ЯНА БАҲОР КЕЛДИ БИЗНИ СЎРОҚЛАБ
Кўҳна шудгорларнинг рошида яхлаб,
Қишдан омон чиққан майсани йўқлаб.
Саболар базмига ўзини чоғлаб,
Ҳамалга юз бурган офтобрўялаб,
Яна баҳор келди бизни сўроқлаб.
Нур қўйнида замин. Тонглар чароққос,
Табиатнинг ўзи мукаммал раққос.
Тоғ-у тошларга ҳам қўйиб зўр ихлос,
Чарх уриб айланди Ватанни раққос –
Далаларда қолган изни сўроқлаб.
Майин сабо эсди ой тўлган кеча,
Кўнгиллар мастона, тўлғонган кеча.
Баҳорий оҳанглар сеҳрини қуча,
Дил-дилни излади ой нурин ича –
Висолга ошиққан қизни сўроқлаб.
Уя ғамин чеккан қушлар жонҳалак,
Самода турналар карвони лак-лак.
Офтобрўяларда майсаранг палак,
Абри найсонларга маҳлиё фалак –
Олам Наврўзини очди варақлаб.
Ашъорлар янгради. Мадҳида Наврўз,
Ерга уруғ тушди, насиба – ризқ-рўз.
Маҳорат, машқини этганча кўз-кўз,
Чўл-у даштга бериб айрича пардоз –
Баҳор кўнгилларни қучди чарақлаб.
Ҳув қирлар бағрига ўтовлар тикиб,
Чавандоз ўғлонлар турар энтикиб.
Кўпкари садоси оламни тутиб,
Миллатлар бирлашди улоққа етиб –
Арғумоқ манглайи кундай ярақлаб.
Эҳе-ҳей! Қамчи бос! Тулпорлар елди,
Енгилмас, кўпкари хуморлар келди.
Жўшқин юракларга орзулар инди,
Мардлик айёмига эл силтов энди –
Боқий қадриятлар кўзларда чақнаб!
Юксалди қалбларда шу дам орият,
Элим, юртим, деган ҳар бир ҳақ ният.
Шудир халқим учун эзгу моҳият
Ва ҳаёт тахтида мангу офият –
Омонлик дамларин қучдик чарақлаб!
Само ёйин тортди камалак рангда,
Кўклам жилваланди гул-чечакларда.
Арғумоқлар учган анов қирларда
Қирғиз, қозоқ, тожик, туркман – қаранг-а,
Ўзбекка дил берди кетмай йироқлаб!
Марказий Осиё гўё бирлашиб,
Оппоқ ўтовларда сий-иззатлашиб.
Ёруғ ниятлардан бир-бир сўзлашиб,
Улуғвор манзиллар йўлин кўзлашиб –
Қардошлик туғини тутди ардоқлаб!
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶