Лейшманиоз – хавфли юқумли касаллик
Лейшманиоз – одам ва ҳайвонларда учрайдиган юқумли касаллик бўлиб, уни бир ҳужайрали паразитлар – лейшманиялар келтириб чиқаради. Касалликнинг асосий тарқатувчилари игнали чивинлар (искабтопарлар) бўлиб, улар касалланган одам ёки ҳайвон қонини сўриб, инфекцияни соғлом организмга юқтиради. Лейшманиоз ички органлар ва тери шаклларида кечиб, оғир асоратларга сабаб бўлиши мумкин.
Ички органларни зарарловчи шаклида лейшманиялар жигар, талоқ ва лимфа тугунларига жойлашиб, касаллик кўпинча 1-5 ёшли болаларда кузатилади. Ҳарорат 39-40 даражагача кўтарилади, тери оқаради, лимфа тугунлари шишади ва бемор ҳолсизланади. Даволанмаса, организм жиддий интоксикацияланиб, хавфли асоратлар ривожланиши мумкин. Тери лейшманиози эса чивин чаққан жойда яра пайдо бўлиши билан бошланади. Инкубацион даври 1-4 ҳафта давом этади, баъзан 1,5-2 ойга чўзилади. Яралар узоқ вақт битмайди ва чуқур чандиқ қолдиради. Одатда, бир марта касалланган инсонда мустаҳкам иммунитет шаклланади.
Касалликнинг кенг тарқалишига бир қанча омиллар сабаб бўлади. Игнали чивинлар асосан ёз ва куз фаслида фаоллашиб, ахлатхоналар, дарахт коваклари, пол ости ва чўл ҳудудларда кўпайиши мумкин. Гигиена қоидаларига риоя қилинмаслиги, чиқиндиларнинг тўпланиши ва ифлос муҳит чивинлар сонининг ортишига олиб келади. Шунингдек, дайди итлар, бўри ва тулкилар ҳам инфекция манбаи бўлиб, улар чивинлар орқали вирусни тарқатиш эҳтимоли юқори.
Лейшманиоздан ҳимояланиш учун бир қатор профилактик чоралар кўриш зарур. Чивинларга қарши курашиш мақсадида деразаларга ҳимоя торлари ўрнатиш, инсектицид воситалардан фойдаланиш ва чивинлар кўпаядиган жойларни дезинсекция қилиш муҳим. Санитария ва гигиена талабларига риоя этиш – чиқиндиларни ўз вақтида йўқ қилиш, ҳовли ва кўчаларни тоза сақлаш, аҳоли яшайдиган ҳудудларни дезинсекция қилиш касаллик хавфини камайтиради. Шунингдек, шахсий ҳимоя чораларига амал қилиш – чивин чақишига қарши спрей ва малҳамлардан фойдаланиш, кечқурун танани ёпиқ кийимлар билан ҳимоялаш самарали ҳисобланади.
Касалланган ҳайвонларни назорат қилиш ҳам муҳим. Дайди ит ва мушукларни ветеринария текширувидан ўтказиш, лейшманиоз ташувчиси бўлиши мумкин бўлган ҳайвонларни назорат остига олиш инфекция тарқалишининг олдини олишга ёрдам беради.
Лейшманиоз ўз вақтида ташхисланмаса, оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун юқтириш хавфи мавжуд ҳудудларда эҳтиёткорлик чораларига қатъий риоя қилиш талаб этилади. Агар чивин чаққан жойда яра пайдо бўлса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Т. Атамуратов, Амударё тумани СЭО ва ЖСБ Паразитология бўлими мудири.
А.Аллаяров, энтомолог.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶