Жайхун илҳомлари
Унутма
Дунёнинг ишлари доим бир камдир,
Шодлик-ғамни битта қўлда тутмайсан.
Гоҳо дилинг вайрон, кўзларинг намдир,
Шодон кунингни ҳам ҳеч унутмайсан.
Гоҳ тақдир ҳукмидан зорланиб юриб,
Не-не сир-асрордан бўларсан огоҳ.
Умр сўқмоғида суринсанг, туриб,
Ҳаётнинг маъносин англарсан ногоҳ.
Омадинг келганда минг бор суюниб,
Қадрдон дўстларни асло унутма.
Ғафлатда қолганда минг бор куюниб,
Меҳр бермадингми... меҳрни кутма!
Саратон
Ҳеч кимса билмайди олдда не кутар,
Не ғам, ташвиш, кулфат бордир бошида.
Нокаслар таомни ямламай ютар,
Очликдан сулайган бемор қошида.
Ўрозали РЕЙИМОВ.
Синфдошлар
Бир эшикдан кириб-чиқиб шунча йил,
Бир оила фарзандидек бўлганмиз.
Ёрдамни, меҳрни тутмаймиз дариғ,
Чин дугона, дўст-биродар бўлганмиз.
Дўстона рақобат бордир ўртада,
Талашиб, тортишиб, билим оламиз.
Ишонаман, бизлар бир кун, албатта,
Ватанга керакли инсон бўламиз.
Қайноқ қучоғида азиз мактабнинг,
Бахтлимиз, хурсандмиз, куламиз шодон.
Улғайгач, кетсак гар бу остонадан,
Соғиниб қўмсаймиз ҳар лаҳза, ҳар он.
Шаҳло ҚУРОЛОВА, 62-мактаб ўқувчиси.
Борингизга шукур
Дўстларим, ёнимда таянч бўлдингиз.
Ҳар яхши кунимда, ёмон кунимда,
Мен сизларни унутмасман то абад.
Борингизга шукур, қадрдонларим.
Сизлар билан жанжаллашдим неча бор,
Сўнгра меҳр билан яна ярашдим.
Болаликнинг завқин сурдик бетакрор,
Борингизга шукур, қадрдонларим.
Аброрбек Гулмирзаев,
28-сонли мактаб ўқувчиси.
Вирус
(Коронавирусга хитоб)
Кўринмас зарралар сенда ибтидо,
Тинкани қуритиб қилурсан адо.
Ваҳима қўзғатдинг бутун дунёда,
О, нақадар, даҳшат саналдинг, вирус!
Заминни титратиб, йўл олдинг, вирус!
Озмиди беш йиллик уруш азоби,
Сендан тарқалади мудҳиш тўзғоғи.
Ўлимнинг шарпаси, қопқон - тузоғи,
О, нақадар, даҳшат саналдинг, вирус!
Заминни титратиб, йўл олдинг, вирус!
Сени йўқотмоққа шай турар инсон,
Сен билан курашар табиб сонма-сон.
Саналдинг ҳаётга гардишли нуқсон,
О, нақадар, даҳшат саналдинг, вирус!
Заминни титратиб, йўл олдинг, вирус!
Шифокор, олимлар, йўқ қилар сени,
Курашар тинимсиз, даф қилар сени.
Сендан озод айлар, жаҳон халқини,
О, нақадар, даҳшат саналдинг, вирус!
Заминни титратиб, йўл олдинг, вирус!
Ниқоблар тақтирдинг, нафрат қўзғатдинг,
Инсонлар қалбига жароҳат солдинг.
Сен бу кун толиқдинг ва ортга қайтдинг.
О, нақадар, даҳшат саналдинг, вирус!
Заминни титратиб, йўл олдинг, вирус!
Оламдан йўқолиб кетасан, аниқ,
Ёнасан, куясан, тутайсан, аниқ,
Башарни эркига қўярсан, аниқ,
О, нақадар, даҳшат саналдинг, вирус!
Заминни титратиб, йўл олдинг, вирус!
Худойберган ЖУМАМУРОДОВ.
Опа-сингиллар
Баҳор гулларидек ясанган қизлар,
Сочларига гулчамбар таққан юлдузлар.
Бири Зебо, бири Сарви, ошиқ булбуллар,
Бахтимизга соғ бўлинг, опа-сингиллар.
Сизларсиз ҳаётнинг мазмуни, сирли,
Сиз борсиз юрармиз доим ғурурли.
Уйимиз, оиламиз, доимо файзли,
Сизларсиз бахтимиз, опа-сингиллар.
Бир қўлда бешикдир, бир қўлда дунё,
Саранжом, саришта, биллурсиз гўё.
Ибони, ҳаёни қилиб сиз, ошно,
Нурли йўлимизсиз, опа-сингиллар.
Қалбим торларини қилиб зиёда,
Лайли мисол умрингиз бўлгай зиёда.
Шоирлар айтгандек доим ҳаётда,
Севилиб яшанглар, опа-сингиллар.
Муродбой Мадиёров,
51-сонли мактаб ўқитувчиси.
Дўстларга хат
Кечиринглар дўстларим,
Мендек ёмон болани.
Юракка зарба бериб,
Хафа қилдим сизларни.
Ёмон гапирдим Сизга,
Юракка найза санчиб,
Юракни жароҳатлаб,
Юрибман мен азобда.
Азоблайди шу ишим,
Энг ёмон қилган ишим.
Юракларни яралаб,
Тузатолмай юрганим.
Бу юраклар тузалмас.
Баҳодир Солиев,
76-мактаб ўқувчиси.
Бағри кенг дунём
Бағрикенглик Ватани,
Ўзбекистон аталур.
Чунки ҳамма миллатга,
Ўз бағридан жой берур.
Яшар унда миллатлар,
Тинчлик-фаровонликда.
Ўзбек деган номини,
Ёйиб бутун дунёга.
Ўзбек халқи меҳрибон,
Бўлган азал-азалдан.
Келган меҳмон олдига,
Нон қўяди, албатта.
Ватанларнинг шоҳидир,
Жонажон Ўзбекистон.
Барча миллат омондир,
Болажон ва меҳрибон.
Шоҳруҳ ФАЙЗУЛЛАЕВ,
21-мактаб ўқувчиси.
Китоб
Яхши ўқиш бурчимиз,
Китоб – бизнинг кучимиз.
Очар билим эшигин,
Китобдир йўлдошимиз.
Ўргатар ҳикматларни,
Мақол-у эртакларни.
Мағзин чақиб ол, дейди,
Билим олиб қол, дейди.
Шаҳризода Тозабоева,
43-мактаб ўқувчиси.
Ота-онам бўлсин соғ
Ота-онам бўлсин соғ,
Иккиси ҳам меҳрибон.
Отам гўё давлатим,
Онам эса жаннатим.
Ота-онам бўлсин соғ,
Умр кўрсинлар узоқ.
Қилдингиз мени катта,
Бахтим кўринг, албатта.
Жасмина Бекимбетова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶