ҚИМОР ВА ТАВАККАЛЧИЛИККА АСОСЛАНГАН БОШҚА ЎЙИНЛАРГА АРАЛАШИШ – ЖИНОЯТ
Инсон ҳалол меҳнат билан даромад топиб, рўзғор тебратса хотиржам яшайди. Хонадонига барака, файз киради, осуда, бахтиёр ҳаёт кечиради. Лекин шунга қарамасдан айрим кишилар тезроқ, кўпроқ даромад топишни, моддий бойликларга эга бўлишни, тўкис яшашни истаб, тузатиб бўлмас хатоларга йўл қўйишади. Айниқса, сўнгги пайтларда тез бойиб кетиш мақсадида қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларга аралашиб, бор будидан айрилаётганлар кўп учрамоқда.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 278-моддасида бу жиноят деб кўрсатилган бўлиб, тегишли жазолар белгиланган. Ушбу моддага асосан қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш, шу жумладан ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаш етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Шунингдек, ушбу ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўрсатилган.
Вояга етмаган шахс қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларга жалб қилинса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, уни кўпайтириш, тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши назарда тутилган.
Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларга аралашиш жиноят саналади. Зеро, хотиржам яшашни истаган ҳар қандай одам ҳеч қачон бундай номақбул ишларга асло қўл урмайди.
Асқар Сафаров, Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶