БОЛАЖОНЛАРНИНГ СЕВИМЛИ МАСКАНИ
Олимларнинг илмий хулосаларига кўра, инсон умри давомида оладиган барча маълумотларининг ярмидан ортиғини беш ёшигача бўлган даврида олар экан.
Беш ёшгача бўлган бола дунёни танийди, ўз она тилида мулоқот қила олади, ўз оиласи, ота-онаси, яқинлари, қўни-қўшниларига нисбатан кўнглида беғубор меҳр-муҳаббат шаклланади. Унинг қандай инсон бўлиб вояга етиши, аввало оила ва қолаверса, узлуксиз таълим тизимининг илк поғонаси бўлган МТТ таълим-тарбиясига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Жумуртов шаҳарчасида якка тадбиркор Санобар Сафарбоева ташкил этган оилавий НМТТ ўз фаолиятини бошлаганига энди икки йил вақт бўлди. Ҳудуднинг 25 нафар болажонларини бағрига олган, чор-атрофи мевали, манзарали дарахтлар, гуллар билан ўралган бу хушманзара ва баҳаво маскан кичкинтойларга жуда ёқиб қолди.
Асли ўзи жуда болажон, МТТ тарбиячиси йўналиши бўйича имтиёзли диплом соҳибаси бўлган Санобар Сафарбоева узоқ йиллар ўзининг беш нафар қизи, кенжатой ўғли тарбияси билан шуғулланди. Беш қизни ўқитиб, вояга етказиб, икковини уйли-жойли қилиб бўлгач, ўз севган соҳаси бўйича ишлашни истади. У яшайдиган шаҳарчада мактабгача таълим ташкилоти умуман йўқ бўлганлиги учун оила аъзолари билан кенгашиб, бўш турган ўзларининг саккиз хонали тураржой биносида оилавий мактабгача таълим ташкилоти ташкил этишга қарор қилди. Ҳужжатлаштириш ишлари битгунича қабул қилинадиган кичкинтойлар рўйхати ҳам шаклланди. Ташкилот аслида 25 нафар болажонларни қабул қилишга мўжалланган бўлса-да, ҳудудда “менинг фарзандимни ҳам олинг”, деяётган ота-оналар кўп. Қамраб олинган болажонлар эса ҳар куни бу масканга талпиниб, интиқиб келадилар.
Санобар Сафарбоева ушбу ташкилот фаолиятини йўлга қўйиш билан ўзидан ташқари 4 нафар ёшларни иш билан таъминлади.
Ташкилот фаолият юритаётган улкан ҳовлида болалар майдончаси, яшил ҳудуд, ошхона, дам олиш ва овқатланиш хоналари, ётоқхона, машғулотлар хоналари мавжуд. Боғчада болажонлар эрталаб чиниқиш машғулотларини ўтагач, хуш кайфиятда нонуштага ўтиришади. Дарс машғулотлари, дидактик ўйинларда ҳам кичкинтойлар бири-биридан қолишмасликка, билағон, чаққонлигини кўрсатишга ҳаракат қилишади. Ҳовли томорқасида етиштирилган сабзавотлардан тайёрланадиган хуштаъм таомлар болаларга манзур бўлаётир, узум, олмалар янги узилиб, дастурхонга тортилади.
Оилавий нодавлат МТТ ташкил этилгани ҳудуддаги ишлайдиган оналарга жуда қўл келди. Боиси, фарзандлари боғчада, улардан оналарнинг кўнгли тўқ. Ташкилот ходимлари эса болажонларнинг яйраб ўсиб-улғаётганидан, бунда ўзларининг ҳам ҳиссаси борлигидан хурсанд.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶