КИТОБХОНЛИК БУЮК КЕЛАЖАК КАФОЛАТИДИР
Яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтирувчи, эзгуликка ундовчи маёқдир. Китоб мутолаасининг инсоннинг ҳар томонлама етук, комил шахс сифатида шаклланишида ўрни беқиёсдир. Китоб ҳар қандай билимнинг жони ва юраги, ҳар қандай фаннинг ибтидосидир.
Азиз ёшлар, бўш вақтингизни зое кетказмай, келажагингиз пойдеворини мустаҳкам қилиб, кўп китоблар ўқиб, билим олиб, илм чўққиларини забт этинг! Сизларга янги келган адабиётларни тавсия қиламиз:
“Муҳаббат бекати” – бу бекатда инсон умрида ақалли бир бора тўхтаб ўтади. Бекатда қанча тўхташидан қатъий назар, бу давр қалбида абадий муҳрланиб қолади ва бу нурли хотиралар умр сўнгигача кўнглини мунаввар этиб туради. Aдиб Aбдураҳмон Иброҳимнинг ушбу янги тўпламидан жой олган қисса ва ҳикоялар худди шу мавзуга бағишланган.
A.Қоржововнинг “Сўнгги гуноҳ” қиссасида тўйига бир кун қолганда вафот этган йигитнинг ўлимидан сўнг рўй берган сирли воқеалар ҳикоя қилинади. Куёв йигит сувга ғарқ бўлган ҳовуз яқинидаги бинога йиллар ўтгач, бир қизнинг келиши билан асосий саргузаштлар бошланади… Шунингдек, китобдан муаллифнинг ”Уч аёл фитнаси” қиссаси ҳам жой олган бўлиб, мактаб чоғлари қалин дугона бўлган уч синфдошнинг аччиқ сирлари йиллар ўтиб, бирин-кетин очилади…
Ў.Усмоннинг "Лаҳзанинг ларзалари" номли китобига турли йилларда ёзилган сара ҳикоялари жамланган. Ҳар бир ҳикояда мураккаб ҳаётий муносабатлар ва инсон руҳий оламининг минг бир эврилиш ва зиддиятлари акс этган. Чуқур фалсафий маъно сингдирилган, ўзига хос бадиий услуб ва табиийлик мужассам бўлган ҳикояларни ўқиб, завқ оласиз, ўйга толасиз, шахс ва жамият муаммоларини қалбдан ҳис этасиз. Турк ёзувчиси Aмина Шенликўғли қаламига мансуб “Лўли" романида ҳам турли даврларда юз берган воқеа-ҳодисалар тасвирланган. Ёзувчи асар ҳақида шундай дейди:
"Севишган ёшлар ҳамда Серпилнинг акасини асар бош қаҳрамони сифатида гавдалантирдим. Ўзим яшаган, ҳис қилган, эшитган ва кўрганларимни Серпил ва Само мисолида таҳлил қилдим, асрий қадриятларга назар ташладим". Aсрлар давомида бирор миллат лўлиларчалик эзилмаганини кўпчилигимиз яхши биламиз… Aсар давомини ўқиш орқали шу мавзуда батафсил маълумотларни билиб оласиз.
Р.Романова, туман АКМ ахборот-библиография хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶