётга қайтариш, уларнинг умрига умр қўшиш мумкинлигини айтиб, бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил маълумотлар беришди.
Таъкидланганидек, ҳар бир мамлакат ўз аҳолисининг қонга бўлган талабини қондириш учун 1000 нафар кишига донорлар сони 30 нафар ва ундан ортиқ бўлиши, қон компонентлари билан таъминлаш учун эса донорлар сони ҳар 1000 нафар кишига 10 нафар ёки аҳоли сонига нисбатан 1 фоизни ташкил этиши зарур. Ўзбекистонда эса бу рақам 5 нафарга тўғри келади. Агар мазкур кўрсаткич 10 нафарга ошса, халқимизнинг қонга бўлган талаби 100 фоизга қопланади. Агар 50 нафар одам қон топширса, нафақат талаб қондирилади, балки қон плазмасини қайта ишлаш орқали махсус дори препаратлари тайёрлаш мумкин бўлади.
Шу ўринда айтиш жоизки, 2020 йил юртимизда 95,5 тонна соф қон тайёрланган бўлса, бу рақам 2019 йилда 96,5 тонна, 2018 йилда эса 85,2 тоннани ташкил этган. Ўтган 2021 йилда эса тиббиёт муассасаларига 113 тонна сифатли қон етказиб берилган.
Мамлакатимизда 18 ёшдан 60 ёшгача, вазни 50 килограммдан юқори, гемоглабин миқдори меъёрида бўлган ҳар бир шахс донор бўлиши ва йилига 4 марта қон топшириши мумкин. Ҳар бир топширилган қоннинг максимал миқдори 450 миллилитрга тенг.
Таъкидлаш лозимки, коронавирус пандемияси бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам донорлар сони кескин камайишига сабаб бўлди. Оқибатда оғир беморларнинг донорлик қонига бўлган талаби сезиларли даражада ошди. Қолаверса, сўнгги йилларда юртимизда ноёб юрак операциялари, инсон тана аъзоларини кўчириб ўтказиш каби мураккаб жарроҳлик амалиётларининг йўлга қўйилиши ҳамда хавфли касалликлар диагностикасининг яхшиланиши сабабли сифатли қон компонентларига бўлган эҳтиёж янада ортди.
Республикамизда ўз қонини камида 40 марта, қон компонентларини 60 марта топширган кишилар фахрий донор ҳисобланади. Юртимизда ана шундай меҳрли ва қалби эзгуликка тўла инсонлар “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони ва бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан тақдирланиб келинмоқда.
Тадбирда ана шундай инсонпарварлик ёрдамини кўрсатган икки нафар юртдошларимизнинг номлари тилга олинди ва уларга миннатдорчилик билдирилди. Ушбу хайрли акцияда кўнгилли талаба-ёшлар ҳам иштирок этиб, ўз ҳиссаларини қўшишди.
Ибодулла Нуримбетов, “Қизил ярим ой” жамияти туман бўлими ижрочи директори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶