Саховатпеша тадбиркорлар томонидан тақдим этилган озиқ-овқат маҳсулотлари Янгиобод маҳалласидаги эҳтиёжманд оилаларга тарқатилди
Бағрикенглик, саховатлилик, бир-бировга мурувватлилик, меҳр-оқибат каби олижаноб хислатлар азал-азалдан ўзбек халқининг қон-қонига сингиб кетган. Не-не синовларни, не-не оғир кунларни енгиб ўтган метин бардошли, ҳокисор халқимиз илло бугунги бутун инсониятга хавф солиб турган кутилмаган офат – коронавирус пандемиясини хам бир-бировга суянчиқ бўлиб, албатта, енгиб ўтади.
Мана шундай қийин кунларда бизнинг маҳалламизнинг саховатпеша, олижаноб тадбиркорлари иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечираётган кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган оилаларга ўзларининг ёрдам қўлларини чўзишмоқда. Янгиобод маҳалласида яшовчи тадбиркорлардан Рустам Юсупов, Ойбек Камолов, Раматулла Якубов, Ҳамро Хўжаев, ёш тадбиркорлар Ўктам Исмоилов, Равшан Озодов, Гулбарчин Холбоева, Наргиза Қутлимуродова каби саховатпеша инсонлар айни эл бошига ташвиш тушган синовли кунларда эҳтиёжманд аҳолига елкадош бўлиш мақсадида туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими қошида ташкил этилган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини тақдим этишмоқда. Тадбиркорлар томонидан тақдим этилган ун, ёғ, гўшт, макарон, чой, шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини марказ волонтёрлари ҳамда тегишли масъуллар манзилларга тарқатишмоқда.

20-21 апрель кунлари Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини томонидан Марказга мурожаат қилган фуқароларнинг оилавий шароити ўрганилиб, ҳақиқий муҳтож деб топилган 80 га яқин хонадонга бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари олиб бориб берилди. Бу эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлган оилалар Президентимизга, тадбиркорларга, туман мутасаддиларига, мана шундай хайрли ишларнинг бошидан турган барча инсонларга ўзларининг миннатдорликларини изҳор этдилар.
Навоий хазратларининг шундай байтлари бор:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлағай,
Онча борким Каъба вайрон ўлғач обод айлағай.
Дархақиқат,инсондан яхши ном ва яхши, савобли ишлар мерос бўлиб қолар экан, азиз умримизни фақат ва фақат эзгуликка бахш этмоқ керак. Ҳеч бир оила, ҳеч бир инсон эътибордан четда эмаслигидан далолат бергувчи бундай хайрли ишлар туманимизда узлуксиз давом эттирилмоқда.
Зебо Ражабова, Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶