МАҚСАДИМИЗ – ВАТАНПАРВАР ЁШЛАРНИ ТАРБИЯЛАШ
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг асосий вазифаси Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, ёшлар ва фуқароларни меҳнатга жалб этиш, Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлаш, ёшлар, фуқаролар ўртасида она Ватанни ҳимоя қилиш ҳақидаги ғояларни тарғиб этиш орқали уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларида кўмаклашишдир
Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти туман Кенгаши ўқув спорт-техника клуби томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 2019 йил давомида ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Ёш чегарачи”, “Бургутлар”, “Темурбеклар” каби ҳарбий спорт ўйинлари мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда. Айниқса, спортнинг техник ва амалий турлари бўйича олиб борилаётган тадбирларда юзлаб туманимиз ёшлари иштирок этишмоқда. Ҳаво милтиғидан ўқ отиш, ёзги биатлон каби спорт турлари бўйича ўтказиладиган Қорақалпоғистон Республикаси биринчилиги мусобақаларида туманимиз спортчи ёшлари фахрли ўринларни эгаллаб келмоқдалар. Ўтган 2019 йилда ёзги биатлон спорт тури бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида Шуҳрат Жумабоев фахрли 3-ўринни эгаллаб, спорт усталигига номзод нормативини бажарди.
Бундан ташқари, 2019 йил давомида мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти туман Кенгаши томонидан 700 нафар ёшлар “В” ва “BC” тоифаларидаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлдилар.
“Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ҳам туманимиздаги барча ўқув муассасаларида чақириққача ёшларни тайёрлаш ва жисмоний тарбия фани ўқитувчилари билан ҳамкорликда “Она Ватанимга хизмат қиламан”, “Бургутлар”, “Темурбеклар”, “Ёш чегарачи”, “Қасамёдим дилимда” каби мавзуларда маданий-маърифий тадбирлар, ҳарбий спорт ўйинлари ташкил қилинди. Бу тадбирларда умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари фаол иштирок этишди.
Ватанни севиш, унга садоқат билан хизмат қилиш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи. Бўлиб ўтган тадбирларда қалбларида ватанпарварлик туйғулари жўш урган ёшлар ўзларининг билимдонликларини, иқтидорларини, жисмоний ва маънавий етукликларини намоён этдилар.
Шуҳрат КАМОЛОВ,
мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти туман Кенгаши ўқув спорт-техника клуби раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶