ОИТС – ТУБСИЗ ЧОҲ, УНДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!
ОИВ инфекцияси одамнинг иммунитет танқислиги вируси юққанлиги оқибатида келиб чиқадиган сурункали юқумли касаллик, ОИТС – орттирилган иммунитет танқислиги синдроми касалликнинг ўзига хос белгилари шаклланган даври, ОИВ инфекциясининг сўнгги босқичидир.
Касаллик манбаи беморлар ва одам иммунитети танқислиги вирусини ташиб юрувчи шахслар ҳисобланади. Эпидемиологик жиҳатдан вирус ташиб юрувчилар беморларга нисбатан ҳам хавфлироқдир. Чунки улар касалликнинг яширин даврида ҳеч қандай касаллик аломатларини сезмайдилар, ҳатто ўзида ОИВ вируси борлигини билмайдилар. Улар касалликнинг яширин даврида (бу муддат 3-6 ойдан 10 йилгача ҳам давом этиши мумкин) бошқа шахсларга касаллик вирусини турли йўллар билан юқтириши мумкин.
Туман Тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникасида фаолият кўрсатаётган Республика ОИТСга қарши курашиш марказининг тумандаги лабораторияси ходимлари шифокорлар билан ҳамкорликда ушбу касаллик тарқалишининг олдини олиш борасида кўплаб чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Лабораторияда бир нафар лаборант-шифокор, икки нафар лаборантлар олинган қон таҳлилларини ўз вақтида ҳаққоний текшириб, натижаларини маълум қилишмоқда. Бу ерда асосан ҳомиладорлар рўйхатига тураётганлар, никоҳ олди тиббий текширувдан ўтаётганлар, чет давлатларда бўлиб қайтганлар, марказий касалхонада даволанаётган беморлардан олинган қон таҳлиллари замонавий илғор технологиялар асосида текширилади.
Ҳар куни 80 та қон таҳлилларини текшириш имкониятига эга лабораторияда олинган таҳлилларда ОИВ инфекцияси аниқланса, шу одам қайта текширувга жалб этилади ва қон таҳлили Нукус шаҳридаги Республика ОИТСга қарши курашиш марказига юборилади. Касаллик аниқланган одам даволанишга жалб этилади.
ОИВ инфекциясига қарши текширувлар натижаси мутлақо махфий ва бепул амалга оширилади ҳамда касалликка чалинганлар бепул дори воситалари билан таъминланадилар.
Мен хизмат жараёнимда қон таҳлилида ОИВ инфекцияси аниқланган фуқароларга бу ҳақда маълум қилганимизда қандай даҳшатга тушишларига гувоҳ бўламан. Ва таъкидламоқчиманки, соғлом, бахтиёр яшаш ҳам ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.
Хушрўй ЭРМАТОВА, Республика ОИТСга қарши курашиш марказининг
тумандаги лабораторияси шифокор-лаборанти.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶