“Чилпиқ” қалъа-қўрғони ёдгорлиги ҳудудида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
Бугунги тинч ва фаровон ҳаётимиз кўп миллатли халқимизнинг меҳнати самарасидир. Хусусан, 130дан зиёд миллат ва элат вакилларининг барчаси тинч-осойишта ҳаёт кечириб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Уларнинг ўз урф-одат ва расм-русумларини тўлиқ адо этиши, миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши учун зарур шароитлар яратилган.
Барча миллат ва элат вакиллари ўз қадриятларини эъзозлаши учун яратилган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, Амударё туманининг Назархон овулида жойлашган “Чилпиқ” қалъа-қўрғони ёдгорлигида “Миллий қадриятларимиз ва либосларимиз – маънавиятимиз кўзгуси” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда туман оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гўзал Собурова, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро маркази директори Гавхар Чимбайчиева, Чойкўл овули хотин-қизлар фаоли Сайлихон Муратбоева, Назархон овули ва Беш том маҳаллаларининг хотин-қизлар фаоллари, кўчабошчилари, “Оқила аёллар” ҳаракати етакчилари ва маҳалла фаоллари иштирок этишди.
Тадбирда Назархон ва Бештом маҳаллаларида яшовчи ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ ва туркман миллатларининг турмуш тарзи, ҳар миллатнинг ўзига хос урф-одатлари, миллий кийимлари, ўлан ва лапарлари, қўшиқлари ҳақида маълумотлар берилиб, ёр-ёрлар, лапарлар ижро этилди.
Миллий каштачилик, қуроқчилик санъати ҳақида маълумотлар берилиб, қадимий асбоб-ускуналар, тегирмон тошларида жўхоридан ёрма ва ун қилиш, кувида айрон тайёрлаш каби миллий анъаналар ёшларга амалий кўрсатиб берилди. Шунинг билан бирга тадбир иштирокчилари “Чилпиқ” қалъа-қўрғони ёдгорлигини ҳам саёҳат қилишди ва катта таъссуротларга эга бўлишди.
Тадбир давомида Назархон овул фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Гулжаҳон Ибрагимова бошчилигидаги назархонлик “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари “Чилпиқ” қалъа-қўрғони этагида тикилган ўтовда ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, туркман халқларининг миллий кийим-кечаклари кўргазмасини ташкил этишди.
Бундан ташқари, назархонлик “Оқила аёллар” миллийлик руҳи сингдирилган келин тушириш, қиз узатиш тўйлари, суннат тўйлари, шунингдек, “тушовкесди” маросимларини амалда кўрсатиб беришди ва эшитган кўнгилларга завқ бағишловчи ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, туркман миллатларининг турли хил маросим қўшиқлари, ўлан ва лапарларини ижро этдилар.
Қувонарлиси шундаки, шу куни “Чилпиқ” қалъа-қўрғони ёдгорлиги билан танишиш учун ташриф буюрган хорижий сайёҳлар ҳам халқимизнинг бетакрор миллий-маънавий қадриятларини ўзида мужассам этган урф-одат ва анъаналари билан яқиндан танишдилар ҳамда ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ ва туркман тилларида янграган ўланлар, лапарларни мароқ билан тингладилар.
Миллий қадриятларимиз ва либосларимиз – маънавиятимиз кўзгуси” мавзусидаги ушбу тадбирнинг ўтказилишида Назархон овули ва Бештом маҳалла фуқаролар йиғинларининг кўчабошчи аёллари ҳамда “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари фаоллик кўрсатдилар. Чунки кўчабошчи ва оқила аёллар ҳаётининг ўзи бугунги ёшлар учун улкан тарбия мактаби кўзгусидир. Улар ўз оилаларида невара-чевараларининггина эмас, балки жамиятнинг ҳам ҳақиқий фаришталари, уламоларидир. Улар оиланинг ва жамиятнинг бус-бутунлиги, тинчлиги ва осойишталигини қайғургувчи умумнинг иззатли оналари ҳисобланадилар.
Давлатимиз бу нуроний онахонларга ишонч ва ҳурмат билан жамиятнинг ахлоқ ва одоб фаришталари сифатида юксак эътибор қаратаётгани ҳам бежиз эмас.
Замонларнинг баланд-паст довонларидан ўтган сари қадриятлар инсонларни тинчлик-тотувликка, меҳр-оқибатга, эзгуликка, ҳамжиҳатликка чорлайдиган катта маънавий кучга айлана борган.
Бундай қадриятлар миллатнинг кундалик ҳаётида, маданияти ва маънавиятида, онгу шуурида, ўзаро маданий мулоқотида, бошқаларга бўлган муносабатида, қисқаси, ҳар бир ташлаган қадамида ўз ифодасини топади. Шунинг учун ҳам мутафаккирлар қадриятлар миллат маънавиятининг кўзгуси, дейишган.
“Чилпиқ” қалъа-қўрғони ёдгорлиги ҳудудида бўлиб ўтган тадбир халқимиз маънавиятининг ёрқин кўзгуси сифатида барчада гўзал таассуротлар қолдирди.
Тадбир якунида бир гуруҳ фаол аёл-қизлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирландилар
Тазахан Қдирниязова, Назархон ОФЙ фаоли, 3-сонли мактаб кутубхоначиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶