18 май - Халқаро музейлар куни
САБР-ҚАНОАТ ВА ФИДОЙИЛИК МУКОФОТИ
Ҳар қандай давлат тараққиёт сари интилар экан, энг аввало ўзининг тарихий илдизларидан куч олади. Халқ ижодиёти намуналари, урф-одат ва анъаналари, табиати ва жамики маънавий-маърифий қадриятлари заминидан келиб чиқиб, тараққиёт омилларини белгилайди. Шу жиҳатдан олиб қараганда музейлар ҳар бир давлат учун бебаҳо маданий мерос, битмас-туганмас маънавий хазина ҳисобланади. Шу билан бирга музейлар миллатлар ва элатлар, давлатларни бир-бирига яқинлаштирувчи кўприк ҳамдир.
Мамлакатимизда музейлар, ҳатто очиқ осмон остидаги музей-шаҳарлар кўп. Албатта, ҳар бир музей халқимиз маънавий-маърифий ҳаётининг, жонли тарихининг бир бўлаги. Амударё туманининг тарихий-ўлкашунослик музейи билан танишган ҳар бир инсон буни дилдан ҳис этиши табиий. Чунки музей нафақат Амударё туманининг қадим ўтмиши, балки бугунги буюк ўзгаришлар, туман ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар ҳақида ҳикоя қилувчи экспонатларга бойлиги билан ҳар бир қалбда катта таассуротлар уйғотади.
Ташкил этилганига энди 6 ой бўлган музей бугунги кунда туманга ташриф буюрувчи меҳмонлар ва ёшларнинг севимли масканига айланган. 400 дан ортиқ экспонатга эга музей 2021 йилнинг 8 май куни, яъни 18 май – Халқаро музейлар куни арафасида тантанали равишда очилди.
Аввало шуни алоҳида эътироф этиш керакки, икки қаватли шинам ва кўркам музей биноси жойлашган ҳудудда Хотира майдони ҳам ташкил этилиб, “Мотамсаро она” ҳайкали қад ростлаган. Мангу сукунатга чўмган Хотира айвонларидаги рамзий Хотира китобларига Иккинчи жаҳон уруши, Афғонистон уруши ҳамда қатағон қурбонларининг исм-шарифлари битилган. Гулзорлар оралаб, ўз яқинлари исмини алоҳида дард, соғинч ва эҳтиром билан ўқиётган бугунги авлодларнинг сокин овозлари биллур фавворалар шивирига қўшилиб кетади ва “Инсон – азиз, хотира - муқаддас” деган туйғу уйғонади ҳар бир кўнгилда. Ана шу туйғу билан музей остонасига қадам қўйишингиз билан фидойи ва меҳнаткаш, тарихий илдизлари мустаҳкам, сабр-у матонати улуғ Амударё элининг маънавий-маърифий дунёси билан ошно бўласиз. Бу ерда сизни музейдаги ҳар бир буюм тарихи ҳақида янглишмасдан, ҳатто алоҳида меҳр ва куюнчаклик билан ҳикоя қилишдан асло чарчамайдиган Шавкат ака Чоршамов кутиб олади.
Музей ҳаёти билан танишиш асносида Шавкат акадаги фидойиликни, ҳар битта экспонатни ўзгача меҳр ва ғурур билан тасвирлашларини кўриб: “бу инсон шунча билимни қачон эгаллади экан?” – дея ҳайратланишингиз табиий.
Дарвоқе, Шавкат Чоршамов ким, у музейда қандай вазифа бажаради? Аслида меҳнат фахрийси бўлган Шавкат ака Чоршамов ҳаётининг 40 йилини таълим-тарбия соҳасига бағишлаган, нафақага чиққач ҳам эл-юрт манфаати, ёш авлодни маънавий етук инсонлар қилиб тарбиялаш йўлида фидойилик билан елиб-югуриб юрган тиниб-тинчимас инсон.
Тумандаги тарихий-ўлкашунослик музейини ташкил этиш ғояси билан турли экспонатларни йиғишни бошлаганида Шавкат Чоршамов ёшгина география ва тарих фани ўқитувчиси эди. Туманнинг олис қишлоқларига, чўл-у даштлари, эски қўрғон ва қалъаларига бориб, турли даврларга оид буюмларни тўплаб, аввал ўзи фаолият юритган 16-сонли умумтаълим мактабида мўъжазгина ўлкашунослик бурчагини ташкил этди. Вақт ўтган сари экспонатлари сони ортиб, бу кичик бурчакка сиғмай қолди. Мактаб маъмурияти рухсати билан экспонатлар география фани хонасига жойлаштирилди. 16-сонли мактабдаги Шавкат Чоршамов томонидан ташкил этилган ўлкашунослик музейига қизиқувчилар сафи ошди. Ҳатто айрим юртдошларимиз қадимий буюмларни олиб келиб беришадиган бўлишди. Мактаб музейи жойлашган география фани хонаси энди экспонатлар учун торлик қиладиган бўлди.
Шундай кунларнинг бирида Шавкат Чоршамов туман газетаси таҳририятига келди.
- Ҳар бир экспонатнинг ўз тарихи бор, - деди у куюнчаклик билан. – Буюмлар мактаб музейи учун ажратилган хонага сиғмаяпти, уйимда ҳам ортиқча жой йўқ, менга ёрдамингиз керак.
Ёрдам? Журналист қандай ёрдам бериши мумкин? Муҳаррирнинг топшириғи билан газетага Шавкат Чоршамовнинг тўплаган тарихий буюмлари ва уни қийнаётган муаммо хусусида мақола тайёрладим. Мақола газетада ёритилгач, ўша пайтдаги туман ҳокими (Аллоҳ раҳмат қилсин) Ражаббой ака Йўлдошевнинг олдиларига кирдим.
- Туманимизда бўш турган бинолар кўп, биронтасини ажратиб берсангиз, бутун халқ, ёш авлод Сиздан миннатдор бўларди, - дедим Шавкат Чоршамов тўплаган салкам 300 га яқин экспонатлар ҳақида сўз очиб.
Ражаббой ака мени диққат билан тингладилар ва:
- Ҳамма нарсанинг ўз ўрни, вақти-соати бор, - дедилар босиқлик билан. – Бўш турган биноларни “мана, олинг, музей қилинг”, деб қарор қабул қилиш осон эмас. Музей ташкил этиш режамизда бор, лекин вақти келганида, шошилмаймиз.
Ражаббой ака Йўлдошев то музей биноси қурилгунича Шавкат Чоршамов тўплаган экспонатларни асраб-авайлаш зарурлигини қайта-қайта таъкидладилар ва албатта Манғит шаҳрининг энг чиройли ҳудудида замонавий меъморий ечимга эга комлекс иншоот – Хотира майдони билан узвий равишда музей учун бино қурилажагини билдирдилар.
Мана, 1 йилдирки нафақат Шавкат ака Чоршамовнинг, балки бутун туманимиз аҳлининг кўп йиллик орзуси амалга ошди. Ражаббой ака Йўлдошев айтганларидай, Манғит шаҳрининг энг кўркам гўшасида Амударё тарихий-ўлкашунослик музейи савлат тўкиб, шаҳримиз кўркига-кўрк қўшиб турибди.
Биз фидойилик ҳақида кўп гапирамиз. Ўз касбига, эл-юртга, Ватанига фидойи инсонларни биламиз. Лекин ўз ҳузур-ҳаловати, шахсий манфаатидан воз кечиб, умумманфаати, бутун бир халқ орзусини амалга ошириш йўлида фидойилик қилгувчи инсонлар кам. Бўлса ҳам бармоқ билан санарли. Шавкат ака Чоршамов ана шундай фидойилар тоифасидан. Салкам 60 йил давомида асраб-авайлаб йиғган тарихий буюмларини гоҳ мактаб биносида, гоҳ ўз хонадонида намгарчиликдан, қуёш нуридан эҳтиётлаб сақлаш учун, аввало инсонда кучли ирода, сабр-тоқат бўлиши жоиз. Баъзан ҳажми катта экспонатларни гард юқтирмай сақлаш мақсадида яшаш уйи хоналарини бўшатишга тўғри келди, баъзан намгарчиликдан ҳимоялаш учун оила эҳтиёжига зарур маблағларини ишлатиб юборди. Лекин интилишдан тўхтамади, қачондир бир куни музей учун бино қурилишидан умидини узмади. Бугун эса...
Бугун бу фидойи инсоннинг кўчасида байрам! Ҳар томонлама талабга жавоб берадиган Хотира майдони комплекси ҳудуди ва Амударё тарихий-ўлкашунослик музейи унинг иккинчи уйига айланган. Ҳар бир келгувчига музей экспонатлари ҳақида тўлиб-тошиб ҳикоя қилади. Чарчамайди! Бугунга келиб Шавкат Чоршамов тўплаган 400 дан ортиқ экспонатнинг барчаси, ҳар бирининг тарихи ҳам халқники. Халқ эса бу табаррук гўшадан маънавий озиқ олиш, аждодлар закосига эҳтиром кўрсатиш учун ҳар куни, ҳар соатда бу масканни зиёрат қилаверади.
Музей экспонатларининг ҳар бирининг ўз тарихи, халқимизнинг бугунги кунида тутгувчи маънавий ўрни бор. Ана шу маънавий узвийликдан куч олади Халқ. XVI-XVII асрдан то бугунги кунгача бўлган амударёликлар тарихи акс этган экспонатларда эса Шавкат ака Чоршамовнинг меҳри мужассам. Тошга айланган дарахт, тошдай қотган чой, бундан 200 йиллар аввал аждодларимиз фойдаланган дазмол, тошчироқ, куви, чиғир, кели-келисоп, зағама (ўғир), сопол идишлар, балиқчи боболар фойдаланган қайиқ, жаҳонга машҳур манғитлик физик-кибернетик олимлар, ака-ука Мухтор ва Амин Саидовларни улғайтирган ҳалинчак, машҳур туркман гиламлари, Амубўйи аёлларининг ноёб тақинчоқлари, мурсаклари, мусиқа асбоблари, айниқса, XVIII асрда яшаган манғитлик меъмор Эшмуҳаммад наққош томонидан ишланган ўймакор эшиклар музей экспонатларига алоҳида жозиба бағишлаган.
Дарвоқе, Эшмуҳаммад наққош ҳақида. Бу буюк меъмор XVIII асрда яшаб, ўзининг мустаҳкам шарқона меъморий ечимга эга лойиҳалари билан нафақат Манғит ва Гурлан бекликларида, балки Хива хонлигининг барча ҳудудларида яхши танилган. Элпарвар, ўзи туғилган маконни ободон кўришни истаган Эшмуҳаммад наққош Манғит қалъасининг янги меъморий лойиҳасини ишлаб чиқади. Лойиҳа шу қадар пухта ишланадики, унда қалъадаги ҳар бир иншоот, кўча ва гузар, агар қурилган тақдирда, Хива шаҳридан кам бўлмаслиги, ҳатто миноралари баландлиги Хива минораларидан ҳам баландроқ бўлиши назарда тутилган Эшмуҳаммад наққошнинг лойиҳаси билан танишган хон Манғит қалъаси Хива хонлигининг шимолдаги мустаҳкам қўрғонларидан бирига айланишини истаб, лойиҳани маъқулласа-да, хоннинг атрофидаги айрим ғаламис мулозимлар Манғит қалъасининг бу даражада бекам-у кўст бўлишини ёқлашмайди ва Эшмуҳаммад наққошни йўқ қилиш пайига тушадилар. Ниҳоят, улар мақсадига етишадилар. Хўжайли шаҳридан муҳим юмуш билан қайтаётган Эшмуҳаммад наққошни Манғит қалъасининг шимолий-ғарбидаги “Қайсар ёп” бўйида буғизлаб, ёпга ташлаб юборадилар.
- Ҳамма замонларда ҳам халқ ичидан чиққан манқуртлар эзгулик йўлига тўсиқ бўлишган, - дейди Шавкат ака бошини чайқаб. – Агар шундай бўлмаганида бу жафокаш халқ юз йиллаб мўғуллар асоратида яшамасди, Темур Малик билан Жалолиддин Мангубердилар фикри ҳисобга олинарди. Агар ана шундай манқуртлар ўз ватандошлари кўзини чўқимаганларида Ҳиндистондаги афсонавий Тожмаҳал Ўзбекистон бағрида қурилган бўларди. Эшмуҳаммад бобомизга ҳам бу қадар торлик, душманлик қилишмаганида эди, она шаҳримиз Манғитнинг қиёфаси тамоман бошқача бўларди. Яхшиям мустақил бўлдик, мана, тарихий илдизларимиздан куч олаётирмиз.
Назаримда Шавкат ака Чоршамов ҳам мустақиллик туфайли ўз орзусига етди. Салкам 60 йил тарихий буюмларни эринмай йиғди. Кимдир унинг бу ишига:
- Эски-тускиларни нима қиласиз? – дея ажабланди. Яна кимдир:
- Вақт ўтказиб, ким ошди савдосига қўймоқчимисиз? – дея кулди.
Ким билсин, шахсий манфаатини ўйловчи Шавкат акадан бошқа бир одам бўлганида, ким билсин, шунча тарихий экспонатни биронта музейга сотиб, пуллармиди?..
Шундай кезларда дили оғрида унинг, лекин эзгу мақсадидан ортга қайтмади.
- Агар мен қилмасам, кимдир шу ишни қилишига, бу тарихий буюмлар ўз қадрини топишига ишонардим, - дейди у.
Мана, сабр-қаноатнинг мукофоти – Шавкат Чоршамов тўплаган экспонатлар олтиндан қиммат, қадрли.
Бундан ҳам муҳими, эл-юрт ундан миннатдор. Шавкат Чоршамов учун бундан улуғ бахт йўқ.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶