Баркамол авлоднинг севимли манзили – кутубхонадан таассуротлар
Яқиндагина ижодий гуруҳимиз билан биргаликда “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририятининг “Билимли ва маънавиятли ёшлар билан Учинчи Ренессанс сари!” номли грант лойиҳаси доирасида туман “Баркамол авлод” болалар мактаби тарбияланувчилари ҳамроҳлигида Амударё тумани ахборот-кутубхона марказига ташриф буюрдик.
Болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида амалга оширилган ушбу ташриф давлат гранти лойиҳасининг иш режасида кўзда тутилган. Туман “Баркамол авлод” болалар мактабининг бир гуруҳ болажонлари китоблар оламига саёҳати давомида ахборот-кутубхона марказига қандай аъзо бўлиш, китоблардан фойдаланиш, ўқиш тартиби бўйича қимматли маълумотларга эга бўлишди.
Айтиш жоизки, Амударё тумани Ахборот-кутубхона маркази туман аҳолиси, айниқса, ёшларининг маънавий юксалиши йўлида муносиб хизмат қилиб келмоқда. Ахборот-кутубхона маркази 2022 йил декабрь ойидан буён Ойбек номли маҳалла ҳудудидаги янги бинода фаолият юритяпти.
Бугунги кунда Ахборот-кутубхона марказида жами 17 минг 700 нафардан зиёд абонамент рўйхатга олинган. Шундан, 8 минг 850 нафардан зиёдини эркаклар, 8 минг 840 нафардан зиёдни эса аёллар ташкил қилади. Китобхонларга 13 нафар ходим сифатли хизмат кўрсатяпти.
Саёҳат давомида ахборот-кутубхона маркази абономентлар ва фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш гуруҳи раҳбари Нодира Ўразимбетова ва кутубхона мутахассиси Муножат Сафарбаевалар электрон китоблар, янги келган адабиётлар тўплами билан ўқувчиларни таништириб ўтди.
Ҳақиқатан, китобга меҳр қўйиб улғайган бола келажакда кам бўлмайди. Боланинг қалбига маърифат зиёси эса болаликдан турли хил эртаклар, достонлар, ҳикоялар орқали сингади. Натижада эса болаликда эртак ўқишни ўзига севимли машғулот қилган бола, келажакда катта катта асарларни, романларни мутолаа қилиб, мустақил фикрлайдиган, соғлом идрок юрита оладиган эркин фикрли шахс бўлиб етишади. Ким билади, балки китобхон болакай бир куни келиб ўзи ёзувчи ёки шоир бўлар. Ўзи асар яратар. Сабаби, мутолаа жараёнида инсон ўзи билмаган ҳолда ижодий қобилиятини ҳам ривожлантириши, кўнглидан кечган туйғуларини қоғозга кўчириши мумкин.
Ота-оналар, устозлар эса ўқувчиларнинг, фарзандининг қўлидан етаклаб кутубхоналарга олиб борса-ку, нур устига аъло нур. Бизнинг мақсадимиз ҳам, грант лойиҳасининг мақсади ҳам баркамол авлодни тарбиялашда китобларнинг, илм олишнинг нақадар улуғ ва кенг тушунчалар эканини ёш авлодга сингдиришдан иборат. Зеро, заррача фойдамиз тегса ўзимизни бахтиёр ҳис этамиз.
Азиза Мадраҳимова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶