ХАЛҚ ДАРДИ БИЛАН ЯШАШ БАХТИ
Мамлакатимизда фаолият юритаётган Ўзбекистон экологик партияси жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўз ўрнига эга. Чунки аҳолининг экологик маданиятини ошириш, улар кўнглида табиат мусаффолигини сақлашга масъулият ҳиссини тарбиялаш долзарб аҳамиятга эга.
Экологик барқарорликни таъминлаш, бу борадаги муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратиш ва салбий оқибатларнинг олдини олишда Ўзбекистон экологик партияси аъзоларининг ҳиссаси улкан.
Партия аъзоси, халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши депутати, айни пайтда Қиличбой овул фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлаётган Баҳром Қодиров партия дастурларини ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этмоқда. Олий маълумотли, мутахассислиги мухандис-механик бўлган қаҳрамонимиз олийгоҳни тугатгач, Манғит ишлаб чиқариш – тежорат марказида, Қиличбой хўжалиги ёнилғи қуйиш шоҳобчасида, собиқ 41-сонли касб-ҳунар техника билим юртида директор ўринбосари вазифаларида ишлади. Кейинчалик Амударё маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида директор ўринбосари, Қиличбой овул фуқаролар йиғини раиси, Амударё маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи директори лавозимларида фаолият юритди. 2019 йилдан ҳозирги давргача Қиличбой овул фуқаролар йиғини раиси сифатида фаолият олиб бориб, овул аҳолисининг турмуши сифатини ошириш, фарвонлигини таъминлаш, ҳудудда миллий урф-одатларимиз, қадриятларимизни ёшлар қалбига сингдириш, одобли, эл хизматига камарбаста ўғил-қизларни камолга етказиш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётир.
Ушбу ҳудуд аҳолиси меҳнатсевар, деҳқончиликда ўзига хос тажриба ва малакага эга эканлигини инобатга олиб, оқсоқол уларга тадбиркорлик, деҳқончилик қилишлари учун муносиб шароитлар яратишга интилади. Йиғин тавсиясига кўра аҳолига деҳқончилик қилишлари, чорвачилик билан шуғулланишлари учун имтиёзли кредитлар ажратилаяпти, мини технологиялар сотиб олишларига ёрдам берилаяпти.
Халқ ҳурмат-эътиборини қозонган Баҳром Қодиров 2020 йилда халқ депутатлари туман Кенгашига Қиличбой сайлов округидан депутат бўлиб сайланди.
У халқ вакили сифатида ҳудуд аҳолисининг мамлакатимизда кечаётган ижтимоий сиёсий жараёнлар, янгиланишлар, юксалишларга дахлдорлигини ошириш, барча жабҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишларини тарғиб қилиш мақсадида тез-тез учрашувлар ўтказиб туради. Учрашувлар жараёнида аҳоли турмушидаги аниқланган муаммоларни ижобий ҳал қилиш учун тинмай ҳаракат қилади.
Жорий йилда ана шундай халқ билан жонли мулоқотлар даврида билдирилган мурожаатларга мувофиқ Хизр эли маҳалласида аҳоли томорқа ерларини оқар сув билан таъминлаш яхшиланди, шу маҳалла ҳудудидаги трансформатор кўчирилди, Тозаёп, Олмазор аҳоли пунктларига янги трансформатор ўрнатилди, Офтоб, Баҳоуддин Нақшбанд кўчалари йўли таъмирланди.
Баҳром Қодиров ўз сайлов округи ҳудудида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Яшил ҳудудларга, йўллар бўйларига, ҳовли-жойлар атрофларига мевали, манзарли дарахтлар, гуллар кўчатлари экилишига бош бўлади. Кам таъминланган оилаларга корхона, ташкилотлар атрофларига экиш учун ўз ҳисобидан турли кўчатлар етказиб бериб, парваришланишини назорат қилиб боради.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қўллаб-қувватланаётгани Баҳром Қодировнинг эл оқсоқоли сифатидаги, депутат сифатидаги нуфузини, обрўсини ошираяпти. Ҳа, халқ дарди билан яшаган инсон ҳақли равишда ҳалқнинг олқишини олади. Бу – улкан бахтдир.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶