МАЪНАВИЯТ ВА МАДАНИЯТ – УЧИНЧИ РЕНЕССАНСНИНГ НЕГИЗИ
Республика Маънавият ва маърифат маркази фаоллари ва бир гуруҳ маърифат тарғиботчиларининг Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасини ўқир эканман хаёлимдан миллат келажаги, тилимиз, урф-одатларимиз, минг йилликларни туташтирган қадриятларимиз, ота-боболаримизнинг мерослари ва бугунги ёшлар кўз олдимдан бир-бир ўтди.
Ҳар биримиз биламизки, миллатимиз, давлатимиз давомчилари бўлмиш ёшларимизнинг қалбига, онгига глобал даврнинг кучли таъсири бор. Ёшларимизнинг маънавий-маърифий дунёсини, таълим-тарбиясини, интеллектуал салоҳиятини шакллантиришда устоз-ўқитувчилар, маданият-маънавият соҳаси ходимларининг жонкуярлигини алоҳида тилга олиш жоиз. Чунончи, улар жамиятни, миллатни, Ватанни севишга, садоқат билан хизмат қилишга чорлаб, даъват қилаётган маънавият фидойиларидир.
Мурожаатномада ёшларга қарата “Ватанни севиш, халқимизга садоқат билан хизмат қилишда Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, маърифатпарвар жадид боболаримизнинг шонли анъаналарини ардоқлаб, уларни муносиб давом эттиринг. Таълим-тарбия, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ўрганишда, замонавий касб-ҳунарлар, рақамли иқтисодиёт кўникмаларини пухта эгаллашда, жаҳон майдонидаги рақобатда хориждаги тенгдошларингиздан асло кам эмаслигингизни амалда исботланг. Сиз бунга ҳар томонлама қодирсиз” дейилган. Дарҳақиқат, мурожаатномада таъкидланганидек, ёшларимиз – халқимиз умид ва ишонч билан кўз тиккан келажак бунёдкорларидир. Уларни ҳар хил бузғунчи ғоялар, ёт мафкуралар таъсиридан асраш, билим ва тафаккурини бунёдкорликларга, эзгуликларга йўналтириш, азалий қадриятларимизни, маънавий бойликларимизни қадрлашга, асраб-авайлашга ўргатиш барчамизнинг эътиборимизда бўлиши керак. Юртимиз, миллатимиз фарзандлари, ёшлари ҳаммамизнинг фарзандимиз, уларни келажак учун муносиб инсонлар қилиб тарбиялашга масъулмиз.
Азиз юртдошлар, қадрли устозлар, муҳтарам маҳалла фаоллари, барчамиз Янги Ўзбекистоннинг, Учинчи Ренессанснинг пойдеворини барпо этишда жипслашайлик! Биргаликда улкан марраларни забт этайлик! Фаровон жамият қуришдек улуғ мақсад йўлида биргаликда ҳаракат қилайлик!
Ватанимиз, миллатимиз, тилимиз, қадриятларимиз ор-номусимиз, анъаналаримиз ва ўзлигимизни садоқат билан ҳимоя қилишда бир ёқадан бош чиқариб, бир жон-у, бир тан бўлайлик!
Зулфия Оллаёрова, 1-сонли мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶