15.08.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
15.08.2026, 05:40
👁 4,121

Қуюшқондан чиққан “маданият” қутқуси

Қуюшқондан чиққан “маданият”  қутқуси

(Памфлет)

Паймонаси тўлгандирки, шайтон қиёфасидаги инсон зотидан бўлган "Шайтонбачча” лақабли бир арзанда бу ёруғ дунёдан кўз юмибди. Эркатой бола нариги олам эшигини пайпаслаб овора бўлиб юрганида уни баҳайбат, жундор махлуқлар Мункар - накир қароргоҳига бир зумда етказиб қўйишибди.

–Хўш-ш, келдингми тойчоқ? – юзланибди унга Мункар-накир. – Насл - насабинг инсонлардан бўлганлиги сабабли сени бу ерга чақиртирдим. Отангнинг мактабида ўқиб, одамларни йўлдан оздириш, ёмон ишларни амалга оширишга даъват этиш, бузғунчиликни тарғиб қилиш борасида анча таълим олган бўлсанг ҳам менинг ҳисоб-китобимга кўра сен ҳали кўп нарса қилишга, яъни, инсонларнинг бошини айлантириб, уларни ёмон йўлларга бошлашга улгурмабсан. Шу сабабли ҳам жаннат томонга ўтишингга имкониятинг бор. Аммо бир шарт қўяман. Шартим шуки, менга ёруғ оламда содир бўлаётган энг таъсирли воқеаларни баён қилиб ё кулдирасан, ё йиғлатасан, ё ғазаблантирасан. Энди бу ёғи ўзингга ҳавола!

Шундан сўнг "Шайтонбачча” ишга киришибди. Қизиқ-қизиқ латифалар, ичак узди ҳангомалар айтибди, ер шарининг турли бурчакларида содир бўлаётган табиий офатлар ҳақида даҳшатли оҳангда ҳикоя қилибди. Бу гаплар Мункар-накир жанобларини на кулдирибди, на йиғлатибди, на ғазаблантирибди.

Бундан ҳайрон бўлган "Шайтонбачча” энди масхарабоз қиёфасига кириб, турли қилиқлар кўрсатибди, дунёдаги энг даҳшатли йўл транспорт ҳодисалари, ўғирликлар ва уруш - жанжаллар ҳақида маълумотлар берибди. Булар ҳам Мункар-накир жанобларига таъсир кўрсата олмабди.

Аммо Мункар-накир жанобларининг "Шайтонбачча”га раҳми келиб, яна бир кунга муҳлат берибди.

–Эртага ҳам эплай олмасанг, ўзингдан кўр! –дебди.

Эртасига "Шайтонбачча” белгиланган вақтда қўлида ноутбук билан Мункар-накир жанобларининг ҳузурида пайдо бўлибди.

–Қўлингдаги нима? – сўрабди Мункар-накир.

–Ҳозир кўрасиз! – дебди Шайтонбачча мағрур оҳангда.

–Ундай бўлса, бошла! – буюрибди Мункар-накир.

"Шайтонбачча” ноутбукни ишлатиб, интернетга, "Оммавий

маданият”ни тарғиб қилувчи сайтга кирибди ва ундан керакли маълумотларни топиб ўқий бошлабди.

... – Элла хоним Бэлла хонимни ўз никоҳига олишдан олдин унга тўйдан кейин фақат эркаклар кийимида юриши лозимлиги ҳақида шарт қўйган экан. Келин бўлмиш бечора бу шартга розилик берибди...

... – Жаноб Жексон жаноб Патрикни ўз никоҳига олган экан. Аммо янги келин­ – жаноб Патрик мўйловидан воз кечмаганлиги сабабли куёв- жаноб Жексон никоҳни бекор қилиш, яъни ажрашиш ҳаракатига тушган эмиш...

... – Сўнгги маълумотларга кўра ғарб давлатларидан биридаги Н. шаҳарчасида турмушга чиқадиган эркаклар учун янги салон очилибди. Бу ерда бўлғуси "келинлар” соқол-мўйловларини тартибга келтиришлари ва бошқа ясан-тусанларни ҳам амалга оширишлари мумкин экан...

Шу маҳал Мункар-накир томондан "гуп!” этган товуш эшитилибди.

"Шайтонбачча” гапиришдан тўхтаб, разм солиб қараса, Мункар-накир жаноблари ўз ўринларида йўқ эмиш.

Сал ўтиб "Шайтонбачча” англабдики, келтирилган сўнгги маълумотлар туфайли Мункар-накир жанобларининг ичларида нафрат ва ғазаб портлаган, шу туфайли у ўтирган жойидан учиб кетган экан!

Орадан анча вақт ўтсаям, Мункар-накирдан садо бўлмабди. Бироздан сўнг ичкаридан унинг котибаси чиқибди-да, "Шайтонбачча”га бир парча қоғоз тутқазибди. Унда шу сўзлар ёзилган экан: "Кўзимга кўринма, энди тўрт томонинг қибла!”

Азизлар, юқоридаги сатрларни ўқиб, "ие, бу­–эртак-ку!” дейишингиз аниқ. Аммо бу оддийгина чўпчак эмас, эртаксифат ҳақиқат.

Биз илоҳий дунё синоатларига тил теккизмоқчи эмасмиз-у аммо минг афсус ва надоматлар бўлсинки, инсоният униб-ўсаётган жамият юзига доғ, тараққиёт йўлига чақир тиканак каби ғов бўлиб, худди баҳорги қўзиқоринлардай бодраб чиқаётган "оммавий маданият” нинг турли хил кўринишлари борки, наздимизда бундай бепарда кўринишлар олдида шайтони-лаин ҳам ип эшолмай қолади.

Хўш, бу кўринишлар қандай кучга эга эканки, ҳатто илоҳий фаришта – Мункар-накирда ҳам инсонларнинг ножўя қилмишларига нисбатан нафрат уйғотгудай бўлса?

Аввало шуни қайд этиш керакки, "оммавий маданият” намоёндаларининг бутун дунё халқларини "ғарблаштириш” сиёсатига тиш-тирноқлари билан ёпишиб олиб, турли-туман ахборот тарқатиш манбалари орқали тинч-осуда мамлакатларнинг маънавий ҳаётига путур етказишга зўр бериб уринишаётганлари ниҳоятда хавфли. Турли хил реклама роликлари, матбуот, кино олами, телевидение ва радио орқали дунё миқёсида олиб борилаётган "оммавий маданият” тарғиботларининг деярли барча кўринишлари маънавий-ахлоқий "тубанликлар театри” дан иборат. Бу "тубанликлар театри”нинг "томошалари” турли хил шакл-шамойилларда намоён бўлмоқда. Чунончи, ҳеч қандай бадиий-эстетик қимматга эга бўлмаган нарса ва буюмларни буюклаштириш, ҳар хил қисқа матнли беҳаё матбаа нашрлари ёки расмларни кенг ёйиш, қўшиқ ниқобидаги алаҳсираш, валдирашга яқин дидсиз "репп” концертларини ташкил этиш, шармсизлик ва ҳаёсизлик ҳамда зўравонлик тарғиботи бугунги давримизга келиб оддий ҳолга айланиб қолди. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб айтиш жоизки, сўзимиз бошидаги Мункар-накир билан "Шайтонбачча” воқеаси бу тўқима эмас, балки ер юзидаги энг онгли мавжудот – инсонлар томонидан "ижро” этилаётган "оммавий маданият”нинг беҳаё "театри”дан бир кўриниш, холос. Ваҳоланки, бугунги даврга келиб баъзи ғарб давлатларида эркак билан эркак, аёл билан аёл ўртасидаги никоҳлар оддий ҳодисалардан бирига айланиб қолганлигига эътибор берадиган бўлсак, биз фикр юритаётган "оммавий маданият” томонидан тарғиб этилаётган маънавий тубанликлар, худбинона ҳаёт тарзи, беҳаёлик ва шармсизлик, зўравонлик иллатлари нақадар чуқур илдиз отганини англаш қийин эмас.

"Гарчи "маданият” деб аталса-да, –деб ёзган эди таниқли журналист Михли Сафаров ўзининг "Оммавий маданият – маънавият кушандаси” мақоласида, – аслида, туб мазмун-маъносига, мақсад-моҳиятига кўра "оммавий маданият” чинакам маданиятнинг кушандасидир.” Демак, "оммавий маданият”, аслида маданиятсизлик, маънавиятсизлик ва аҳлоқсизликнинг синонимидир. Унинг мақсади бутун шакл-шамойили билан инсоният онгини заҳарлашга, маънавий қиёфасини булғашга қаратилган безориларча ҳаёт тарзини тарғиб қилишдан иборат. Бунга юзлаб, балки минглаб юқоридаги каби мисолларни келтиришимиз мумкин. XXI асрнинг юксак технологик имкониятларидан бири, асосий ахборот манбаи – интернетда ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилувчи ҳамда порнографик мазмундаги минг-минглаб сайтлар борки, бу сайтларга кираётган миллионлаб кишилар эркак билан эркак, аёл билан аёл никоҳидан тортиб, зўравонлик ва миллатчилик руҳидаги, шаҳватпарастликни, ҳайвоний ҳирс ва интимпарастликни тарғиб қилувчи шайтоний ҳаёт тарзига хос "оммавий маданият”нинг кўринмас тўрларига илиниб қолаётгани ғоят ташвишлидир. Компьютер технологиялари мутахассислари ва сиёсатчиларнинг фикрича "Ўзбекистондан "Odnoklasniki. ru” сайтига кунига 200 минг, "Facebook” сайтига 90 минг атрофида, "Мой мир” сайтига 40 минг нафардан ортиқ киши кираётир”. (Михли Сафаров. "Оммавий маданият – маънавият кушандаси” мақоласидан).

– Ўзбекистон ёшлари интернетдан фойдаланса, бунинг нимаси ёмон? – деган савол туғилиши табиий.

Лекин минг-минг таассуфлар бўлсинки, интернет – ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш билан бирга, ўсиб келаётган ёш авлод онгини заҳарлаш бобида тенги йўқ бузғунчи манба сифатидаги энг таъсирли воситага айланиб қолганлиги ҳеч кимга сир эмас. Интернетдаги бузғунчи ғоялар билан тўлдирилган сон-саноқсиз сайтларда миллийликка рахна солувчи "ғарблаштириш” сиёсатини ҳамда ваҳшийлик, гиёҳвандлик, фоҳишабозликни тарғиб қилувчи дастурларнинг берилиши ёшларимизнинг миллий қадрият ва маданият тушунчасидан йироқлашувига хизмат қилишга қаратилган. Шунинг учун ҳам Юртбошимиз: "ахборот асрида мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам хавфли” тус олганлигини таъкидлаб, мамлакатимиз ёшларининг холис ва ҳаққоний ахборотга эга бўлишларини таъминлаш, ёш авлод тафаккури ва дунёқарашида мафкуравий иммунитетнинг шаклланишига зарур шароит яратишни таълим-тарбия соҳасининг энг устувор масалаларидан бири, замон талаби ва мафкуравий профилактика олдидаги энг долзарб вазифа, деб баҳолади. Чунки глобаллашув жараёнида ёш ва мустақил давлатимизнинг стратегик келажаги ёшлар онгида шаклланаётган гўзал хулқ-атвор, миллий - руҳий интеллектуал салоҳиятга боғлиқ. Мустабидлик заҳридан, кишанларидан озод бўлган миллатнинг келажак истиқболи эса глобаллашув жараёнининг шиддатини, талабларини тушунадиган, бу шиддатли жараён зарбларини англай оладиган, миллат ва халқ тақдирини ўз тақдири деб биладиган ёшларнинг дунёқарашида намоён бўлади.

Шуни алоҳида ишонч ва ғурур билан айта оламизки, бугунги Ўзбекистон ёшлари 2011 йилда юз берган "араб инқилоблари” ёки "араб баҳори”, Тунисдаги давлат тўнтаришларининг занжирли реакцияси оқибатида Ливия, Миср, Сурия каби давлатларда рўй берган қонли фожиалар "Ироқ Шом ислом Давлати” террорчилик ташкилоти томонидан тинч яшаётган халқлар бошига ёғдирилаётган мислсиз кулфатларнинг мазмун ва моҳиятини яхши биладилар. Чунки бизнинг мамлакатимизда дунёнинг бошқа ривожланган давлатларида жуда кам кузатиладиган ёшларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадларини ифода этувчи ўзига хос тизим, миллий қонунчилигимизда эса ёшларни носоғлом ахборотлар, ёт ғоялардан ҳимоялаш механизмлари яратилган. Президентимизнинг 2005 йил 28 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг жамоат таълим ахборот тармоғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ахборотларни узатиш тармоқларида таълим ва ёшлар бўйича яратилаётган ахборот ресурслари ягона "Ziyo NET” миллий таълим тармоғига уланган. Бундан ташқари , "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, "Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги ҳамда "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунлар мамлакатимизда ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузиш, "оммавий маданият” нинг барча кўринишлари – шафқатсизлик, вахшийлик, зўравонликни тарғиб қилиб, ёш авлод онгига салбий таъсир кўрсатувчи ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этишга ташвиқот қилувчи ҳар қандай ҳолатларга қарши кескин зарба беришга хизмат қилади.

Демак, баралла айта оламиз: бизнинг мамлакатимиз ёшлари ғоявий-тарбиявий, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий жиҳатдан, бир сўз билан айтганда, тўғри ташкил этилган тарбиявий тизим – мафкуравий профилактика билан қамраб олинган. Шу боис, Ўзбекистон ёшлари миллий стратегиямизнинг энг тўғри ва мақбул йўли – Мустақиллик йўлидан асло оғишмайдилар.

Бундай дейишга керагидан ортиқ асосларимиз бор. Сабаби, Ўзбекистон ёшлари замонавий илм-фан, техника ютуқлари, жумладан ғарб фан-техникаси, маданияти, адабиёт ва санъатининг илғор жиҳатларини, ўзга халқлар тарихи ҳамда маънавий қадриятларини асло инкор этмайдилар. Балки уларга нисбатан ҳурмат назари билан қараш зарурлигини яхши биладилар. Шу баробарида "ғарбнинг муаммоси”га айланиб улгурган "оммавий маданият”нинг, қуюшқондан чиқиб кетган "маданият”нинг барча тубан кўринишлари миллатимиз учун тамоман ёт, бузғунчи ғоялар эканлигини ҳам жуда яхши англайдилар. Ҳар қандай хатарли қизиқиш ва майллардан холи гўзал турмуш тарзини қарор топтиришга интилиб яшайдилар. Чунки, "огоҳлик” тушунчаси бугунги кунда мамлакатимизда яшовчи ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаёт тарзидан муҳим ўрин олган. Шунинг учун мамлакатимизда жуда қисқа – салкам 24 йил ичида барча соҳаларда юксак тараққиётга эришилди. Бутун дунёда "ўзбек” деган ном, "ўзбек модели”, "ўзбек ёшлари” деган тушунчалар пайдо бўлди. Бу шунчаки тушунча эмас, балки миллатимизга нисбатан ҳавас ва ҳайратларга қоришган эътироф ва эътиборга, эҳтиромга айланди. Дунё спорт ареналарида Ўзбекистон байроғи ҳилпираб, мадҳияси янгради. "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғаси билан ўзбек автомобиллари дунё кезиб кетди. Мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти барқарор ўсиш палласига кирди. Энг қувонарли томони шундаки, барча соҳалардаги тараққиёт замирида ёшларимизнинг жуда улкан ва салмоқли ҳиссалари бор. Ижтимоий - сиёсий жараёнларда фаоллик кўрсатаётган, ўз фуқаролик бурчини собитлик билан адо этаётган ёшлар орасида дипломатлар, спортнинг барча турлари бўйича жаҳон чемпионлари, халқаро фан олимпиадалари ғолиблари бор. Улар халқаро миқёсдаги анжуманлар минбарларига дадил кўтарилиб, мустақил Ўзбекистон номидан сўзлашга, фикр ва илмий қарашларини ҳимоя қилишга қодир. Бундай билим, куч ва салоҳиятга эга Ўзбекистон ёшларини ўзлари танлаган йўлдан ҳеч қандай куч, ҳеч қандай порнографик кўринишдаги бузғунчи ғоялар оғдира олмайди.

Билиб-билмай "оммавий маданият” ("антикулътура” ҳам дейишади буни) нинг миллатимиз турмуш тарзига тамоман ёт унсурларини ўзига "юқтириб” олган айрим лоқайд ёшларни бу булғанган ҳаётдан ўз вақтида қайтариш, улар онгида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш мақсадида мамлакатимизда, юқорида таъкидлаганимиздай, барча қонуний асослар яратилган. Давлатимизнинг бағрикенглик, кечиримлилик сиёсати, асрлар давомида шаклланиб, гўзал такомилга етган маънавий қадриятлар, урф-одат ва анъаналарга садоқат туйғуси ҳар бир фуқаро, ҳар битта оила учун қадрли, азиз.

Бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчимиз. Агар Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий йиғилишидаги нутқига эътибор берган бўлсангиз, Юртбошимиз дунёдаги бугунги сиёсий жараён ҳақида ташвиш билан гапириб, шундай деган эдилар:

" –... Дунёда олдин ҳеч содир бўлмаган, учрамаган ўта оғир, ўта мураккаб зиддият ва низолар, сиёсий қарама-қаршиликлар, жаҳон миқёсида 2008 йили бошланган молиявий-иқтисодий инқироз ва унинг оқибатлари давом этаётган, бир сўз билан айтганда, ноаниқлик ва охирини олдиндан айтиб бўлмайдиган воқеалар юз беришининг гувоҳи бўлмоқдамиз.”

Муҳтарам Президентимиз алоҳида урғу бериб таъкидлаган "ноаниқлик ва охирини олдиндан айтиб бўлмайдиган воқеалар”нинг энг даҳшатлиси интернетнинг оловли тўрига билиб-билмай ёки кўр-кўрона илиниб қолиш, "оммавий маданият”нинг жирканч кўринишлари билан заҳарланишдир. Президентимиз ўсиб келаётган ёш авлодни мафкура майдонининг ўткир ақл, илм-у маърифат билан қуролланган юксак маънавиятли курашчилари сифатида тарбиялаш масаласига ҳамиша жуда катта эътибор билан қараб, Ўзбекистон ёшларининг бугунги куч ва салоҳиятига хамиша юқори баҳо берадилар, Юртбошимизнинг бу эътибори, албатта бежизга эмас.

" – Мен чет эллик сиёсий арбоблар, катта ишбилармонлар билан учрашганимда, – деди Юртбошимиз Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг биринчи ташкилий йиғилишидаги нутқида, – улардан бизнинг фарзандларимиз ҳақида ҳавас билан: "Ёшларингизнинг кўзи ёниб туради”, деган фикрни кўп эшитаман. Ҳақиқатан ҳам ҳаётда Ватани, халқи учун курашга бел боғлаган, софдил, иродаси мустаҳкам ёшларнинг кўзлари ёниб туради”.

Бу – Ўзбекистон ёшларига Президентнинг юксак ишончи, чет эллик сиёсий арбобларнинг ҳавас ва эътирофи! Зеро, инсонниг қалби тоза бўлса, ана шу тоза қалбнинг ўзгача тафти бўлади. Бу тафт инсоннинг юзига чирой, кўзига нур бахш этади. Чеҳраси нурли, ўта иссиқ, кўзлари чақнаб турган инсоннинг юрагида она Ватанга меҳр-муҳаббат туйғуси, яшаш, яратиш ишқи ҳамиша мангудир.

Дунёда "ёшлар мамлакати” деган ном билан тараққиётнинг ўзига хос "ўзбек модели” асосида тобора равнақ топаётган Ўзбекистон давлати ёшлари ҳеч қачон "оммавий маданият” номоёндалари кўринишидаги бир ҳовуч сафсатабозларнинг охири пуч ташвиқотларига эргашмайдилар. Чунки Ўзбекистон ёшлари ўз туб заминини яхши биладилар. Бу – буюк ва ўлмас маънавий хотиралар, мангу қадриятлар, ёқимли урф-одат ва анъаналар, ўзликни англаш ғурури! Бу ғурур асло синмасдир, асло ўчмасдир. Зеро, миллатимиз ғурури – асрлар оша эгилмаган қадларда, синмаган қатъиятларда, ҳеч қачон букилмаган тизларда, орияти баланд кўкракларда, миллатнинг келажаги бўлган ёшларнинг ҳамиша ёниб турувчи кўзларида яшайди, яшайверади. Бундай ҒУРУРни бугунги мафкура майдонининг чиркин, жирканч унсурлари топтаб ўтишга асло қодир эмас!

Робия ЙЎЛДОШЕВА,

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ,

amunews.uz газетаси мухбирлари.

(Фото-http://novza.uz)

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Болалар саломатлиги назоратда: гижжа касалликларига қарши профилактика ишлари давом этмоқда Болалар саломатлиги назоратда: гижжа касалликларига қарши профилактика ишлари давом этмоқда 13.08.2026 Мустақилликнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Амударёда 49 та оилага қувонч улашилмоқда Мустақилликнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Амударёда 49 та оилага қувонч улашилмоқда 10.08.2026 Куйдирги касаллигининг олдини олишга қаратилган махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди Куйдирги касаллигининг олдини олишга қаратилган махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди 10.08.2026 Темир йўл соҳаси фахрийлари касб байрами муносабати билан дийдорлашдилар Темир йўл соҳаси фахрийлари касб байрами муносабати билан дийдорлашдилар 06.08.2026 Қорамон маҳалласида электр инфратузилмаси янгиланмоқда Қорамон маҳалласида электр инфратузилмаси янгиланмоқда 06.08.2026 Меҳнат фахрийси, жамоат арбоби Янгибой Ражаповнинг 80 йиллик юбилейи нишонланди Меҳнат фахрийси, жамоат арбоби Янгибой Ражаповнинг 80 йиллик юбилейи нишонланди 05.08.2026 Амударё туманида ғўза парваришига бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди Амударё туманида ғўза парваришига бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди 05.08.2026 Амударё туманида ободонлаштириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда Амударё туманида ободонлаштириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда 05.08.2026 “Инсон” ИҲМ ходимлари томонидан “Ёлғиз кекса” реестрига киритилган фуқароларнинг хонадонларида ҳашар ташкил этилди “Инсон” ИҲМ ходимлари томонидан “Ёлғиз кекса” реестрига киритилган фуқароларнинг хонадонларида ҳашар ташкил этилди 04.08.2026 Амударёда «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди Амударёда «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди 04.08.2026 Такрорий экинлардан мўл ҳосил олиш йўлида Такрорий экинлардан мўл ҳосил олиш йўлида 01.08.2026 Амударё туманида Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди Амударё туманида Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди 01.08.2026 Амударё туманида навбатдаги сайёр қабул: Аҳоли муаммолари жойида ўрганилди Амударё туманида навбатдаги сайёр қабул: Аҳоли муаммолари жойида ўрганилди 30.07.2026 Мустақиллик байрами олдидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда Мустақиллик байрами олдидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда 30.07.2026 Президент қарори ижроси: Амударёда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди Президент қарори ижроси: Амударёда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди 30.07.2026 Имконияти чекланган фуқаролар учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди Имконияти чекланган фуқаролар учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди 29.07.2026 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 22-сессияси тўғрисида ахборот Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 22-сессияси тўғрисида ахборот 29.07.2026 Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби 24.01.2025 САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР 14.01.2025 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди 12.05.2024 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди 15.08.2023 Сайлов жараёнидан видеолавҳалар Сайлов жараёнидан видеолавҳалар 24.10.2021 Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. 24.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони 17.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони 11.10.2021 Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда 17.07.2021 Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) 14.05.2021 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) 15.01.2020 "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) 21.12.2019 ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) 04.12.2019