ЎҒРИЛАР ҚЎЛГА ТУШДИ
Ҳар ким ўзига берилган ҳаётни қадрлаб, тўғри ва ҳалол яшаса, бошқаларга зиён етказмаса саодатли умр кечиради. Бироқ шундай кимсалар ҳам борки, улар қинғир ва нотўғри йўллардан юриб, умрини хазон, ҳаётини барбод қилади.
Республикамиздаги туманлардан бирида яшовчи Салимжон ва Каримжон (исмлар ўзгартирилган) ҳам ёшгина, куч-қувватга тўлган бўлишларига қарамасдан ҳалол меҳнат қилиш ўрнига ўзгаларнинг мулкини ўғирлаб сотиш орқали пул топишни маъқул кўришди. Ўзаро жиноий тил бириктириб, маҳаллалардан бирида жойлашган саноат зонаси ҳудудидаги қурилиш ташкилотига тегишли бўлган омборхонадан металл пайвандлаш ускунаси, электр насос, электромотор қурилмаси ва шу каби қимматбаҳо ашёларни яширин равишда талон-тарож қилиб, олиб кетишди. Ушбу техник ускуналарни 11 млн.дан зиёд пулга сотиб, бирданига мўмай “даромад”га эга бўлишди.
Шундан сўнг, икки “ҳамкор” кечалари яна “ов”га чиқиб, қатор ўғирликлар содир қилишди. Ўмарган молларини сотиб, эга бўлган пулларини тенг тақсимлашди ва ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишди. Жиноий шериклар қинғир ишларини давом эттириб, ноқонуний йўл билан қисқа фурсат ичида жами 20 млн.га яқин “даромад” топишга эришишди.
Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг тезкор ҳаракатлари туфайли жиноятчи ўғрилар қўлга олинди ва суд ҳукмига кўра уларга тегишли жазо тайинланди.
У.Оразбаева, Нукус шаҳар ИИО ФМБ 1-сон ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи терговчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶