Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл ётиқ чизиқлари ва пиёдалар ўтиш жойларидаги чизиқлар қайта чизилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан жорий йилнинг 3 август кунидан 5 сентябрь кунига қадар мамлакатимизда “Хавфсиз ҳудуд ва мулкий турдаги жиноятлар профилактикаси ойлиги” доирасида махсус профилактик тадбирларни ўтказиш белгиланганди.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мазкур ойлик доирасида Амударё туманида йўл инфратузилмасини яхшилаш юзасидан бир қатор чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, йўл ётиқ чизиқларини қайтадан чизиш, пиёдаларнинг эркин ва хавфсиз ҳаракатини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, жойларда аҳоли билан учрашувлар ташкил қилиниб, йўл-ҳаракати қоидаларига амал қилиш лозимлиги, қоидабузарликлар оқибатида кўплаб йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлаётганлиги тушунтирилмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилди. Аммо ачинарли жиҳати шундаки, айрим ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Мавжуд йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда барча йўл ҳаракати қатнашчиларида юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Маълумотларга кўра, содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари асосан ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига эътибор бермаслиги оқибатида келиб чиқмоқда. Мазкур жараён таҳлил қилинганида, афсуски, ҳалок бўлганларнинг аксарияти хавфсизлик камарини тақмаганлиги маълум бўлган. Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисалари транспорт воситасини ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмай бошқариш, белгиланган тезликни ошириш, маст ҳолда рулга ўтириш оқибатида содир этилмоқда.
Учрашувларда аҳолига ҳайдовчилик маданиятини ошириш, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш лозимлиги ва ўзбошимчалик ортидан юзага келаётган кўнгилсиз ҳодисалар оқибати тўғрисида батафсил ахборот берилмоқда.
Шу кунларда йўл инфратузилмасини яхшилаш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг эксплуатация-монтаж бўлими ҳамда туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан Амударё туманидаги асосий ва серқатнов кўчаларда йўл ётиқ чизиқлари ва пиёдалар ўтиш жойларидаги чизиқларни қайтадан чизиш ишлари амалга оширилмоқда. Пиёдалар ўтиш жойларидаги чизиқларнинг янгиланиши натижасида йўловчи ва транспорт воситаларининг эркин ҳамда хавфсиз ҳаракатланиши таъминланяпти.
Маълумки, пиёдалар ҳаракатланиш вақтида ўртача икки-уч марта йўлни кесиб ўтадилар. Уларнинг йўлларни кесиб ўтишида ҳаракатланиш қулайлиги ва хавфсизлигини таъминлаш соҳа ходимларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли, йўл ётиқ чизиқлари ва пиёдалар ўтиш жойларидаги чизиқларни қайта бўяш ишлари белгиланган тартибда доимий амалга оширилади.
Маълумот ўрнида, йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар, ёзувлар ва бошқа белгилар йўл иштирокчиларига йўл бўлагида ҳаракатланиш шароитлари ва усуллари тўғрисида ахборот беради. Ётиқ чизиқлар асосан ҳаракатланиш тартибини белгилайди ҳамда оқ ва сариқ рангда бўялади.
Шу ўринда айтиб ўтишимиз жоизки, йўлларда ҳаракатланиш вақтида йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш орқали ўзингизнинг ҳамда атрофдаги инсонлар ҳаётини асраган ҳисобланамиз. Зеро йўллар манзилларга элтиш учун хизмат қилади.
Шоҳзод Қурбонбоев

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶