СУД ХАТШУНОСЛИГИДА ЁЗУВНИНГ ТУЗИЛИШИ МУҲИМ АҲАМИЯТ КАСБ ЭТАДИ
Суд хатшунослик экспертизасининг бевосита объекти одамнинг мураккаб кўникмаларидан бири – ёзув кўникмасини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган хат, яъни ёзув ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, ёзув атамасининг бир неча мазмуни мавжуд. Кундалик ҳаётда ёзув деганда қўлёзма матнни бажариш жараёни, почта жўнатмаси, одамнинг фикрларини шартли график белгилар ёрдамида қайд этиш ва ҳоказолар тушунилади. Ушбу тушунча криминалистика фанида қуйидагича талқин этилади:
Ёзув – бу одамларнинг ўзаро мулоқотга киришишларида оғзаки нутқига қўшимча восита бўлиб, оғзаки нутқни муайян тарзда ифодалайдиган турлича график белгилар орқали амалга оширилади ва оғзаки нутқни фазода юбориш ҳамда вақтда қайд этишга хизмат қилади. Ёзув одамнинг нутқ фаолиятининг бир тури сифатида, умумий тарзда сифат жиҳатдан мураккаб ва кўп қиррали кўникмалар тизимига асосланган. Ушбу кўникмалар тизими одам ёзувининг функционал-динамик комплексини ташкил қилади. Ёзувнинг тузилиши уч гуруҳ кўникмалардан ташкил топади.
Интеллектуал кўникмалар гуруҳига одамнинг идрок этиш, фикрлаш кўникмалари ва хотираси ва шу кабилар киради. С.М. Вул таъкидлаганидек, “интеллектуал кўникмалар одамни атроф-муҳит ва воқеликни, унинг шахсий тажрибаси ва руҳиятининг ўзига хос хусусиятлари билан ифодаланадиган билиш усулларини акс эттиради. Ушбу кўникмаларнинг айрим хусусиятлари ёзувдаги тушунчалар ва мазмунида мавжуд бўлади”.
Ёзув-нутқ кўникмалари гуруҳи ўзига лексик, грамматик, стилистик, орфографик ва пунктуацион кўникмаларни қамраб олади. Умуман олганда ушбу кўникмалар одамнинг ёзма нутқидаги ўрни ва ролига кўра фарқланади. Лексик ва синтаксис кўникмаларсиз нутқни тасаввур қилиб бўлмайди, шу боисдан ушбу кўникмалар одамнинг ёзма нутқида муҳим аҳамият касб этади. Орфографик ва пунктуацион кўникмалар айнан ёзув билан боғлиқ иккиламчи маълумотларни ташкил қилганлиги боис, ёрдамчи функцияларни бажаради.
Ёзма-ҳаракат кўникмалари ёзувнинг бевосита график ва техник жиҳатлари билан боғлиқ. Шу боисдан, ушбу гуруҳ икки турдаги, техник ва график кўникмалардан ташкил топади.
Таъкидлаш жоизки, ёзувнинг функционал-динамик комплексининг тузилиши ва қонуниятлари суд хатшунослиги учун муҳим аҳамият касб этади, чунки криминалистик билимларнинг бевосита объекти бўлган ёзувнинг асосини айнан улар ташкил қилади.
Б.Ендирбоев, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси 3-ўқув курси курсанти.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶