ХАЛҚ ҲОКИМИЯТИ – оммавий ҳокимият
Ҳокимиятни амалга ошириш – жамият, давлат, алоҳида ҳудудлар, фуқароларнинг бирлашмалари ишларини бошқариш, маълум мақсадларни кўзлаб фаолият кўрсатиш ва кўзланган мақсадга, натижага эришиш демакдир.
Бу қоида Конституциянинг аксарият моддаларида, энг аввало – 7-моддасида акс эттирилган. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. Халқ суверенитети, биринчидан, айни мамлакатда халқ чекланмаган ҳокимиятга эгалигини, иккинчидан, халқ ўз ҳокимиятини бевосита ҳамда давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари орқали амалга ошириши мумкинлигини билдиради.
Халқ ҳокимияти – оммавий ҳокимият бўлиб, у омма манфаатларини кўзлаб амалга оширилади. У бутун жамият ва унинг ҳар бир аъзоси манфаатларини кўзлайди ва унинг муайян функциялари, шаклларини амалга оширишда ҳар ким иштирок этишга ҳақли. Ҳокимият – бутун халқ, унинг маълум ҳудудда яшайдиган қисми, халқ томонидан сайланган вакиллар, халқ томонидан таркиб топтирилган ва халқ вакилларини ўз ичига олган органлар томонидан амалга оширилади. Ҳокимият – аҳолини ишонтириш, тарбиялаш, рағбатлантириш, уюштириш, зарур ҳолда – мажбурлаш усулларини қўллайди. У ошкора, очиқ амалга оширилади, унинг барча тадбирлари жамоатчилик муҳокамасидан ўтади ва ўтиши лозим.
Халқ ҳокимияти Ўзбекистон Республикасида уч асосий шаклда амалга оширилади: давлат ҳокимияти, ижтимоий хокимият, халқ ҳокимиятининг аралаш шакли.
Халқ ҳокимиятини амалга оширувчи давлат ҳокимияти органларининг уч тури – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органлари, даражасига кўра эса республика органлари ва маҳаллий органлар фарқланади.
Соф маҳаллий хусусиятга эга масалаларни ҳал қилишда маҳаллий ўзини ўзи бошқаришнинг ижтимоий, яъни нодавлат табиати намоён бўлади. Шунга қарамай, унинг қарорлари айни ҳудуд аҳолиси учун мажбурийдир. Конституциянинг 101-моддасига мувофиқ, маҳаллий ҳокимият органлари ЎзРнинг қонунларини, Президент Фармонлари, давлат ҳокимияти юқори органларининг қарорларини амалга оширадилар, республика ва маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни муҳокама қилишда қатнашадилар. Бунда юқори органларнинг ўзларига берилган ваколат доирасида қабул қилган қарорлари қуйи органлар ижро этиши учун мажбурийдир. Икки хил вазифани қўшиб амалга оширганлиги туфайли маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ҳокимияти юртимиздаги халқ ҳокимиятининг аралаш шакли – ижтимоий-давлат ҳокимиятини ташкил этади.
Санобар Холбоева,
туман ФҲДЁ бўлими мудираси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶