Рамазон фазилатлари
ллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, ўн бир ойга чўзилган соғинч ва иштиёқдан сўнг ниҳоят ойларнинг султони, эзгулик ва хайр мавсуми, тоату ибодат фасли, саховату дуо, таровеҳу Қуръон ойи бўлмиш муборак моҳи Рамазон ўзининг таровати, саховати ва баракоти билан оламга ташриф буюриб, бошимиз узра раҳмат соябони бўлиб турибди.
Жаннатмакон ўлкамизнинг мўъмин-мусулмонлари ойларнинг энг улуғи ва энг фазилатлиси бўлмиш бу ойни бир олам шодлигу қувонч билан кутиб олмоқдалар.
Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа барча ойлардан олий ва муфассал қилди. Уни кўплаб буюк фазилатлар ва улуғ имтиёзлар билан хослади. Имом Табароний Ибн Аббос (розиял-лоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (соллал-лоҳу алайҳи васаллам): «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», деганлар.
Рамазон ойининг фазилатларини санаб, тугатиб бўлмайди. Исломнинг бош манбаи, инсониятнинг қиёматгача ҳаёт дастури - Қуръони карим шу ойда нозил бўлгандир. Ушбу ойда Ислом тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган жуда кўп оламшумул воқеалар содир бўлган. Шу боис, бутун дунё мусулмонлари ушбу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.
Рамазон хайр-саховат ойидир. Пайғамбаримиз (солаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар.
Шунинг учун ҳам қадимдан мусулмонлар Рамазон кирганда ҳар галгидан саховатлироқ бўлишга одатланганлар. Давлатманд кишилар закотларини ҳам айнан Рамазонда адо этишлари ҳам шундан. Бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳраманд бўлиб, мўъминлар қалбига хурсандлик ва шодлик кирсин учун одамлар алоҳида Рамазонга хос хайру эҳсонлари билан бир қаторда закотларини ҳам шу ойда чиқарадилар.
Рамазон раҳмат ойидир. Рамазонда Аллоҳ таолонинг раҳмати жўш уради. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади», дейилган. Рамазоннинг аввалги ўн кунлиги нафақат ойнинг, балки йилнинг «раҳмат кунлари» ҳисобланади.
Рамазон мағфират ойи. Унинг ўртадаги ўн куни нафақат ойнинг, балки йилнинг «мағфират кунлари» ҳисобланади. Рамазон фазилати ҳақида Салмон (розияллоҳу анҳу) қилган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир», деганлар.
Рамазон дўзахдан озод бўлиш ойидир. Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Чунки, бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўзахга кириш учун сабаб бўлган гуноҳ-маъсиятлар ва ярамас, жирканч, уятли ишлар камроқ содир этилади. Жаннат дарвозалари мусулмонларни хайрли ишларга шошилишга тарғиб қилиб ҳам очилади. Дўзах эшиклари эса, гуноҳлардан қайтган, истиғфор айтган, афсус-надомат чеккан, қайта қилмасликка ният қилган ҳолда тавба қилишга тарғиб қилиб ёпилади
Унинг охирги ўн кунлиги «дўзахдан озод бўлиш» кунлари саналади. Шу билан бирга, Рамазонда ҳар кеча сон-саноқсиз кишилар дўзахдан озод қилинади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор», деганлар.
Рамазон – дуо ойи. Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб дедилар: "Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор” (Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти).
Агар бу дуо рўза пайтида, айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: "Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадорнинг то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси” (Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти).
Бу зикр қилинганлар Рамазон ойининг барча фазилатларини тўла қамраб ололмайди, балки, мазкур фазилатлар олдида дарёдан айрим томчилар, холос. Унинг фазилат-у хусусиятларини санаб адоғига етказиш мушкулдир. Аллоҳ таолодан ёлвориб сўраймизки, бу муборак ойни - раҳмат ва мағфират ойини, дўзахдан нажот бериладиган, дуолар ижобат қилинадиган Рамазон ойини барчамизга хайрли ва баракотли қилсин! Уни тақво неъматига эришишимиз учун васила қилсин! Омин!
А.МАТСАПОЕВ,
Юсуф Эшон бобо жомеъ масжиди имом-хатиби.
(Фото - http://novza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶