Туман ҳокими Собир Хўжаметов ва бир гуруҳ байналмилал жангчилар мукофотланди
Баъзан ҳаётда шундай воқеалар ҳам бўладики, замон ва маконда юз бераётган талатўплар, урушлар, инсоният учун тушунарсиз бўлган давлатлараро сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий низолар туфайли оддий халқ жабр кўради, маълум маънода йўқотишларга учрайди. Ўтган асрнинг 79-80-йилларида қардош халқ – Афғонистон заминида кечган терроризмга қарши кураш ниқоби остидаги уруш ҳам минглаб инсонларга, айниқса, Марказий Осиё Республикалари халқларига келтирган адоқсиз азоб-уқубатлари, мислсиз йўқотишлари билан Иккинчи жаҳон урушидан кейинги инсоният тарихининг аянчли саҳифаларидан бири бўлиб қолди. Чунки собиқ советлар иттифоқининг нотўғри сиёсати туфайли Афғонистон заминида бўлган урушга энг кўп сафарбар қилинганлар ҳам Марказий Осиё Республикалари фуқаролари – ўзбеклар, қозоқ ва қорақалпоқлар, тожиклар, туркман ва қирғизлар эди.
Амударё туманининг Ўзбекистон маҳалласида истиқомат қилувчи Комилжон Собиров ҳам 1985-1987 йилларда ҳарбий хизматни ўша пайтдаги Афғонистон Демократик Республикасида ўтади. Урушнинг ёзилмаган қонунлари кўп. Айниқса, собиқ Афғонистон уруши иштирокчилари ана шундай бемақсад, ёзилмаган қонунлар туфайли жабр кўрдилар. Жангларнинг бирида оғир ярадор бўлган Комилжон Собиров аввал Тошкент шаҳридаги ҳарбий госпиталда, сўнг жароҳати оғирлиги сабабли Москвадаги ва Қримдаги ҳарбий госпиталларда узоқ вақт даволанди. Даволаниш жараёнида 5 марта жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган Комилжон Собиров ҳатто ўзи иштирок этган, терроризмнинг олдини олишга қаратилган даҳшатли жангда кўрсатган жасорати учун ўша пайтдаги Афғонистон Демократик Республикаси Президентининг 1988 йил 9 апрелдаги Фармонига кўра, Афғонистон давлатининг олий ҳарбий нишони – “Жасорати учун” ордени билан мукофотланганини ҳам билмади.
Мардлик ва жасорат ҳамиша мангудир. Орадан қарийб 36 йил вақт ўтиб, қардош Афғон халқининг тинчлиги учун бўлган жангларда мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатган ҳамюртимиз Комилжон Собировга ушбу мукофот жорий йилнинг 12 ноябрь санасида тантанали равишда топширилди. Тадбирда Ўзбекистон байналмилал жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Амударё туман бўлимида бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида Амударё тумани ҳокими Собир Хўжаметов, Ўзбекистон байналмилал жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Юсуфбек Алланбеков ва мазкур бўлим аъзоси Аман Бекмуратовлар, шунингдек амударёлик бир гуруҳ собиқ байналмилал фахрий- жангчилар, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Тақдирлаш маросимида туман ҳокими Собир Хўжаметов фахрий байналмилал жангчиларнинг мардлик ва жасоратлари ҳақида алоҳида тўхталиб, уларнинг бугунги кунда ёш авлодни ватанпарварлик, мустақиллик ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш борасида овул ва маҳаллаларда, таълим-тарбия муассасаларида амалга ошираётган хайрли ишлари, ўз касбий фаолиятлари, турмуш тарзлари билан юксак намуна кўрсатаётганларини мамнуният билан қайд этди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон байналмилал жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бўлими бошлиғи Юсуфбек Алланбеков Афғонистон Демократик Республикаси Президентининг 1988 йил 9 апрелдаги “Комилжон Собировни Афғонистон давлатининг олий ҳарбий нишони – “Жасорати учун” ордени билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонини ўқиб эшиттирди ва мазкур Фармонга асосан ушбу мукофотни орадан 36 йил ўтиб ўз эгаси – Комилжон Собировга тантанали тарзда топшириб, унинг кўкрагига тақиб қўйди.
Тадбир давомида ёш авлодни халқлар дўстлиги, миллатларао тотувлик, байналмилал руҳда тарбиялаш борасида амалга ошираётган алоҳида хизматлари Беларусь давлати Полоцк Байналмилал фахрий-жангчилар ташкилоти томонидан эътироф этилган Амударё тумани ҳокими Собир Хўжаметов, байналмилал фахрий-жангчилар Раҳматулла Ҳайитбоев, Шавкат Саидбоев ҳамда “Тараққиёт кўзгуси” газетаси суратчи-мухбири Маҳмуджон Шомуродовлар Белоруссия Республикаси Полоцк Байналмилал фахрий-жангчилар ташкилотининг “Хизматлари учун” медали билан тақдирландилар.
Халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш, ёш авлодни байналмилал руҳда, она Ватанга, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, миллий-маънавий қадриятларни эъзозлаш борасида қилинган ҳар бир эзгу иш нафақат давлатимиз, балки қардош халқлар, шу баробарида давлатлар томонидан ҳам юксак эътироф этилади ва қадрланади. Бир гуруҳ юртдошларимизнинг эзгу хизматлари, мардлик ва жасоратлари эътироф этилгани бунга яққол мисолдир.
Робия Йўлдошева

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶