Тош ёп овули: янгиланиш ва фаровонлик манзили
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, энг аввало, оддий инсонларнинг ҳаёт тарзини яхшилашга ва уларнинг турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Ушбу ислоҳотлар натижасида Амударё туманининг Тош ёп овули ҳам бугунги кунда том маънода янгиланиш ва бунёдкорлик майдонига айланган. Ушбу маҳаллада фаолият олиб бораётган “Маҳалла еттилиги”нинг ўзаро ҳамжиҳатлиги, бирдамлиги ва мақсадли интилишлари натижасида ҳудуд қиёфаси кундан-кунга гўзаллашиб, қатор салмоқли амалий натижалар қўлга киритилмоқда.
Бугунги кунда мазкур маҳаллада жами 710 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 730 та оила истиқомат қилади. Ҳудуднинг умумий аҳолиси 3725 нафарни ташкил этади ва уларнинг 1901 нафари хотин-қизлардан иборатдир. Бу рақамларнинг ортида шунча инсоннинг орзу-умидлари, қувончи ва эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишончи мужассам.
Қишлоқ жойларнинг инфратузилмасини тубдан яхшилаш мақсадида давлатимиз томонидан улкан лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳудудлар ривожида муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йилда Тош ёп овулини ривожлантириш режаси ишлаб чиқилиб, унинг доирасида устувор аҳамиятга эга бўлган 5 та йирик лойиҳа тасдиқланган эди. Мазкур лойиҳаларни амалиётга жорий этиш ишлари ўтган йиллар давомида жадал суръатларда олиб борилди.
Натижалар эса бугун кўзни қувонтиради. Ёш авлоднинг сифатли таълим олишини таъминлаш мақсадида овулдаги 5-сонли умумтаълим мактаби биноси тўлиқ қайта таъмирланди. Аҳолининг асосий эҳтиёжи бўлган ичимлик суви масаласи ҳам ижобий ҳал этилди. Маҳалланинг Мусаввир кўчасида жойлашган тозаланган ичимлик суви иншооти битказилиб, ишга туширилди ва ҳозирги вақтда фуқаролар тоза мусаффо сувдан фойдаланиб келмоқдалар.
Бундан ташқари, илгари маҳалла аҳли тиббий ёрдам олиш учун узоқ йўл босиб, шаҳар марказидаги касалхонага боришга мажбур эди. Бу ноқулайликка барҳам бериш мақсадида ҳудудда 50 та қабулга мўлжалланган янги Қишлоқ врачлик пункти қуриб битказилди ва фойдаланишга топшириш арафасида турибди. Қишнинг қаҳратон кунларида ва ёғингарчилик вақтида мактаб ўқувчиларининг лой кўчаларда юрмаслиги учун 4 километр узунликдаги махсус пиёдалар йўлакчаси барпо этилмоқда. Шу билан бирга, ички кўчаларни асфальт қилиш ишлари ҳам бошланиш жараёнида турибди.
Ободонлаштириш ишлари фақатгина давлат дастурлари билан чекланиб қолмаган. Овул аҳлининг ўзи ҳам юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, катта ташаббускорлик кўрсатмоқда. Жорий йилнинг февраль ойида фуқароларнинг фаоллиги натижасида тош ёпликлар “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида муваффақиятли иштирок этиб, ғолиб чиқди. Айни кунларда ушбу ғалаба самараси ўлароқ, маҳалланинг марказий йўлида асфальт ётқизиш жараёни қизғин давом этмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида жами 7,3 километр йўл текис ва равон ҳолатга келтирилади.
Аҳолининг бирдамлиги яққол намоён бўлган яна бир лойиҳа – жорий йилнинг 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган танловда овул ҳудудида очиқ спорт майдончаси қуриш лойиҳаси ғолиб деб топилди ҳамда унинг қурилиши учун вазирлик томонидан маблағ ажратилди. Эндиликда ҳудудда ўлчами 20 метрга 30 метр бўлган, барча учун хизмат қиладиган замонавий воркаут майдончаси бунёд этилади.
Маҳалла аҳлининг асосий даромад манбаи деҳқончилик ва чорвачиликка соҳаларидан келади. Ҳудуднинг меҳнаткаш фуқаролари томорқа маданиятини юксалтириб, чорвачилик, паррандачилик ва деҳқончилик орқали ўз оилаларига қут-барака олиб кирмоқдалар. Хусусан, Мусаввир кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Илҳом Худоёров бу борада кўпчиликка ўрнак бўлмоқда. У ўз хўжалигида чорва ва парранда боқиб, томорқасидаги турли экинлардан мўл ҳосил олмоқда. Шу билан чекланиб қолмасдан, у инкубация ускунасидан жўжа очириб чиқариш ҳамда асаларичилик билан ҳам шуғулланиб, нафақат ўз оиласи бюджетини бойитмоқда, балки маҳалла фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Шунингдек, ҳудудда меҳр-оқибат ва саховат тадбирлари ҳам тизимли йўлга қўйилган. Овул ободлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш мақсадида, ҳар ойда 1 маротаба кўмакка эҳтиёжманд камида 2 та оиланинг таъмирталаб хонадонларида оммавий ҳашар уюштирилмоқда. Аҳоли жипслашиб амалга ошираётган бундай эзгу ишлар натижасида кўплаб уйлар кўркам ҳолатга келтирилмоқда. Овулда яшовчи Музаффар Юлдашевнинг хонадонида ўтказилган ҳашар ҳам халқимизга хос бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир.
Давлатимиз томонидан ёшлар масаласига, айниқса, ижтимоий кўмакка муҳтож ўғил-қизлар тақдирига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги 1-сонли қарорига мувофиқ, 2-чорак “Йўл харитаси” ижроси доирасида Тош ёп овули ҳудудида кенг қамровли профилактик тадбирлар ўтказилди. Ушбу тадбирлар натижасида давлат кўмагига муҳтож бўлган, “оғир” тоифага киритилган ёшлар билан тизимли ижтимоий профилактика ишлари ташкил этилмоқда.
Маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда ҳудудда чуқур ўрганишлар олиб борилиб, ушбу тоифадаги шахсларнинг аниқ рўйхати шакллантирилди. Уларнинг муаммоларини тинглаш ва бартараф этиш мақсадида бу ёшларнинг барчаси “маҳалла еттилиги” вакилларига номма-ном бириктирилди. Жумладан, онаси вафот этган, отаси эса ҳеч қаэрда ишламайдиган, маҳаллада яшовчи Нодирбек Жумамуратовнинг ҳаётий муаммоларини ҳал этиш учун унга масъул раҳбар бириктирилиб, зарур ёрдам ва йўл-йўриқ кўрсатилмоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Амударё туманидаги Тош ёп овулида олиб борилаётган бундай кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ва инсонпарварлик тадбирлари, одамларнинг эртанги кунга бўлган умидини янада мустаҳкамламоқда. Инфратузилманинг тубдан яхшиланиши, янги ва замонавий йўллар, мактаб ҳамда шифохоналарнинг қад ростлаши, тадбиркорлик ташаббусларининг қўллаб-қувватланиши ва энг муҳими, инсон қадрининг улуғланиши — буларнинг барчаси фаровон жамият қуриш йўлидаги дадил қадамлардир. Аҳолининг ҳамжиҳатлиги ва давлатнинг бевосита эътибори уйғунлашган бу каби овул ҳамда маҳаллалар фаровонлик ва меҳр-оқибат бешигига айланиб улгурди.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶