АЖДОДЛАР ОРЗУСИ
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар: "Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Табароний ривояти).
Халқимизнинг янг яхши кўрган ва энг кўп такрорлайдиган дуоси "Илоҳо, хонадонларимизни, тинч ва осойишта юртимизни обод қил”, деган дуодир. Доно халқимизнинг "Қўшнинг тинч – сен тинч”, "Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади”, "Тинчлигинг – ҳурлигинг” каби мақолларида ҳам тинчлик қанчалик бебаҳо неъмат экани айтилади. Оқсоқоллар насиҳатида, оналар айтган аллаларида бежизга тинчлик-хотиржамлик кўп тилга олинмайди.
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликни тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди, "Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” ("Бақара” сураси, 208-оят).
Қуръони карим таълим берадики, ҳар қандай шаклдаги зулм ва зўравонлик ислом ақидасига тубдан қарама-қаршидир ва биронта мусулмон ана шундай жиноятни содир этиши мумкин эмас. Бундан ташқари, мусулмонлар Павардигорлари олдида бошқа одамларни жиноят содир қилишдан қайтаришга масъулдирлар. Ҳар бир имонли кишининг бурчи – ер юзида бузғунчиликка йўл қўймаслик, дунёда фаровонлик ва осойишталикни қарор топтириш учун курашишдан иборат.
Аллоҳ раҳматига мушарраф бўлсинлар, Юртбошимиз И.А.Каримов ўз ҳаётини тинчлик йўлига тикиб яшаган халқ қаҳрамони эдиларки, унинг ҳар бир сўзи, қилган ишлари биз учун ибрат мактабидир.
Ражаббой Ҳабибуллаев,
"Ҳожи Эшон”
жомеъ масжиди имом-хатиби.
(Фото - http://karmanaovozi.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶