БОЛАЖОНЛАРНИНГ СЕВИМЛИ БОFЧА ОПАСИ
Инсоннинг юрагида туғилган ҳавас унда чексиз иштиёқ уйғотади. Ҳавас ва иштиёқ эса қалбни руҳлантириб тургувчи орзуга айланади. Ана шу орзу инсонни иродали, кучли бўлишга, олдига қўйган эзгу мақсади йўлида интилиб яшашга ўргатади. Орзуга етишиш учун ўқиб-ўрганиш, изланиш унга куч бағишлайди.
Мафтункор ва гўзал табиати, бири-биридан фидойи ва меҳнаткаш инсонлари билан машҳур Қиличбой заминида туғилиб-ўсган Ферузахон Ўрозметова онаси – қишлоқдаги 42-сонли мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи бўлиб ишловчи Гуландон опанинг касбига ҳавас қилиб, “катта бўлсам, боғча опа бўламан”, деганида унинг ўзи МТТ тарбияланувчиси эди. Болаликдаги ана шу ҳавас Ферузахон улғайган сари унинг қалбида бу касбга нисбатан меҳр ва иштиёқ уйғотди. Онасининг ҳар бир ҳаракати, болажонлар билан ўтказадиган машғулотларини хотира кўзгусида жонлантириб, хаёлан “тарбиячилик” қилиб юриб, умумтаълим мактабидан сўнг, 2013 йилда Қиличбой касб-ҳунар коллежининг мактабгача таълим гуруҳида таҳсил олди.
Ўзининг интилувчанлиги, ташаббускорлиги, янгиликларга қизиқувчанлиги билан тенгдошларидан ажралиб турадиган Феруза Ўрозметова коллежда ўқиш жараёнида нафақат ўзи танлаган йўналиши бўйича, балки турли фанлардан тўгараклар машғулотларида ҳам фаол иштирок этди. Коллежлараро ва туман миқёсидаги кўрик-танловлар, шеърият кечалари, мушоираларнинг доимий иштирокчиси ва совриндорлари сафидан жой олди. 42-МТТда иш фаолиятини бошлагач, унинг мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари ўртасида ўтказиладиган кўрик-танловлардаги муваффақиятли иштироки нафақат 42-сонли МТТ раҳбарияти ва касбдошлари, балки ота-онаси ва дўстларига ҳам чексиз қувонч бағишлади.
Ферузахон ўз устида тинимсиз ишлаши, бола психологиясини чуқур ўргангани боис, ҳар бир машғулотни назария ва ҳаёт билан уйғун равишда олиб боради. Натижа эса ҳамиша кутилганидан зиёда бўлади. Унинг гуруҳидаги энг инжиқ бола ҳам жуда қисқа фурсатда тинч, мулойим, тарбияли бўлиб қолади. Бунинг учун Феруза тинимсиз меҳнат қилишдан, инжиқ бола билан шуғулланишдан асло чарчамайди.
Шунинг учун ҳам унга кўпчилик ота-оналар: “ҳали ўзинг қиз боласан, болалар кўнглини тушунишда энг меҳрибон онадан қолишмайсан”, дейишади миннатдорлик билан.
– Бу Ферузахоннинг ўз касбига меҳри баландлигидан, – дейди 42-сонли МТТ мудираси Г.Қурбонбоева. – Ана шу меҳри туфайли Ферузахон “Йил тарбиячиси” кўрик-танловининг туман босқи-чида ғолибликни қўлга киритди. Биз бундан жуда фахрланамиз.
Касбига ва болажонларга меҳри баланд Ферузахон Ўрозметова иш жараёнида ўз соҳасига оид услубий қўлланмалардан унумли фойдаланиш билан бирга тинимсиз ижод қилади, шеърлар, болаларбоп ҳаётий эртаклар ёзади. Ёзганларини жамласа, бир китоб бўлгулик. Унинг шеърларини болажонлар севиб ёдлашади. Яхшилик, эзгулик, ростгўйлик, мардлик ва ватанпарварлик мавзуларидаги эртаклари эса болажонларга олам-олам завқ, таассурот бағишлайди.
– Президентимиз: “Келажак – боғчадан бошланади”, деб бекорга айтмаганлар, – дейди Феруза Ўрозметова. – Биз тарбиячилар шунинг учун ҳам келажакка масъулмиз. Ана шу масъуллик туйғуси мени ҳамиша олдинга интилиб яшашга ундайверади.
Ферузахон айни пайтда “Йил тарбиячиси” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Биз ёш ва иқтидорли тарбиячи, болажонларнинг севимли боғча опаси Ферузахон Ўрозметовага янги-янги ютуқлар тилаймиз.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.
Касбим – фахрим
Касбим менинг – фахримдир,
Ҳаёт йўлим – аҳдимдир.
Иш куним шод кутаман,
Бундан қувнаб кетаман.
Фарзанд гулдир одамга,
Зийнат эрур оламга.
Маъюс кўрсак гар уни,
Бедор кутамиз тонгни.
Гарчи мен қиз боламан,
Болажон, деб ёнаман.
Иссиғи-совуғига,
Қарайман ҳар ёғига.
Меҳрим ҳадя этаман,
Соғиниблар кутаман.
“Боғча опа”, десалар,
Бошим осмон – юксалар.
Феруза Ўрозметова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶