«ЮСУФ ЭШОН БОБО» ЖОМЪЕ МАСЖИДИДА МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШГА БАҒИШЛАНГАН АКЦИЯ ЎТКАЗИЛДИ
Мамлакатимизда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш борасида изчил ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Бу борада давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб олиниб, шу асосда манзилли равишда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, уларни қайта таъмирлаш ва тиклаш, уларни имкони борича асл кўринишида сақлаб қолишни таъминлаш, мазкур объектларнинг атрофларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, уларни умуминсоний қадриятлар билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Амударё туманида ҳам “Миллий тикланиш” демократик партияси туман Кенгаши ва Амударё туман маданият бўлими ҳамкорлигида туман ҳудудида жойлашган маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, атрофларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, уларнинг асл ҳолатини сақлаб қолган ҳолда тиклаш-таъмирлаш ишларини амалга оширишга қаратилган тадбирлар ўтказилаётгани ўз натижасини бермоқда.
Хусусан, мустақиллик йилларида Амударё тумани ҳудудидаги 9 та маданий мерос объектида қайта тиклаш ва таъмирлаш ишлари бажарилиб, асл ҳолати сақлаб қолинишига эришилди. “Чилпиқ” қалъа қўрғони, “Ҳожи Эшон бобо” зиёратгоҳи, “Тош мадраса” тарихий обидаси, “Назархон Динг минораси”, “Хўжаниёз бий мадрасаси”, “Бес тўбе” каби обидаларда амударёлик тадбиркорлар ва кўнгилли саховатпеша юртдошларимиз, қолаверса, Амударё тумани ҳокимлиги кўмаги билан кенг миқёсли ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Натижада мазкур маданий мерос объектлари халқимиз учун маънавий-маърифий аҳамиятга эга зиёратгоҳларга айланди.
25 апрель куни Ўзбекистон Республикаси “Миллий тикланиш” демократик партияси Амударё туман Кенгаши томонидан яна бир хайрли тадбир амалга оширилди. Манғит шаҳридаги “Юсуф Эшон бобо” жомъе масжидида Амударё тумани ҳудудида мавжуд бўлган барча маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, уларнинг асл қиёфасини сақлаган ҳолда таъмирлаш-тиклаш ишларини бажариш ва ҳар бир маданий мерос объектининг атрофини ободонлаштиришга қаратилган саховат акцияси ўтказилди.
Саховат акцияси тадбирида халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши депутати Ойбек Бегимов, Амударё туман халқ таълими бўлимига қарашли 16-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчилари ва ўқувчилари, “Юсуф Эшон бобо” жомъе масжиди қавми вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Акция доирасида партиянинг Амударё туман Кенгаши масъуллари, халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши депутати Ойбек Бегимов, шунингдек, “Юсуф Эшон бобо” жомъе масжиди масъул диний уламолари ўқувчи-ёшларга мазкур масжид тарихи, Юсуф Эшон бобо ҳаёти ва туманимиздан етишиб чиққан ушбу диний уламонинг эзгу фазилатлари хусусида сўзлаб бердилар.
Шу билан бирга туман ҳудудидаги маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, уларнинг тарихини ўрганиш, миллий маънавиятимизга, халқимиз учун азиз бўлган бебаҳо урф-одат,анъана ва қадриятларимизга ҳурмат ва эътибор кўрсатиш ҳар биримизнинг зиммамиздаги масъулиятли бурч эканлигини таъкидладилар.
Акция давомида “Юсуф Эшон бобо” жомъе масжиди атрофида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари амалга оширилди.
Бўлиб ўтган акция ўқувчи-ёшлар қалбида маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, уларга ҳурмат назари билан қараш туйғуларини уйғотиб, миллий-маънавий қадриятларимизга нисбатан меҳр-муҳаббат ҳиссини янада мустаҳкамлади.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶