ТАБИИЙ ГАЗДАН НОҚОНУНИЙ ФОЙДАЛАНИШ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛАДИ
Қувурдан беминнат келиб турган “зангори олов” нафақат хонадонимизни иситади, балки ошхонамизни саранжом-саришта сақлаш, экологияга зарар етказмасдан овқат пишириш имконини беради. Ана шу имкониятдан самарали фойдаланиш, исрофгарчиликларнинг олдини олиш эса ҳар бир хонадон эгасининг зиммасидаги фуқаролик бурчи, қолаверса, яратиб берилган қулай шароитларга нисбатан инсоний муносабати ҳамдир.
Аввало шуни алоҳида таъкидлаш керакки, табиий газдан фойдаланувчилар бу борада истеъмолчи сифатидаги ўз ҳақ-ҳуқуқларидан ташқари, табиий газ таъминоти идоралари томонидан қўйиладиган қонуний талабларни ҳам яхши билишлари талаб этилади. Чунки айнан ана шундай қонуний талаблар ҳақида зарур тушунчаларга эга бўлмай туриб, табиий газдан фойдаланишда жиддий хатоларга йўл қўйиш эҳтимоли юқори бўлади ва бундай ҳуқуқбузарликлар оилалар бюджетига моддий жиҳатдан зарар келтиради.
Амударё туман газ таъминоти идораси ходимлари томонидан Ўзэнергоинспекция мутахассислари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган тарғибот-ташвиқот тадбирлари ва тушунтириш ишларига қарамасдан истеъмолчилар орасида табиий газдан фойдаланиш талабларига риоя қилмаслик ҳолатлари содир этилаётгани ачинарли. Ваҳоланки, ҳуқуқбузарлик ҳолатини содир этган истеъмолчи тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ албатта жазоланади, шу билан бирга табиий газ тармоғига ноқонуний уланиш мақсадида ишлатган барча асбоб-ускуналари мусодара қилинади. Албатта, бу каби ҳолатлар истеъмолчининг оиласи учун анчагина моддий зарар келтиради.
Аҳоли хонадонларида ўтказилаётган рейд тадбирлари ва учрашувларда ваколатли ташкилотлардан рухсат олмасдан ва тегишли тартибда шартнома расмийлаштирмасдан табиий газ тармоғига уланиш, ҳисоблагичга ва масофадан туриб ўчириб-ёқиш клапанига, газдан фойдаланиш ускуналарига ўрнатилган пломбаларга шикаст етказиш, газ ҳисобини юритмай, ҳисоблагичдан фойдаланмасдан табиий газни ишлатиш, газ қувурлари ёки газ тақсимлаш шохобчаларида газ тақсимлаш тармоқларининг технологик режимини бузишга олиб келадиган қурилмаларни ўрнатиш ҳуқуқбузарлик саналиши ва тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ айбдорларга албатта қонуний чоралар кўрилиши таъкидланмоқда.
Бундан ташқари, табиий газ сарфини ҳисобга олишни нотўғри кўрсатиш мақсадида ҳисоблагичнинг ички қисмларини, конфигурацияси ва созлигини қасддан ўзгартириш, рухсат этилмаган бошқа алоқа воситаларини ўрнатиш, истеъмолчининг айби билан ҳисоблагичнинг хотирасидаги маълумотлар йўқ қилиниши, ҳисоблагичдан ташқари, яширин йўллар билан табиий газ тармоғига уланиши, табиий газ тармоғига бошқа техник воситаларни ўзбошимчалик билан пайвандлаш ҳолатлари кузатилганда ҳам истеъмолчига нисбатан қонун ҳужжатларига кўра ҳуқуқий чоралар белгиланиши ҳақида барча истеъмолчилар огоҳлантирилмоқда.
Шунингдек, хонадон эгаларига газ ҳисоблагичнинг қиёсловдан ўтказиш муддати ўтиб кетганда, истеъмолчи томонидан ҳисоблагич пломбаси бузилганида ва пломба тегишли ваколатли органлар томонидан яроқсиз деб топилганида истеъмолчи пломбани рухсатсиз бузгани учун белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳам тушунтирилмоқда.
Ўтган 2024 йил давомида Амударё туманининг Ойбек номли маҳалласи ҳудудида ўтказилган текширувлар натижасида бир нечта хонадонларда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, содир этилган ҳуқуқбузарликлари учун хонадон эгаларига нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, маъмурий чоралар кўрилган эди. Хусусан, маҳалла ҳудудида ўтказилган қўшма рейдлар натижасида 4та ҳолатда жами 14 минг 820 куб метр ноқонуний газ сарфи аниқланиб, айбдорлар давлатга 23 миллион 120 минг сўм моддий зарар етказгани бўйича далолатнома расмийлаштирилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 10 январь куни яна бир фуқаро хонадонида табиий газдан фойдаланиш бўйича назорат ўтказилганида, унинг табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб олганлиги аниқланди ва 5 минг 313 куб метр газ сарфи ҳисобланиб, фуқаро томонидан давлатга 13 миллион 815 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирилди.
Бу каби ҳолатлар нафақат давлатга, балки жамики табиий газ истеъмолчиларига нисбатан хиёнатдир. Чунки ҳуқуқбузарлик қилган истеъмолчи ўз хатти-ҳаракати билан ён қўшнисининг, маҳалладошларининг хонадонларида табиий газ босимининг пасайиб кетишига, шунингдек, баъзи ҳолларда тақиқланган усуллар билан табиий газ тармоғига ноқонуний уланиш орқали бахтсиз ҳодиса – ёнғин келиб чиқишига сабабчи бўлади. Шу боис, истеъмолчилар табиий газдан фойдаланиш борасидаги тартиб-қоидаларга доимий равишда амал қилишлари жоиз.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶