ОНА ТИЛИМ – ЖОН-У ДИЛИМ
Она тили - бу менинг, сенинг, бизнинг, хаммамизнинг жон томиримизда юрагимизни жумбушга келтирадиган ҳисларимизнинг оханг-у нидосидир.
Биз мана шу охангдан, товушлардан ҳосил бўлган сўзлар орқали ўзлигимизни таниймиз. Шу тилдагина бир-биримизнинг қалбимизни чуқур тушунамиз, ҳис қиламиз. Эркин фикр юритиб, шу ҳисларимизни юракларга тўлиқ етказа оламиз.
Она тилим – жон-у дилимсан. Бетакрорим, жилвакоримсан! Неча-неча асрлар оша қувғинга, ҳаттоки ўлимга махкум этилдинг. Аммо ўзбек деган миллат бор экан, сен тилларда яшадинг, яйрадинг. Навоий қаламида ёш болалардек қувнадинг, фаришта қизлардай жилваландинг, ўйноқи ғазалларда ўзингнинг гўзаллигинг, фусункорлигингни яна бир бор ошкор этдинг.
Она тилим – жон-у дилим. Сен Яссавийнинг қаламида Яратган билан сирлашдинг, Чўлпон, Фитрат, Авлоний юрагидан отилган бир шиддат бўлдинг, Амир Темур, Мангубердилар юрагида ўчмас олов бўлдинг, мардликка ундовчи хайқириқ бўлдинг.
Она тилим – жон-у дилим. Асрлар ортида қолди бари. Сени ўрус оғалар ўтган асрда қолоқсан замонавий эмассан, деб менсимай қўймоқчи, бўлишди. Ҳамма-ҳаммасига чидадинг, курашдинг. Баъзилар лаҳжаларини сенга тиқиштирмоқчи бўлишди. Шунда ҳам софлигинг учун курашиб чарчамадинг.
Она тилим – жон-у тилим. Курашларда толиқмасдан олмос каби тобланган менинг тилим. Сен Мухаммад Юсуф қаламига жозиба бериб, ўзбекман деганинг қалбидан жой олдинг. Дунё шоирларини хам лол қолдирдинг. Сен Ўзбекистон Қаҳрамони Муножот Йўлчиева қалбидан нола бўлиб отилиб, дунё саҳнасида инсониятни ҳайратга солдинг!
Она тилим - менинг фахрим. Сенинг софгина, беғуборгина дунёйингни асраш, авайлаш менинг фарзандлик бурчимдир. Мен, сен, биз бор эканмиз сен гуллаб-яшнайверасан фахрлигим!
Севинч Ўразматова, 41-мактаб 11-синф ўқувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶