ВАҚТИДА ТЎЛАНМАГАН ҚАРЗДОРЛИК ЖАРИМАГА САБАБ БЎЛАДИ
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2018 йил 22 октябрь кунги Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 198 (1)-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Энг кам иш ҳақининг ўн бараварига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги суммани ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатининг мазкур ҳужжатни ихтиёрий равишда ижро этиш учун давлат ижрочиси белгилаган муддатда қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаслиги:
фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан кўп миқдордаги суммани ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатининг ушбу ҳужжатнинг ихтиёрий равишда ижро этилиши учун белгиланган муддатда қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаслиги ёки қарздорнинг зиммасига муайян ҳаракатларни бажариш ёхуд бу ҳаракатларни бажаришдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи ижро ҳужжатининг давлат ижрочиси белгилаган муддатда қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаслиги:
фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».
Бу ўзгаришларнинг мазмуни шундан иборатки, Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодексида илгари ижро ҳужжатидаги ундириш лозим бўлган қарздорлик суммаси белгиланмаган эди.
Бундай ҳолда давлат ижрочиси томонидан тегишли ижро ҳужжатини ихтиёрий равишда ижро қилиш учун белгиланган муддатда қарздорлар томонидан узрли сабабларга кўра бажарилмаганлиги учун камида энг кам иш ҳақининг беш баробари миқдорида жарима солишга сабаб бўлар эди.
Қонунчиликка киритилган ўзгартиришлардан кейин эса юқоридаги каби ҳолатда жарималар ундирилиши лозим бўлган қарздорлик миқдорига қараб қўлланиладиган бўлди.
Тўлов ижро ҳужжатларини ўз вақтида бажарган ва қарзларини муддатида тўлаган шахслар ҳеч қандай жаримага тортилмаслигини эсдан чиқармаслик лозим. Хулоса шуки, вақтида тўланмаган қарздорлик жарима солинишига сабаб бўлади. Бунга йўл қўйманг ва оилангиз даромадини беҳуда сарфламанг!
Азамат ЙЎЛДОШЕВ, Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси
бошқармаси бошлиғи ўринбосари, адлия маслаҳатчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶