МАТОНАТЛИ УМР СОҲИБИ
Инсон ўз тақдир битиги билан туғилади, дейишади. Балки ростдир. Агар шундай бўлмаганида ҳар ким ўз тақдирини фақат яхшиликлар билан безаб, дилида неки орзу-умиди бўлса, барчасига тўсиқларсиз эришиб яшар, ҳаёт ташвишларига ўралашиб, муаммолар гирдобида қолмасди.
Амударё туманининг Холимбег элида туғилиб-ўсган Отамурод бобо Матёқубовнинг болалиги қатағон сиёсати авж олган йилларга, ўсмирлиги эса иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келди. 1930 йилда таваллуд топган Отамурод Матёқубов ўтган асрнинг 30-йилларидаги ноҳақликларни, холимбеглик билимдон, бой-бадавлат, тадбиркор инсонларни бирин-кетин ўз домига тортган қатағон сиёсати азоб-уқубатларини ўз кўзи билан кўрган. Бирининг отаси, бирининг акаси ва қариндошлари бемаврид қамалган, Россиянинг олис ва совуқ Сибирь ўрмонларига сургун қилинган, отилган тенгқурларининг аянчли ҳаётларига гувоҳ, қалблари ўксик инсонлар дардларига шерик бўлиб улғайди. Оғир, таҳликали қатағон йилларидан қалблари яраланган халқ учун Иккинчи Жаҳон уруши янада оғир азоб-уқубатларни бошлаб келди. Ишга яроқли холимбеглик эркак зоти борки, барчаси урушга сафарбар қилиниб, қишлоқ ҳувуллаб қолди.
Ўшанда қишлоқ кексалари эндигина 10-12 ёшга кирган Отамурод ва у тенги болаларга бош бўлиб, колхоз даласидаги ишларни қўлга олишди. Ҳаёт гўё кексаларни яшартириб, мурғак болаларни жуда эрта улғайтириб қўйган, мамлакатнинг ғарбида ҳам, шарқида ҳам халқ тақдирнинг азоб-уқубатларга тўла дамларини бошларидан кечиришарди. Қишлоқ аёллари ва ўсмир болаларга бош бўлган кексалар йилнинг тўрт фаслида ҳам бетиним меҳнат қилишар, баҳор-у ёзда кундузлари ғўза парвариши билан банд бўлса, кечалари ой ёғдусида буғдой ўроғига чиқишар, бу ҳолат кузда ҳам такрорланиб, кун бўйи пахта териб, чарчаган болалар кечалари катталар билан баб-баравар шоли ўримига чиқишарди...
– Халқ жуда матонатли, сабр-тоқатли, ҳамжиҳат эди, – олис йилларда қолган азобли дамларни маҳзунлик билан эслайди Отамурод бобо. – Ҳеч ким “чарчадим”, деб нолимасди, миннат қилмасди, аксинча, қилинаётган ишларда ҳиссамиз борлигидан қувонардик. Ҳамма борини ўртага қўйиб, биргаликда баҳам кўришарди. Бугунги ёшларга биз босиб ўтган ҳаёт йўли эртакдай туюлади. Шукр, бугунгидай тўкин-сочин, фаровон кунларга етдик. Бундай фаровонликни ота-боболаримиз фақат орзу қилишган.
Ҳаёт машаққатларида тобланган Отамурод Матёқубов даврнинг таҳликали суронларида жуда эрта улғайди. Болалиги ва ўсмирлигиданоқ колхоз даласида катталар билан баб-баравар меҳнат қилган Отамурод Матёқубов балоғат ёшига етиб-етмай трактор рулига ўтирди, Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги тикланиш йилларида тун-у кун ўзини аямай ишлади. Ўзи каби меҳнаткаш, оилапарвар Ёқутжон Тўраева билан турмуш қурди.
Оила қўрғонининг ободлиги ва фаровонлиги эр-хотиннинг ўзаро аҳиллигига, меҳр-у оқибати, фидойилигига боғлиқ. Бу жиҳатдан Отамурод ота билан Ёқутжон она ҳамжиҳатликда бунёд этган оила гўшаси ҳавас ва ибратга муносиб. Оддий тракторчи ва колхоз ишчиси бўлган бу фидойи инсонлар 5 ўғил ва 3 нафар қизни ўзлари каби меҳнатсевар, бири-бирига меҳр-оқибатли, оилапарвар инсонлар қилиб вояга етказдилар, илм-у ҳунарли қилдилар.
Бугунги кунда Отамурод бобонинг барча фарзандлари пир-у бадавлат бобо ва буви мақомига етишганлар. Оиланинг тўнғич фарзанди Олимбой оға умр бўйи муҳандис-механик вазифасида ишлаб, айни пайтда кексалик гаштини сурмоқда. Катта қизи Норгулой ҳам бир этак неваранинг севимли бувиси, нафақадалар. Яна бир ўғли Қурбонбой оға Андижон пахтачилик институтини тамомлаб, ота-онаси меҳнат қилган Холимбег қишлоғидаги собиқ Туркманистон жамоа хўжалигида агроном бўлиб ишлаб, туман қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга муносиб ҳиссасини қўшди, айни пайтда пенсияда. Эгизак фарзандлари Фарҳод ва Ширин, Эркиной ва Тоҳиржонлар ҳам ўзларининг ҳалол ва фидойи меҳнатлари билан элда обрў-эътибор топган ибратли оила соҳиб ва соҳибалари.
Инсон ҳаёт машаққатларини, оғир меҳнат дамларини ўзининг кучли иродаси, сабр-қаноати билан енгиб, орзусидаги фароғатли кунларга етганида ёнида энг яқин ва азиз инсонлари билан бирга бўлишни истайди. Лекин юқорида айтганимиздай, тақдир битигими, Яратганнинг синовими, Отамурод Матёқубов дориломон кунларга етиб, энди 40 ёшдан ҳатлаганида умр йўлдоши Ёқутжон онадан айрилиб қолди. 8 нафар фарзандини ёлғиз тарбиялаб вояга етказди.
Фарзандлари оқ-қорани таниб, улғайгач, уларни уйли-жойли қилишдек хайрли ташвишларига елкадош бўлсин, дедими, қариндошлари бош бўлиб, уни Нуржида исмли аёлга уйлантириб қўйишди. 2013 йилда тақдир Отамурод бобонинг иродасини яна бир синовдан ўтказди. Ҳайдовчи бўлиб ишловчи ўғли Аминбойдан айрилиб қолди. Ўшанда 83 ёшга тўлган Отамурод бобо дунёларга сиғмай кетди. Бор армонини ичига ютди, фарзандлари, ҳали вояга етмаган, тақдирнинг бемаврид зарбасидан довдираб қолган невараларининг кўнглига таскин бериш илинжида томорқага боғланиб қолди. Гўё оила қўрғонининг бемаврид қулаган устунларидан бири ўрнига елкасини тутди.
– Инсон ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин фарзанд доғини кўтариш қийин. Тақдиримда бор экан, шугина болам нега менинг изимда қолмади, деб армон билан яшаб юрибман, – дейди маҳзунлик билан Отамурод бобо. – Аминбойнинг фарзандлари бари ақлли, меҳнаткаш, оилапарвар. Шунисига шукр қиламан, барчаси омон бўлишсин.
Отамурод бобо айни пайтда 95 ёшга тўлдилар. 8 нафар фарзанди салкам 20 бараварга кўпайишган. Бугунги кунда бу файзли хонадондан Аму элига чуқур илдиз қўйиб, сермева боғ-у чаманзорга айланган бахтиёр оилаларда 35 нафар невара, 110 нафар чевара, 3 нафардан зиёд эваралар эл-юртга муносиб фарзандлар сифатида камолотга етишмоқда.
– Бобомнинг ҳаёти биз учун ибрат, – дейди Отамурод бобонинг невараларидан бири Жасур Отамуродов. – Қандай ишга қўл урсак-да бобомнинг фотиҳасини олишга интиламиз. Қийинчиликлардан қўрқмаслик, ҳаёт синовларига бардошли бўлишни, меҳнатсеварлик ва ўтаётган ҳар бир кунимизни эзгу амаллар билан бойитиб яшашни, вақтнинг қадрига етишни бобомдан ўргандик.
Дарвоқе, 10 ёшидан фронт орти машаққатларига катталар билан баб-баравар елкасини тутган, Буюк Ғалаба онларини меҳнат фронтида қаршилаб, балоғат ёшига етмай туриб колхоз даласида трактор ҳайдаган, бутун умр туман қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдек эзгу мақсад йўлида фидойи, ҳалол меҳнат қилиб, Аму элига меҳр-муҳаббат билан сингиб кетган Отамуродовлар сулоласини яратган бобонинг ҳаёт йўли нафақат унинг авлодлари, балки ҳар бир холимбеглик, амударёлик учун ҳақиқий ибрат ва намуна мактабидир. Зотан, Ватан ободлиги, халқ фаровонлиги учун эзгулик йўлида матонатли меҳнат қилган инсонлар ҳамиша қадрли, ҳурмат ва эъзозга муносиб.
РОБИЯ ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶