Хизр эли маҳалласи: ижтимоий ҳимоя — инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилмоқда
Юртимизда эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларни қийнаётган муаммоларни жойида ўрганиш ва ҳал этишнинг янги, самарали механизмлари жорий этилиб, бугун кундалик ҳаётимизда ўз натижасини бермоқда. Бу борадаги тизимли ишларнинг ёрқин ифодасини Амударё тумани марказидан 12 километр узоқликда жойлашган Хизр эли маҳалла фуқаролар йиғини мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Мазкур маҳаллада бугунги кунда жами 3946 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуддаги 101 та оила ижтимоий реестр рўйхатига киритилган бўлиб, улар давлатнинг доимий эътибори ва ғамхўрлиги остидадир. Шунингдек, маҳаллада 112 нафар ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатга олинган. Уларнинг таркибига назар ташлайдиган бўлсак, 1-гуруҳ ногиронлари 17 нафарни, 2-гуруҳ 65 нафарни, 3-гуруҳ эса 8 нафарни ташкил этади. Бундан ташқари, 6 ёшгача бўлган болалар 12 нафар ҳамда 7-17 ёшдагилар ҳам 12 нафардан иборат. Президентимиз ташаббуси билан маҳаллаларда жорий этилган янги тизим асосида бу ерда ижтимоий ходим Соҳиба Собирова фаолият олиб бормоқда ва ижтимоий хизматларнинг бевосита аҳоли хонадонларигача кириб боришини таъминламоқда.
Ижтимоий ходим томонидан маҳалладаги эҳтиёжманд фуқароларнинг тўлиқ ва аниқ базасини шакллантириш мақсадида кенг қамровли хатлов жараёнлари ўтказилди. Хусусан, 12 та тоифа бўйича аҳолининг яшаш шароитлари ўрганилиб, уларнинг дарду ташвишларига қулоқ тутилди. Амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни парваришлаётган ота-оналарнинг бандлигини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратилди ва 10 нафар фуқаро билан бу борада тегишли амалий ишлар олиб борилди. Қолаверса, 80 ёшга тўлган кекса нуронийлар ҳамда 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга қараб туриш ҳолатлари ўрганилиб, қонуний асосда далолатномалар расмийлаштирилди.
Ижтимоий кўмак фақатгина ҳужжатлаштириш билан чекланиб қолмай, балки реал ҳаётий ёрдамлар ҳам кўрсатилмоқда. Жумладан, эҳтиёжманд 2 нафар ногиронлиги бўлган фуқарога махсус протез-ортопедия мосламалари бепул етказиб берилди. Жорий йилда муборак Рамазон ойи муносабати билан ижтимоий реестрда турувчи, давлат таъминотидаги оилаларга бир марталик моддий ёрдам пуллари ажратилиб, уларнинг хонадонларига байрамона қувонч олиб кирилди.
Бундай эзгу ишларнинг натижасини инсонлар тақдирида содир бўлаётган ижобий ўзгаришларда яққол кўриш мумкин. Масалан, Хизр эли маҳалласида яшовчи, 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган Зафар Тажибоевнинг кўзи ҳомийлар жалб этилган ҳолда муваффақиятли операция қилиниб, унинг саломатлигини тиклашга катта ҳисса қўшилди. Шунингдек, маҳаллада якка-ёлғиз яшовчи Ақилажон опа Эшниёзова ҳолидан ҳам доимий хабар олиниб, унга ўз вақтида зарур ижтимоий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда. Яна бир фуқаро, 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган Комила Хамидова ҳам эътибордан четда қолмаган бўлиб, унга ҳомийлар ва ижтимоий хизматлар томонидан мунтазам равишда керакли кўмаклар бериб келинмоқда.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, фуқароларнинг дардига шерик бўлиш, уларга эътибор ва меҳр кўрсатиш инсонпарварликнинг энг юқори чўққисидир. Олиб борилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар оғир вазиятдаги фуқароларнинг жамиятга тезроқ мослашувига ва эртанги кунга бўлган ишончининг ортишига хизмат қилмоқда. Давлат томонидан яратилаётган бундай имкониятлар ва тизимли ғамхўрлик юртимизда ҳеч бир инсон эътибордан четда эмаслигини, ҳар бир фуқаро жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топиб, фаровон ҳаёт кечириши учун барча шарт-шароитлар яратилаётганини амалда исботламоқда.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶