ЭЛ НАЗАРИДАГИ ИНСОН
Қайси оилада муроса яхши бўлса, файзи остонасидан билиниб туради. Ҳовлиси атрофини кўрибоқ шу ерда қандай одамлар яшашини тасаввур этиш мушкул эмас. Кимнинг қандайлиги ўтириш-туришидан ҳам маълум.
Қиличбой овулининг марказида шундай хонадон бор: кўчадан ўтган одамнинг диққатини тортгулик, то ҳовли томигача туташган нафармон рангли очилиб турган гуллар ҳовли олдига тангадай офтоб туширмайди. Том баравар бўйли, тартиб билан экилган арчалар атрофга ўзгача файз-тароват бахш этиб туради. Ҳовли томон юриб, атрофларида, томорқа четларида, томорқа ўртасидаги йўлакча бўйлаб қийғос гуллаб турган турфа гуллар ҳусни-ю ифорига, гўзаллигига қойил қолмай иложингиз йўқ. Беихтиёр ҳайрат, ҳавасдан кўз олдингиздаги ажиб нафислик ва гўзалликни ифодалашга сўз топа олмай қоласиз.
Менинг бу таърифларимни ўқиб, гулчилик билан шуғулланиб, яхшигина даромад олаётган оила ҳақида гап бошлаяпти, деб асло ўйламанг. Бу Қиличбой овул фуқаролар йиғини раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Баҳром Қодировнинг хонадонидир.
Салкам 60 ёш остонасига етган Баҳром Қодиров оилада 12 нафар фарзанднинг бири эди. Ўрта мактабни тугатгач, ўз қизиқишларига биноан Фарғона Политехника институтида инженер-механик мутахассислиги бўйича ўқиди. 21 йил Қиличбойда фаолият юритган собиқ Амударё маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида директор ўринбосари, кейинчалик ушбу коллеж директори вазифаларида ишлади. 2019 йилда бўлиб ўтган овул фуқаролар йиғинлари раислари сайловида қиличбойликларнинг ишончига сазовор бўлиб, ушбу масъулиятли лавозимга сайланди. Унинг зиммасига 5452 нафар аҳоли истиқомат қилувчи овулда турмуш сифатини яхшилаш, аҳолининг кам таъминланган қатламини моддий қўллаб-қувватлаб, ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашига, оилаларда ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик барқарор бўлишига эришиш, ҳар қандай ҳуқуқбузарликлар, қонун бузилишларининг олдини олиш, бир сўз билан айтганда, ҳар бир оиланинг тинч-осойишта ва фаровон яшашини таъминлашдек масъулиятли вазифалар юкланди.
Овул ҳудудини айланиб, одамлар ҳаёти билан, овул фуқаролар йиғини фаолияти билан танишган киши Б.Қодировнинг ўз вазифасини қандай адо этаётгани ҳақида аниқ тасаввурга эга бўла олади. Йиғин 2015 йилда “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” кўрик-танловининг қуйи босқичларида ғолибликни қўлга киритиб, мамлакат босқичида фаол иштирок этганлигини эътироф этиш ўринли. Кейинги йилларда ҳам овулда аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратишга алоҳида эътибор берилмоқда. 2020 йилда янги раис овул Туркманистон давлати билан чегара ҳудудда жойлашганлиги сабабли аҳоли орасида чегараолдида тинчлик-осойишталик сақланиши учун тушунтириш-тарғибот ишларини яхши олиб борганлиги учун Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли 9202 ҳарбий қисм командирининг ташаккурномасини олишга эришди.
Йўлдош Жуманиёзов аграр соҳада ишлаб, ёшга доир пенсияга чиққанига ҳам анча бўлди. Бироқ оёқ узатиб, ҳаётга томошабин бўлиб ўтиргиси келмай, уйда чорваси, томорқасига қарашади. Фаолиятини кенгайтириш учун чоравасини кўпайтиришга маслаҳатга келган эди, оқсоқол уни қўллаб-қувватлади ва янги ғоялар ҳам берди. Овулда ветеринарияга оид дори-дармонлар билан савдо қилувчи дўкон йўқ, фарзандларининг хусусий озиқ-овқат дўкони ёнига қўшимча хона қуриб, ана шундай фаолиятни йўлга қўйса, овулдошлар эҳтиёж учун Манғитга бориб овора бўлиб юришмасди, янги қулайлик яратилган бўлар эди.
Кейин отахон нодавлат оилавий мактабгача таълим ташкилоти очиш ниятида қураётган биносида олиб борилаётган ишлар ҳақида гаплашдилар.
Кўнгли кўтарилиб, оқсоқолдан миннатдор бўлиб қайтаётган отахон “отангга раҳмат”, деб қўйди.
Бундай дамлар унинг ҳаётида тез-тез такрорланиб туради. Шу эл ташвиши билан яшаб ўтаётган кунлари бесамар кетмаётганига, хизматларини эл эътироф этаётганига қувонади, шаҳар тусига кирган овул марказини, барча ҳудудларини айланиб, одамлар онгу-тафаккуридаги яхши яшаш учун интилишларни англаб, қувонади. Ахир шу элдаги ҳар бир яхши иш, бунёдкорлик, ўзгариш, янгиланиш яхшиликдан, фаровонликдан дарак беради-да.
Ҳаётдан фақат берганингни оласан, дейди донолар. Агар шу маънода олиб қарайдиган бўлсак, Б.Қодировнинг ҳаётга бергани ҳам, олгани ҳам бир неча кишига улуш бўлгулик: 11 нафар фарзанд учирма бўлган ота ҳовлисини ҳудуддаги 27-мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи бўлиб ишлаган турмуш ўртоғи билан обод, файзли, бағри кенг масканга айлантирди, икки қиз, бир ўғилни эл корига ярайдиган эс-ҳушли, одобли, илмли қилиб вояга етказишди, ҳозир уларнинг иккови тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишади. Ўғли Дилмурод 15-мактабда ёшларга таълим-тарбия бериш билан бирга ҳаётда отасининг ишончли суянчиғи, кўмакчиси. У “Элмурод” масъулияти чекланган жамиятини тузиб, Қиличбой овули марказида банк кредити ҳисобига икки қаватли улкан бино қуриб, озиқ-овқат дўкони, тикувчилик хонаси, аёллар ва эркаклар салонлари, маиший техникаларни таъмирлаш устахонаси, нон пишириш цехи, тўлов қабул қилиш шохобчасини ташкил қилди. Бу йилги олийгоҳларда ўқиш истагида бўлган ҳудуд ёшларининг ҳужжатларини ҳам онлайн топширишга кўмаклашди.
Бино ертўласида эса минерал ўғитлар билан савдо қилувчи дўкон фаолият юритади. Барчаси томорқа ерига, ижара ерга эга, азал-азалдан деҳқончиликда мўл ҳосил етиштириш ҳадисини олган қиличбойликлар учун ҳам, ҳудуддаги бошқа овул, маҳаллалар фуқаролари учун ҳам бу жуда яхши қулайлик бўлди, вақт, маблағ сарфлаб ўғит учун Манғитга келиб кетишдан қутулишди.
Яна оиланинг икки гектарлик ижара ери ҳам бор. Турли экинлар экиб, мўл ҳосил олишади. Томорқасининг ўзидан-оқ бир йиллик оила эҳтиёжини қоплагудай картошка, пиёз, сабзи, помидор, бодринг, булғор қалампири, сарим-соқпиёз, бақлажон каби экинлардан ҳосил олинади.
Мевасидан шохлари эгилиб турган олма, шафтоли, анжир каби мевали дарахтларни кўрган кишининг ҳаваси келиши тайин. Бодом, чилонжийда, дўлана каби ҳудудимизда кам учрайдиган мевалар ҳам Б.Қодировнинг томорқасида бор. Яна ҳовли атрофи айлана қилиб экилган 40 туп атиргул ва ўн хилдан ортиқ турли гуллар ҳовлига ўзгача файз бериб турибди.
Олтмиш ёш остонасига бориб қолган, элда обрў-эътиборли бу инсонга шунча ишларни йўлга қўйишга йўл-йўриқ, далда бериб ўтиргувчи инсон – онаси, тўқсон ёшга етай деб турган Бика момо экан.
Умр бўйи аграр соҳада меҳнат қилган турмуш ўртоғи билан фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб, не бир машаққатлар эвазига вояга етказган онахон 33 йил мактабда фаррошлик қилган, уйда томорқа, чорва билан шуғулланиб, фарзандларини зориқтирмай едириб-ичириб, оёққа қўйган бўлса-да, ҳамон зеҳни ўткир, чор-атрофидаги воқеаларга фаол муносабат билдиради, фарзандларига, невараларига маслаҳатлар бериб ўтиради.
Она-боланинг ўзаро суҳбатлашиб ўтирган лаҳзаларига гувоҳ бўлган киши фарзандига фидойи она ва унинг бағрида дунё ташвишларидан холи болакайни кўргандай бўлади, гўё. Невара, чевара, эвараларининг сонини ҳам билмайдиган (ахир улар кўпчилик) нуроний онахоннинг кўзлари заифлашган бўлса-да, ўзи тетик, зийрак, фарзандлари, невара, эвараларини қадамидан ажратиб олади.
Оиладаги ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат киши ҳавасини келтиради. Уч нафар неваралари онаси қолиб “ота”, “ота”лаб талпиниб турганидан Б.Қодировнинг болажонлигини англаш қийин эмас. Бироқ ҳар бир кун якунланганида ўғли Дилмуроднинг нима ишлар қилганлиги, қайси маблағни қандай сарфлагани-ю эртаги кунги режалари ҳақида ҳисобот олиб ўтирганида унинг қиёфасида тадбирли ва қаттиққўл отани кўриш мумкин. Ҳалоллик, тўғрисўзлик, инсоф унинг ҳаётда амал қиладиган асосий қоидалари.
Аҳил оиланинг ҳар бир кунини ёзувчи мароқли ҳикоя саҳифаларига ўхшатган экан. Ана шундай оила бунёд этган инсонлар чинакам бахтиёр инсонлардир.
Эл назаридаги инсон Баҳром Қодиров шундайлар сирасидан. Биз унга илоҳим, юрт ғамида ишлаб чарчаманг, дея тилаб қоламиз.
Ойгул РАЖАБОВА,
Маҳмуд ШОМУРОДОВ, газетанинг махсус мухбирлари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶