Туманда “Кексалар ҳафталиги” юқори савияда ўтказилмоқда
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишидаги ролини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги қарори билан ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгилангани бунинг ёрқин ифодасидир.
Бу йил ҳам Амударё туманида “Кексалар ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар юқори савияда ташкил қилинмоқда.
Ҳафталик давомида кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатилмоқда. 4 октябрь куни эрталабдан туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими масъуллари Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари, “Нуроний” жамғармаси раиси Турсинбай Абдижаббаров ҳамроҳлигида Назархан овулида истиқомат қилувчи 1921 йилда туғилган онахон Турғангул Досназарованинг хонадонига ташриф буюрдилар. Ташриф давомида онахон билан дилдан суҳбат қурилиб унга пул мукофоти топширилди.
Шундан сўнг масъуллар Чойкўл овулида истиқомат қилувчи 1917 йилда туғилган Катча Беканованинг хонадонига ҳам ташриф буюрдилар. Онахон бу йил 105 ёшни қарши олди. Кўп йиллар мобайнида қишлоқ хўжалиги соҳасида фидоийларча меҳнат қилиб, ортда қолган умрини эл хизмати, фарзандлар тарбиясига бағишлаган ушбу онахонга ҳам пул мукофоти топширилди. Тиббиёт ходимлари онахоннинг саломатлигини кўрикдан ўтказиб, зарур тавсиялар бердилар.
Хизр эли маҳалласида яшовчи 1915 йилда туғилган онахон Парда Бекниязова ҳам эл-юртга ҳамиша ўрнак бўлиб келган, узоқ йиллар мобайнида қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали фаолият юритган онахонлардан. Масъуллар онахон ҳолидан хабар олишиб, унинг оилавий аҳволи, яшаш шароити билан танишиб, онахонга пул мукофотини топширдилар.
Кекса-нуронийлар хонадонимиз кўрки, дастурхонимизнинг файзу-баракотидир. Уларнинг қилган хайрли дуоси ҳаётимиз, оилаларимиз, Ватанимиз ҳамда йўлимизни нурафшон этиб туради ва яхши ишларга ундайди. Ёши улуғ отахон-у мўътабар онахонларимизни эъзозлаш ва уларни қадрлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш бизнинг узоқ асрлик урф-одатларимиз, миллий анъаналаримиз ҳамда яшаш тарзимизнинг ажралмас бир бўлагига айланган десак асло муболаға бўлмайди.
Бу биринчи навбатда кекса авлод вакилларига бўлган ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш бўлса, иккинчидан ёш авлод учун улкан тарбия ва тажриба мактаби ҳамдир. Айниқса, узоқ йиллардан буён умургузаролик қилиб, бир-бирлари билан аҳил ва иноқ яшаб келаётган отахон ва онахонлар ёш оилалар учун ҳақиқий ибрат мактабидир. “Кексалар ҳафталиги” доирасида мана шундай намунали оила соҳиб ва соҳибалари ҳолидан ҳам хабар олинди.
Беруний маҳалласида истиқомат қилувчи, 70 йилдан буён бир оила бўлиб тинчлик ва тотувликда умр кечираёган Қувват ота ҳамда Розия она, Гулзор маҳаллсида истиқомат қилувчи 61 йилдан бери бир оила бўлиб яшаб келаётган, фарзандларини эл-юртга муносиб хизмат қилувчи инсонлар қилиб вояга етказган ва айни кунларда кексалик гаштини сураётган Матназар ота ва Холжон оналарнинг ҳолидан ҳам хабар олинди.
Шунингдек, Бойовул маҳалласида истиқомта қилувчи Қозоқ ота ва Энажон момо 62 йилдан буён, Ойбек номли маҳаллада истиқомат қилувчи Эрдаш ота ҳамда Жангил она 60 йилдан буён, Ойбек номли маҳаллада яшовчи Азат ота ва Ўғилжон она 60 йилдан буён, Чордара маҳалласида ёшовчи Башир ота ва Умитгул аялар 60 йилдан бери биргаликда умиргузаролик қилиб тинч-тотув яшаб келаётганлиги, ушбу оилаларда эл корига ярайдиган солиҳ фарзандлар вояга етиб, Ватанимиз тараққиётга муносиб ҳисса қўшаётганлиги эътироф этилди ҳамда хонадон эгаларига пул мукофотлари топширилди.
Куннинг иккинчи ярмида тумандаги “Хонсарой” меҳмонхонасида туманда кўп йиллар давомида турли соҳаларда меҳнат қилиб, айни кунларда қарилик гаштини сураётган нуронийлар иштирокида катта тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида ҳунармандлар томонидан моҳирона ишланган миллий ҳунармандчилигимиз намуналари бўлган миллий қўғирчоқлар, қишлоқ хўжалиги ва уй-рўзғор бўйимлари, момоларимиз таққан зебу-зийнат буюмлари кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбирга туманнинг ҳар бир маҳалласида ёшлар тарбиясига, оилалар мустаҳкамлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол нуронийлар, фуқаролар йиғинларининг кексалар масалалари бўйича маслаҳатчилари, фаол ёшлар таклиф этилди.
Тадбирда нуронийлар учун дастурхон ёзилди, туманимизнинг таниқли санъаткорлари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди. Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари, “Нуроний” жамғармаси раиси Турсинбай Абдижаббаров нуронийларимизнинг Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлигига қўшган ҳиссаларини эътироф этиб, уларнинг панду насиҳатлари ёш авлод тарбиясида ғоят катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, юртимизда кекса авлод вакиллари учун яратилган шароит ва имкониятлар ҳам тилга олинди. Биргина мазкур ҳафталик доирасида нуронийларнинг Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг диққатга сазовор жойларига саёҳати ташкил этилади. Барча зиёратгоҳ ва қабристонларда ҳамда якка-ёлғиз кексаларнинг хонадонларида ҳашарлар ўтказилиб, уларнинг уй-жой, маиший муаммоларини ҳал этишга, санатория-курортларда соғломлаштииш ва даволанишлари учун шароитлар яратилишига алоҳида эътибор берлада.
Шунингдек, ҳар бир маҳаллада яшовчи кекса авлод вакиллари режа асосида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғлиғини тиклашлари учун амалий ёрдамлар кўрсатилади.
Кекса авлод вакилларига бўлган эътибор ҳамда ғамҳўрлик мамлакатимизда “Инсон қадри ҳар нарсадан улуғ” тамойилини ҳар тамонлама чуқур қарор топтиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари, “Нуроний” жамғармаси раиси Турсинбай Абдижаббаров тумандаги овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритаётган кексалар масалалари бўйича маслаҳатчиларга 300 минг сўмдан пул мукофотини топшириб, уларни янада фаол бўлишга чақирди. Айниқса, янги ҳаёт остонасида турган ёшларга уларнинг панд-насиҳатлари ниҳоятда муҳим эканлигини таъкидлади.
Тадбирда 70 нафар нуронийга жамоат ишларида фаоллиги, оилалар тинчлиги, ёш авлодни намунали қилиб тарбиялашда қўшган ҳиссалари учун туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди. Учрашув гўзал куй-қўшиқлар билан давом этди.
Биз учун ота-боболаримиз, нуроний кекса ота-оналаримиз катта бойликдир. Уларни асраб авайлаш, ҳурмат кўсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан биридир. Зеро, қариялар қадр топган хонадонда, нуронийлар эъзозланган юртда ҳамиша меҳр-оқибат, қут-барака ҳамда тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон бўлади.
Фотима Эшимбетова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶