ҲАР БИР СЎЗИ ИБРАТ
Одатда биз иймон-эътиқодли, қалби тоза, эзгу фазилатларга эга инсонларни фариштага ўхшатамиз, уларни жуда фариштали одам, дея алқаймиз. Аслида ҳам инсоннинг юзидан унинг қандай одам эканлиги сезилиб туради.
Қурбонбика момони Манғитда, Чойкўл овулида, Қипчоқ овулида танимайдиганлар кам. Таниганлар фариштали момо, дея таърифлашади.
У 1938 йилда "Чойкўл” овулида туғилди. 3 ёшида онасидан айрилиб, етимлик азобини, давр машаққатларини тотиб ўсди. Отаси Камол Юсупов тилидан шукронаси тушмайдиган, кенг феълли одам эди. Иккинчи жаҳон урушига кетиб, шаҳид бўлгач, қизалоқ ҳам ота, ҳам онадан айрилиб, дардларини меҳнат билан енгди. 12 ёшидан пахтачиликдаги барча ишларда катталар қатори меҳнат қилди. 18 ёшида собиқ Энгельс номли колхозга келин бўлиб тушди. Турмуш ўртоғи Сафарбой Эшмуродов хўжаликда ер тузувчи, қурилиш прораби кабитурли лавозимларда ишлади.
1958 йилда "Қипчоқ” ва Манғит туманлари бирлаштирилган вақтда, уларнинг оиласи хизматчилик юзасидан Манғит шаҳрининг ҳозирги "Чордара” маҳалласига кўчиб келишди ва турғун яшаб қолишди.
Қурбонбика момо турмуш ўртоғи эрта вафот этиб кетганидан сўнг 8 нафар фарзандни ҳам она, ҳам ота бўлиб йўлга солди.
Ҳозир онахоннинг ўғил-қизларининг ҳар бири алоҳида оила бўлиб, палак ёйишган. Ўғиллари бири электрик, бири механик, бири ҳайдовчи бўлиб ишлаб, оилаларини оёққа турғизишди. Бири чевар, бири тадбиркор, бири ўқитувчи қизлар – келинлардан ҳам кўнгли тўқ. Бироқ саксон ёш остонасидаги онахоннинг ҳам ўзига тан юмушлари кўп: "Чордара” маҳалла фуқаролар йиғини, неваралари ўқийдиган мактабларда бўладиган йиғилишларда қатнашади, муҳокама этилаётган масалаларга ўз муносабатини билдиради, ёшлардан оила тотувлиги, қўшничилик муносабатлари-ю ўзаро ҳамжиҳатликда яшаш борасида маслаҳатларини аямайди, ўзининг, ўзи тенгиларнинг бошидан кечирган оғир кунларини ибрат қилиб айтиб беради, бугунгидай дориломон кунларни қадрлашга ўргатади. Гоҳ Аҳмад Яссавий ҳикматларидан, гоҳ бошқа аллома боболаримизнинг ибратли сўзларидан келтиради, ўзи эса ҳозир ҳам мутолаадан тўхтамайди. Суҳбатдош бўлган одам онахоннинг зеҳнига, хотираси кучлилигига қойил қолмай иложи йўқ.
– Бўш вақт топсам, бекор ўтирмай деб болаларга тушлик тайёрлаб, уйларни йиғиштираман. Ахир келин қачон ишдан келиб, бажаради, деб ўтирсам, унда қандай одам бўлдим?
Қурбонбика момонинг ўз ҳаётий фалсафаси бор: одам Яратган берган умрда эзгу ишлар қилиб, ҳеч кимга оғирини туширмай яшаши керак. Бу қоидасига амал қилган онахон ҳатто 2008 йилда муқаддас ҳаж зиёратига бораётганида ўғилларининг Нукус аэропортига кузатишга чиқишига ҳам рухсат бермаган экан.
– Кўпгина қайнона бўлган аёллар энди киримни келин ювиб, овқатимни олдимга олиб келиб қўйиши керак, деб ҳисоблашади, – дейди Қурбонбика момо кулиб. – Аслида биз бандаларга берилган умрнинг ҳар лаҳзасининг сўрови бор. Шундай экан, ҳар ким имконига яраша иш билан машғул бўлиши керак.
30 нафар невара, 21 чевара дийдорига мушарраф бўлган фариштали момо билан қанча суҳбатлашманг, ҳеч зерикмайсиз, ҳар бир сўзидан ҳаётий ҳикмат топасиз, узатилаётган қизларга ёр-ёр айтгандаку, эшитганнинг кўнгли сел бўлади, насиҳатларига кўпчилик ёшлар амал қилиб юришади.
– Бугунгидай ҳурзамонни салкам саксонга кириб, энди кўраяпман. Ҳамма ўз уйида тинч, хотиржам, дастурхонида турли неъмат. Яна эл бошчилари, маҳалла оқсоқоли турмушингизда не муаммолар бор, деб хабар олиб турса, бундан ортиқ маъмур ҳаёт, иззат-икром бўлмаса-ов, одамга, – дейди момо шукрона билан қўли кўксида.
Аслида юртимиз файзи, фариштаси бўлган Қурбонбика момодай нуронийларимиз ҳар қанча эъзозу-эҳтиромга лойиқ.
Суратда: Қурбонбика момо Юсупова
невараси билан.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶