Тинчлик ва осойишталик посбонларига эҳтиром
Юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда барқарорлик муҳитини сақлаш — бу масъулиятли ва шарафли вазифадир.
Ҳар йили 25 октябрь мана шундай фидойи касб эгалари – Ички ишлар органлари ходимларининг касб байрами ҳамда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги ташкил этилган муҳим сана сифатида мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланади. Бу йил ушбу санага 34 йил тўлди. Халқ осойишталиги, тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида фидокорона хизмат қилаётган соҳа ходимларига бўлган юксак эҳтиром ифодаси сифатида ушбу сана бу йил ҳам кенг нишонланди.
Сана муносабати билан Амударё тумани ҳокимлиги томонидан ички ишлар органлари ходимлари учун байрам тадбири ташкил этилди. Туманимиздаги “Diamond” ресторанида байрам дастурхони ёзилди. Тадбирда туман ҳокими Собир Хўжаметов иштирок этиб, барча ички ишлар ходимларини самимий табриклади, уларнинг машаққатли, масъулиятли ҳамда шарафли меҳнатларини эътироф этди.
“Сизлар — халқимиз тинчлиги, осойишталиги ва фаровон ҳаётининг кафолатларисиз. Сизларнинг садоқатингиз, матонатингиз ва ватанпарварлигингиз билан юртимизда барқарорлик мустаҳкамланмоқда. Бунинг учун барчангизга чуқур миннатдорлик билдираман”, — деди туман ҳоким ўз табригида.
Тадбирда туман прокурори Баҳрам Машарипов ҳам сўзга чиқиб, ички ишлар ходимларини байрам билан табриклади. У ўз нутқида юртбошимиз томонидан соҳада олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларга тўхталиб, тизимни рақамлаштириш, ходимлар меҳнатини енгиллаштириш, замонавий техник воситалар билан таъминлаш ҳамда уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида алоҳида тўхталди. Шунингдек, соҳа ходимларининг Ватан равнақи йўлидаги хизматларини, қонун устуворлигини таъминлашдаги фидойилигини алоҳида эътироф этди.
Таъкидланганидек, соҳа фидойиларининг саъй-ҳаракатлари натижасида жамиятда тинчлик, тартиб ва қонунийлик қарор топмоқда. Ички ишлар органи ходимларининг хизматлари давлат ва халқ ўртасидаги ишонч кўпригидир. Уларнинг бурчига садоқати ва ўз касбига масъулиятли ёндашуви Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва жамиятимиз равнақида муҳим омил бўлмоқда.
Тадбир давомида хизматда ўз бурчини сидқидилдан адо этаётган, юқори натижаларга эришган бир гуруҳ туман Ички ишлар бўлими ходимларига ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Байрам тадбири туман Маданият бўлими хонандалари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди. Куй-қўшиқлар, самимий табриклар ва қувончли лаҳзалар кечага янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Ушбу байрам тадбири Амударё туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига бўлган ҳурмат ва эҳтиромнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Зеро, улар — халқ осойишталигининг ҳақиқий посбонлари, Ватан тинчлиги йўлида ҳар куни фидокорона хизмат қилаётган мард ўғлонлардир.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶