ЎЗ –ЎЗИГА ИМКОНИЯТ ЭШИКЛАРИНИ ОЧАЁТГАН ЙИГИТ
Инсон зоти ҳаётда доимо орзу-умидлар билан яшайди, уларнинг рўёбига интилади, изланади. Шу интилишлари йўлида касб-кор, мутахассислик эгаллаб, меҳнат қилади. Бироқ ҳаёт тасодифларга тўла ва кутилмаган ҳолатлар одамнинг барча ниятларини чилпарчин қилиши мумкин.
Амударё туманининг Босув маҳалласида туғилиб вояга етган Жасурбек Ўрозбоевнинг ҳам орзулари бисёр эди. Касб-ҳунар коллежини тамомлаб, қурилиш соҳасида фаолиятини давом эттираётган вақтида 2019 йилда кутилмаган бахтсиз ҳодиса уни тўшакка михлаб қўйди. Узоқ ваыт давомида даволанди. Тиббиётда эришилаётган ютуқлар, янги-янги даволаш усулларининг амалиётга жорий этилаётганлиги унинг ҳам дардларига малҳам бўлди. Бироқ асаб толалари жиддий шикастланганлиги туфайли 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолди.
Аслида умримизнинг ҳар бир лаҳзаси – синов. Буни чуқур ҳис қилиб, Яратганнинг ҳукмига шукр қилиш, имкон қадар яхшиликка интилиш ҳақиқий инсонийликдир. Жасурбек Ўрозбоев ҳам ҳаётдан нолиб юрмади, шифокорларнинг маслаҳатларига амал қилган ҳолда соғайишга сидқидилдан интилди, ногирон бўлса-да умрини бемақсад ўтказмаслик учун фойдали иш билан шуғулланишга ҳаракат қила бошлади.
У ишни ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, шу йўлда ўқиб-ўрганишдан бошлади. Шундай қилиб, ўз қўллари билан инкубатор ясаб, жўжа очтириш билан шуғуллана бошлади. Бу билан ҳам чекланмай, қушлар учун қафаслар, балиқ боқиш учун аквариумлар ясашни ҳам ўрганди ва тез орада мижозлари кўпая бошлади.
Асли интилувчан, ўқиб-ўрганишдан тўхтамайдиган йигит Ўзбекистон Ногиронлар жамиятининг туман бўлимига аъзо бўлди ва ўзи каби бахтсиз ҳодисалар туфайли ногирон бўлиб қолган ҳамда туғма ногиронлиги бўлган юртдошларимиз билан яқин ҳамкорлик ўрнатди. Улар билан суҳбатлашиб, ҳаёти билан танишиб, инсоннинг кўнглида яшашга, яратишга иштиёқ бўлса, имконияти чекланган бўлса-да кўп ишларга қодир бўлишини англаб етди ва кўнглида эртаги кунига умидлари яна ҳам юксалди.
Ҳозирги кунда Жасурбек Ўрозбоевнинг фаолияти кўлами яна ҳам ортган. У турли мевали дарахтларни пайвандлаб, иқлим шароитимизга мос ва ҳосилдор дарахтлар кўчатларини ҳам етиштирмоқда. Ўз оиласини имконияти чекланган бўлса-да ҳеч нарсага зориқтирмай, ҳалол меҳнатлари билан боқиб келаяпти. Тинч- осуда тонгларни эзгу ниятлар билан қарши олиб, оиласини, маҳалласини обод ва фаровон гўшага айлантириш иштиёқи билан яшаётган юртдошларимиз корига яраб, улар каби меҳнат қилаётганидан, маҳсулидан эл манфаатдор бўлаётганидан у жуда қувонади. Шунинг билан бирга янада унумлироқ ишлашга, ҳаётда ҳеч кимдан кам бўлмасликка интилади ва бунга эришмоқда ҳам.
Биз жасоратли ва матонатли юртдошимизнинг келгуси ишларига ҳам омад тилаймиз!
Севара Исмоилова, ҚДУ талабаси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶