“АЁЛИ УЛУҒГАНГАН ЮРТ” НОМЛИ МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини, юртимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотларга, янгиланишларга дахлдорлик ҳиссини оширишга улкан эътибор қаратилаётир.
Соҳада ҳали ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжудлиги бу борадаги ишларни янада жонлантиришни тақозо этмоқда. Боиси ўз яшаш манзилига эга бўлмаган аёллар, эҳтиёжманд аёллар ҳали бор. Уларнинг ҳам яхши даромад топиб, фаровон яшашига эришиш учун бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш жуда муҳим.
Шу йилнинг 25 мартида туман Маданият марказида “Аёли улуғланган юрт” номли маънавий-маърифий тадбир ҳам бу борадаги эзгу ишларни янада жонлантиришга қаратилди.
Туман ҳокимлиги, Ички ишлар бўлими, Маданият ва туризм бўлими ҳамкорлигида ташкиллаштирилган ушбу тадбирга овул ва маҳаллаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар фаоллари, етакчилар, нуроний онахонлар ва ёшлар вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирни туман ҳокими ўринбосари Гўзал Собурова очди ва туманимиз ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг иштирокини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, муайян касбий кўникмани эгаллаши, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маъруза қилди.
Таъкидланишича, 2022 йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож 3810 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилган ва 3803 нафарига ёрдамлар берилиб, оилалари иқтисоди яхшиланишига эришилган. 300 нафар аёл-қизлар мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатга олиб борилган, камдаромадли оилаларнинг 16 нафар талаба аёл-қизларининг тўлов контракт пуллари қоплаб берилган, 218 нафар ногиронлиги бўлган аёл-қизлар реабилитация воситалари билан таъминланган, 116 та ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг 113 таси жамоатчилик аралашуви билан яраштирилган, билиб билмай жиноят кўчасига кириб қолган 3 нафар хотин-қизлар туман ҳокимлигининг хотин-қизлар бўлими кафиллиги асосида қамоқ жазосидан сақлаб қолиниб, соғлом турмуш тарзига қайтарилган.
Иштирокчиларга Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро маркази директори Гавҳар Чимбайчиева мавзуга доир психологик семинар-тренинг ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан Холимбег овулидаги 35-сонли мактабнинг 11 синф ўқувчиси, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Барно Самандарова юртимизда ёшларга илм олиши, ўз иқтидорларини намоён этиши, салоҳиятларини юксалтириши учун яратилган шароитлар ҳақида тўлқинлашиб гапирди, эришган ютуқларига ана шу шароитлар мустаҳкам асос бўлганини таъкидлади.
Тадбирда туман Адлия бўлими бош маслаҳатчиси Нилуфар Жуманиёзова барча аёл-қизларни Наврўз байрами билан қутлаб, янгиланаётган Конституциянинг ҳар бир моддаси ҳаётий тажрибаларга асослангани ва ҳал қилиниши керак бўлган муаммоларнинг ечими сифатида лойиҳада ўз аксини топганлигини таъкидлади ва Референдумда фаоллик билан овоз беришга чақирди.
Тадбир сўнгида туман Маданият маркази ходимлари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. Аёлни, тинчликни, она юртни улуғловчи куй-қўшиқлар барчага манзур бўлди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶