“БЕШ МУҲИМ ТАШАББУС - ЁШЛАРГА ҚАНОТ” НОМЛИ ГРАНТ ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Амударё туманининг ижтимоий-сиёсий ва оммабоп нашри – “Тараққиёт кўзгуси” газетасининг иловаси “Менинг оилам” газетаси таҳририяти Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди таъсис этган “Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги грант танловида “Беш муҳим ташаббус – ёшларга қанот” номли лойиҳаси билан қатнашиб, ғолиб бўлган эди.
Таҳририят ходимлари томонидан грант лойиҳаси режаси асосида ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилишга, спорт соҳасидаги қобилиятларини намойиш этишларига шароит яратишга, комьпютер технологияларини чуқур эгаллашга ва ундан самарали фойдаланишга тарғиб этувчи қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Шунингдек, лойиҳа доирасида ўтказилаётган тадбирлар орқали ёшлар маънавиятини юксалтириш мақсадида улар орасида китоблар мутолааси аҳамияти кенг тарғиб этилаётир, китобхонлик танловлари ташкил этилаётир, ногиронлиги бўлган ёшларнинг ҳаётга интилишларини кучайтиришга хизмат қилувчи турли тадбирлар ўтказилаётир. Ногиронлиги бўлган иқтидорли ёшлар ҳақида газетада мунтазам мақолалар бериб борилмоқда.
Грант лойиҳаси иш режасига мувофиқ 13 сентябрь куни тумандаги 11-сонли мактабда Қипчоқ овули ҳудудида яшовчи ногиронлиги бўлган ёшлар ва мактаб ўқувчилари учун “Компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш” мавзусида очиқ дарс ташкил этилди.
Дастлаб лойиҳа ижрочиларидан бири Ойгул Ражабова очиқ дарс иштирокчиларига ногиронлиги бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳаётга қизиқишларини ошириш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳа аҳамияти ҳақида ва мазкур дарсдан кутилаётган натижалар ҳақида кенг тушунча берди.
Очиқ дарсда мактабнинг информатика фани ўқитувчиси Гулчеҳра Қурбонбоева комьпютер технологияларидан самарали фойдаланиш, унинг таълим олишда, ишлаб чиқариш жараёнларида зарур манбаларни топиб ўрганишдаги аҳамияти ва йўл-йўриқлари ҳақида батафсил маълумотлар берди. Синфхонадаги электрон доска орқали ўқувчиларга топшириқлар берилиб, ижроси назорат қилинди.
Мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Матлуба Қурбониёзова ўқувчиларнинг комьпютер саводхонлигини синовдан ўтказиш мақсадида очиқ дарс мавзусига доир оғзаки савол-жавоблар ўтказди. Ушбу жараёнда ўқувчиларнинг замонавий ахборот технологияларини пухта эгаллаётганликлари яққол намоён бўлди. Шунингдек, мавзу юзасидан ўқувчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилиб, уларнинг бу борадаги билимлари мустаҳкамланди.
Эътироф этиш жоизки, грант лойиҳаси иш режаси доирасида ўтказилаётган тадбирлар, танловлар, маънавий-маърифий кечалар ва концерт дастурлари ногиронлиги бўлган ёшлар орасида “Беш ташаббус” тамойилларини кенг жорий этишга, уларни ижтимоий-маънавий юксалтиришга ва ҳаётга қизиқишлари ортишига замин бўлаётир. Шу маънода олиб қарайдиган бўлсак, мактабда ўтказилган мазкур очиқ дарс ҳам ўқувчилар учун жуда аҳамиятли бўлди, дейиш мумкин.
Севара Исмоилова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶