ТИНЧЛИК – УЛУҒ НЕЪМАТ
Одатда биз эрталаб бехавотир уйғониб, кундалик ҳаёт ташвишларига шўнғиб кетамиз, оқшомлари тиниқиб дам оламиз. Наздимизда дунё шундай яралгандай, бундай турмуш тарзи келгусида ҳам муқаррар давом этаверадигандек туюлади. Аслида шу табаррук заминимизда бугунгидай тинч-осуда, дориломон кунлар барқарор бўлмоғи учун ота-боболаримиз не бир алғов-далғов кунларни бошидан кечирмаган, оловли жангларга кирмаган, машаққатлар чекмаган, дейсиз?
Манғит шаҳрининг Бўстон маҳалласида истиқомат қилувчи Қурбонбой Ўрозбоев Иккинчи жаҳон уруши бошланган кезларида ҳали ўсмир эди. Куч-ғайратга тўлган нене алп йигитлар, эркаклар урушнинг илк кунлариданоқ ҳарбий хизматга чақирилди. Радио, газеталар орқали бири-биридан ташвишли, юракларни ларзага солувчи хабарлар келиб турар, билагида кучи, кўнглида иймони собит эркаклар мен ҳам урушга бораман, ёвга қарши курашаман, - дея ҳарбий комиссариатга келишарди.
- Уруш бошланганига олти ойлар ўтганда бутун тирикчилик ташвиши аёллар ва армия ёшига етмаган ўсмирларга қолган эди, – дея хотирлайди Қурбонбой Ўрозбоев. - Бола бошимиз билан далада ҳам ишлардик. Эркаги йўқ хонадонларнинг ҳолидан ҳам хабар олиб, юмушларига кўмаклашардик.
1944 йил бошида уни ҳам армияга чақиришди. Қисқа муддатли ҳарбий тайёргарликдан сўнг кун сайин ўз ерига чекинаётган душманни бутунлай таслим қилиш учун курашаётган жанговор сафга қўшилди. Чехословакияни немислардан тозалашда иштирок этди. У 1946 йилгача ҳарбий бурчини адо этди. Бироқ аёвсиз жангларнинг бирида оёғидан ўқ егани сафда қолишига монелик қилавергач, 1946 йилда ўз юртига қайтди. Қурбонбой Ўрозбоев уруш асоратлари туфайли 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолган бўлса-да, элнинг ночор, қаҳатчилик кунларига томошабин бўлиб ўтиролмади. Бутун топган-тутгани урушдаги аскарларга, озиқ-овқат, қурол-яроқ ишлаб чиқаришга йўналтирилган амударёликларнинг тирикчилиги оғир эди.
Оиласига қайтиб, сал ўзига келиб олган Қурбонбой Ўрозбоев меҳнатга шўнғиди. Яримжонман демай, Манғит пахта тозалаш заводида 33 йил бухгалтер бўлиб ишлади.
92 йиллик умр довонидан ошган отахоннинг бугун тинч-осуда кунларимизга шукронаси тилидан тушмайди. Кексайиб кучдан қолган чол-кампир тез-тез хабар олиб турадиган туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими раҳбариятидан, 38-сонли мактаб ўқувчиларидан жуда-жуда миннатдор.
– Ўғил-қиз кўрмадик, деб аввал кўп ўкинардим. Энди билсам ўғлим ҳам, қизим ҳам кўп экан, - дейди Қурбонбой бобонинг умр йўлдоши Шарифа момо.
– Илойим биз кўрган оғир кунларни сизлар кўрмагайсизлар. Тинчлигимиз, осойишталигимиз мангу бўлсин, - дейди Қурбонбой бобо атрофида ҳар бири турли юмушларни югуриб-елиб бажараётган ўқувчиларга.
Ҳа, чиндан ҳам тинчлик - улуғ неъмат. Жонларини фидо қилиб бизга шундай дориломон кунларни ҳадя этган инсонлар эса ҳар қанча ҳурмату эъзозга лойиқ.
Ойгул РАЖАБОВА.
Суратда: Қурбонбой Ўрозбоев ўқувчилар даврасида.
М.ШОМУРОДОВ олган сурат.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶